Биз шундай замонда яшаяпмизки, бирор кунимизни интернетсиз ўтказа олмаймиз. Бир кун кирмасак, худди бирор нарсамизни йўқотиб қўйгандекмиз. Кимдир янгилик олиш мақсадида, кимдир ахборот улашиш мақсадида, кимдир илм олиш мақсадида, кимдир ўйин ўйнаш мақсадида, кимдир беҳаёликлардан нафсини қондириш мақсадида, кимдир шунчаки, бекорчиликдан вақтини ўтказиш мақсадида, кимдир кино кўриш мақсадида, кимдир керакли дастурларни юклаш мақсадида, кимдир бойлик орттириш мақсадида, кимдир кимнидир алдаш мақсадида, кимдир бизнесини ривожлантириш мақсадида, кимдир нимадир сотиб олиш мақсадида ва ҳакозалар учун интернетдан фойдаланади…
Интернетни шамолга қиёслаш мумкин. Деразани очиб қўйсангиз, тоза ҳаво киради. Шу билан бирга, чанг тўзон ҳам, турли ҳашаротлар ҳам кириб олиши шубҳадан холи эмас. Ундан нимани ахтарсангиз, топишингиз мумкин, фақат шуниси борки, топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими, зарарсиз эканини билиш учун инсонга онг ва тафаккур, билиму маърифат керак. Яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган кўплаб маълумот-хабарларни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.
Интернет хуружлари ҳақида гапирганда, энг аввало ғоявий, мафкуравий, ахборий, психологик, сиёсий, ҳарбий, иқтисодий хуружларни эслаш лозим. Чунки ХХI аср ахборот асридир. Биргина ахборот (ёлғон, бузғунчи ёки тузоқли) билан бутун бир давлат ичида ёки халқлар, миллатлар орасида, кишилар орасида ёҳуд давлатлараро, қитъалараро турли низолар, келишмовчиликлар, ҳатто қонли урушлар келтириб чиқариш мумкин.
Дастлабки ўринда диний бузғунчилик хуружлари ҳақида гапириш ўринли бўлади. Бу ўринда инсонларни диндан чиқариш, динсизлик, бошқа динларга тарғиб, диний экстремизм ва террочиликка даъват каби масалаларни келтириш мумкин. Бу хуруж ҳозирги кундаги энг қўрқинчли хуружлардан бўлиб, унинг оқибатларини ёзишга эҳтиёж бўлмаса керак, чунки ҳар куни дунёнинг қайсидир ерида инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган кудхушликларни эсламасликнинг иложи йўқ.
Ундан ташқари ёшлар тарбиясини бузишга қаратилган беҳаёлик, зўравонлик, бепарволик, дангасалик ва шу каби бошқа салбий жиҳатларга ундовчи хуружлар ҳақида гапирилади. Бу хуружлар ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг бузилишига, унинг оқибатида эса бутун бир халқ, миллат, жамиятнинг бузилишига, турли фисқ-фасод, фитналар ёйилишига, ўғриликлар, йўлтўсарликлар, боқимандаликлар, фаҳш ишлари кўпайишига олиб келади.
Биз ҳар биримиз ушбу турли фитналарга алданиб қолмаслигимиз учун ўзимизда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантиришимиз, турли фитналарга қарши ғоявий иммунитетимизни мустаҳкамлашимиз даркор, акс ҳолда биринчи қарашда ҳеч қандай таҳдид йўқдек кўринган мафтункор сайтлар, рекламалар, блогларга кириб қолиб, қўрқинчли оқибатлар юзага келиб қолиши мумкин.
Хулоса шуки, интернет бу жоҳил учун жаҳолат, жиноятчи учун жиноят, зоний учун зино, судхўр учун рибо, ўғри учун ўғрилик, тўғри учун тўғрилик, толиби илм учун илм, олим учун зиё, золим учун зулм, адашган учун разолат, мунажжим учун башорат манбаидир. Хулоса чиқариш ўзингиздан.
О.Рўзметов
Боғот тумани “Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби