Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, уни чексиз неъматлар билан ризқлантиргандир. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сураси 18-оятида шундай марҳамат қилинади:
«Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз…»
Баъзи кишилар неъмат сўзини жуда тор маънода тушунадилар. Улар учун неъмат – бу бойлик, улуғ мансаб, шон-шавкат, фарзанд ёки бирор катта орзуйининг ушалиши. Эл-юрт тинчлиги, мусаффо осмон, зилол сув, тан соғлиги каби инсоннинг ҳаётини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларга эса бепарво бўладилар. Гўёки булар ўзи бўлиши керак бўлган табиий нарсалардек. Аслида неъматларнинг энг улуғи шулар эканини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат берадиган ҳар бир нарса борки, инсонга неъмат қилиб берилган мукофотдир. Биз мана шу неъматларни чуқур англаб, қадрига етмоғимиз ва шукур келтирмоғимиз лозим.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан»
Дарҳақиқат, мана шу оддийгина туюлган нарсаларнинг ўзи барчамиз учун энг қимматбаҳо бойлик ва улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло томонидан берилган бу неъматларни қадрига етиш – шукур қилиш ва улардан фақатгина савоб йўлида, фойдали мақсадларда фойдаланиш билан бўлади. Афсуски, ҳозирги кунда ўзига берилган юксак неъматларни, яъни, вақтини, соғлигини, топган мол-мулкини беҳудага сарфлаётган инсонлар ҳам йўқ эмас. Буни ҳозирда авжига чиқаётган дабдабали тўйлар мисолида кўришимиз мумкин. Бир киши фарзандли бўлади, уни едириб-ичиради, кийинтиради, ўқитиб катта қилади ва зиммасидаги вазифаси бўлмиш турмуш қуриши учун бош-қош бўлади. Аммо нима учун мана шу бир кунлик тўйни деб, бор топган мол-мулкини янги ўйлаб топилган ва бирор кишига фойдаси бўлмаган, аслида маънавий ва моддий зарар бўлган одатлар учун сарфлаши керак!? Бошқа бир одам шундай хатога йўл қўйса, уни тўхтатиш ўрнига, мен ҳам сендан қоламанми, деб баъзан гарданига ҳатто катта қарз олиб бўлсада шундай қилишлик аҳмоқлик ва нодонлик эмасми!? Буларнинг бари мақтанчоқлик, мутакаббирлик, исроф, бошқаларга мен ҳам бойман деб кўз-кўз қилишликдан бошқа нарса эмас. Бойлик аслида нима эканлиги қуйидаги ривоятда чиройли тарзда тушунтириб берилган:
Ривоят қилишларича, бир одам камбағаллигидан шикоят қилиб қолади. Шунда унинг дўстларидан бири унга шундай деди:
– Менга қара, ҳозир фақирликдан ҳасрат қиляпсан, сен тилингни менга кесиб бер, эвазига ўн минг динор бераман.
У рози бўлмади. Шунда дўсти яна унга бошқа таклиф айтди:
– Унда икки кўзингни менга сот, ҳаққига ўн минг динор бераман.
У бунга ҳам кўнмади. Шунда дўсти бошқа йўл кўрсатди:
– Оёқ-қўлингни кесиб олайликда, эвазига ўн минг динор берайлик.
Фақирликдан шикоят қилган одам бунга ҳам рози бўлмади. Шунда дўсти:
– Эй инсофсиз, ҳаёсиз, ношукур одам, ўттиз минг динорга тенг сармоянг бўлатуриб яна фақирман, камбағалман, деб зорланиб юришинг тўғрими?-деди.
