Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг илгари сурган ғоялари ҳар хил бўлсада мақсадлари бир хил: тинчлик осойишталикка путур етказиш, бегуноҳ инсонларни ўлдириш ва ўзларининг хокимиятини ўрнатиб ношаръий бойлик орттириш. Ҳозир дунё жамоатчилигини ташвишга солиб турган масалалардан бири ислом ниқоби остидаги ташкилотларнинг нотўғри ғоялари, ислом таълимотига зид бўлган нотўғри ғоялардан бири — халифаликни қайтаришни даъво қиладилар. Бу каби ташкилот ва оқимларнинг хатти-ҳаракати туфайли бугун “жиҳод”, “ҳижрат”, “халифа”, ва “шаҳидлик” каби ислом таълимотида мўътабар бўлган сўзлар янглиш маъно касб этмоқда. Бу сўзларни эшитган бошқа дин вакилларида салбий муносабат, баъзи ҳолларда эса қўрқув пайдо бўлмоқда. Ҳатто мусулмонларнинг ўзида ҳам англашилмовчиликлар юзага келяпти.
Уламолар юқорида саналган тушунчаларни бузғунчи оқимлар талқин этаётган маънодан тамоман узоқ эканини қайта-қайта таъкидламоқдалар. Улар илгари сурган ғояларидан бири халифаликдир. “Халифа” дегани “ўринбосар” деган маънони билдиради. Бу қонхўр кимсалар “Халифалик” деб аслида кимга ўринбосарлик қилишмоқда. Бутун оламларга айни раҳмат бўлиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар бўлишни ният қилмаганликлари аниқдир. Демак, улар ё ер юзида инсонларга ёмонлик, бузуқлик қилишга чорлайдиган шайтоннинг ёки золим бўлган кимсаларнинг ёки кўринмас учинчи қўлнинг ўринбосарлари десак муболаға қилмаган бўламиз.
Халифалик аслида Пайғамбаримиздан (с а в) кейин ўттиз йил давом қилган. Чунки ҳадисда Пайғамбаримиз (с а в) мендан кейин ҳалифаликўттиз йил давом қилади ундан кейин подшоҳлик ва амирлик бўлади деб башорат берганлар. Хазрати Абу Бакр Сиддиқ (р а) икки йил, хазрати Умар (р а) ўн йил, хазрати Усмон (р а) ўн икки йил, хазрати Олий (р а) олти йил ҳалифалик қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с а в) башорат қилган муддатни якунлайдилар. Ундан кейин подшоҳлик ва амирлик бўлиб кетади.
Бузғунчи оқимлар халифага байъат қилмаган мусулмонларни гуноҳкор санаб, уларга итоат этмаган мусулмонлар қони ва молини ҳалол ҳисоблайдилар. Бироқ, “Исломий давлат” деб қилган эълони шаърий нуқтаи назардан тўғри эмас, бу фақат бир ниқобдир холос. Етук олим Қаразовий сўзига кўра, радикал қарашлари билан танилган бир гуруҳ тарафидан “халифа тайин” қилиниши шариат талабларига мувофиқ эмас.Халифа унвонини бир гуруҳ эмас, балки бутун мусулмон уммати бериши керак.
Ж.Ражабов
Шовот тумани “Юсуф Ҳамадоний” масжиди имом ноиби