Ислом дини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраб-авайлашга даъват қилади. Айниқса, муқаддас динимизда экин экиш савобли амаллиги, қаровсиз ерларни обод қилишга улкан ажру мукофот берилиши ваъда қилинган.
Таъкидлаш жоизки, динимиз табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Нафас олиб турган жон, тирик организм борки, унга азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 56-оят).
Ислом кўчат ўтқазишга, экин-тикин ишларига доимо тарғиб қилади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дейилган (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Аллоҳга лозим бўлди”, деган жумла мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди, деганидир.
Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қайси бир мусулмон бирор дарахт ёҳуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бунинг учун унга ажру савоб ато этилур» — деб марҳамат қилдилар».
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилган.
Бу ҳадислар кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Айни кунларда ушбу ташаббус юртимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда кенг кўламда амалга оширилиб, имом хатиблар томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Мухтасар айтганда, бугун юртимиз бўйлаб барча соха вакиллари томонидан амалга оширилаётган шундай хайрли ишларга ҳар бир инсон камарбаста бўлиши фаровон келажагимиз кафолатидир. Бундай хайрли ишларда фаол бўлиб, хонадонларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз боғу бўстонга айланади.
У.Бабажанов
Урганч туман “Шоликор” масжиди имом-хатиби