Аслида ўйлаб қаралса, юқорида ҳадиси шариф ва ривоятда келтирилган нарсаларга эга бўлган киши энг бой инсондир ва бу бойлигини бир кунлик тўйга алмашиш эса катта хатодир. Чунки, беҳуда орзу-ҳавасни деб оиласидаги тинчлигидан, қарз тўлайман деб соғлигидан, хотиржамлигидан, бор мол-мулкидан ажралиб, болаларининг бахтига эмас, Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъматлардан маҳрум бўлишга эришади, холос! Бу жиҳатлар барчамизни тафаккур қилишга ундаб, нотўғри йўл тутаётганларга эргашмасдан, уларни ҳам тўғри йўлга бошлашга ундаш лозим. Шайх Саъдийнинг “Гулистон” асарида шундай дейилади, — мен ҳеч қачон давр жабр-жафосидан шикоят қилмаган эдим, лекин бир марта нолидим. Ўшанда оёқяланг қолиб, ковуш сотиб олишга ҳам қодир эмасдим. Қаттиқ ўксиниб юрган кунларимнинг бирида пешин намозини ўқиш учун Куфа шаҳридаги Жомеъ масжидига кирдим ва у ерда оёқлари йўқ бир одамнинг тахорат олаётганига кўзим тушди. У шу холда лаблари пичирлаб АЛЛОҲга сажда қиларди. Шунда мен ношукур банда ўзимдан ҳаё қилдим, шукур қилишим лозимлигини тушунганим ҳолда ковушсизлигимга ҳам сабр этдим. Биз-чи? Бизлар ҳар бир ўтаётган кунимизга шукур қилиб яшаяпмизми? Ҳа, бугун бизлар инсонийликнинг энг гўзал сифатларидан бўлган ШУКУР қилиш тушунчасини унутгандаймиз. Тўғрими? Бўлмаса, сизга ҳам таниш бўлган бир манзарани кўз олдингизга келтириб кўринг. Атрофимизда мерос талашиб ёқавайрон бўлаётган ака-укалар озми? Муштипаргина онасини йўлга зор қаратиб қўйганлар-чи? Хаста отасини шифоси учун вақт тополмаётганларга нима дейсиз? Меҳрга зор бўлган ғарибгина сингилларини йўқлашни унутганларга-чи? Хою-хавас кетидан қувиб тинчгина ўтаётган кунига шукур қилмаётганлар орамизда йўқ дейсизми? Бойлик, мансаб кўзларини кўр қилгани ҳолда оддий инсонийликни ҳам манфаатга айлантирганларга-чи? Ҳа, бизлар энг аввало оёқларимизни юриб, кўзларимиз кўриб, юрагимиз уриб тургани учун ҳам шукур қилмоғимиз лозим эмасмикан? Яна кимларгадир керак эканлигинг, сен учун қайғурувчи кимсаларнинг борлиги, умринг давоми зурриёдинг изларингни босаётгани учун ҳам шукур қилмоқ керак эмасми? Ҳар тонг қуёшнинг заррин нурларини сочишини томоша қилиш, табиатнинг илхомбахш тароватидан рохат олиш, оқшом ўтган кунни сарҳисоб қилишга имкон бўлаётгани учун ҳам шукур қилиш даркор эмасмикан? Тўғри даврнинг шиддаткор оқими бугун бизларни ўз ўзанига тортиб кетган. Рўзғор деб аталмиш юҳонинг кўринмас иплари бизларни шу қадар боғлаб ташлаганки, атрофга боқиб ҳамма нарса ғанимат эканлигини тушуниб етиш, борига шукур қила билиш зарурлигини, агар астойдил интилса эрта бугундан, яхшироқ бўлишини ҳам хис қилмай яшайверамиз. Аслида эса бахтсизликнинг боши ШУКУР қилишни билмаслигимизда кўпроқ аён бўларкан.Ношукур бир банда туш кўрибди. Тушида бир киши уни қўлидан ушлаб етаклаганча, нотаниш уйга олиб кирибди. Уйнинг шифтидан тўхтовсиз чакки ўтаётган экан. “Эй биродар, нима, бу уйнинг эгаси шу қадар қашшоқми? Ҳатто чакки ўтаётган шифтни ҳам таъмирламабди?” – ношукур киши йўлбошчисидан аста сўрабди. Ҳамроҳи жавоб берибди: “Йўқ, бу Худонинг бандаларига нозил қилаётган ризқ- насибаси. Уни осонроқ тушунишинг учун сенга мана шу тарзда кўрсатиляпти. Ана, қара, бир жойдан кўпроқ, бир жойдан камроқ сув тушяпти. Челаклаб тушаётгани ўзига тўқники, томчилаб тушаётгани эса камбағалники”. “Бу ерда менинг ҳам ризқим тушаётган тешик борми?” – сўради ношукур. “Ҳа”, жавоб берди йўлбошчи ва томчи бир томиб, бир тўхтаб тушаётган жойни кўрсатди. “Бу томчини кўпайтиришнинг иложи йўқми?” кайфияти тушиб кетган ношукур аччиқланиб сўради. “Бор, бунинг учун шукур килиш керак”, деди ҳамроҳи бунга жавобан. “Э-э-э, йўқ, яхшиси тешикни катталаштириш керак”, деб ношукур банда ердан чўп олиб, тешикни ковлашга тушди. Тўсатдан чўп ризқ томаётган тешикка тиқилиб, синди ва томаётган бир томчи сув ҳам тўхтаб қолди.Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо Ўзи берган неъматларнинг қадрига етувчи ва ҳар бир ишда идрок билан йўл тутувчи закий бандаларидан қилсин!
Х.Матякубов
Хонқа тумани бош имом-хатиби