ГИЁҲВАНДЛИК ЖАМИЯТНИ КЕМИРУВЧИ ИЛЛАТДИР

Барчаларимизга яхши маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари Ислом таълимотида ҳам ҳаромдир.  Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломида ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида батафсил баён қилиб берганлар. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!…”

Тарихий маълумотларга кўра, милодий ўн биринчи асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг (афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мабтало бўлишди”, деб ёзган. Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши  билан баробардир.  Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. БМТ Қарорига биноан 1 мартни Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Гиёҳвандлик – бу бангиликдир. Бу оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истемол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, — деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик, деб баралла айта оламиз. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, — деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан  бу ҳақда яна бошқа шундай ҳадис бор: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Гиёҳвандлик – ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир жиноий ишларнинг ҳам келиб чиқиши ва кўпайишига ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган бангиликни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак. Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, — дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим.

Саидов Муҳаммадамин

Урганч тумани Жонхарош бобо масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *