ИСТИҚЛОЛ – БОБОЛАРИМИЗ ОРЗУСИ

Аллоҳ Таолога беадад шукрлар бўлсинким, мана 26 йилдирки тинчлик-осойишталик, мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва ҳасратда дунёдан ўтиб кетишди.

Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар.

Мустақиллик йилларида диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни таъминлашда олиб борилган изчил тадбирлар натижасида алҳамдулиллоҳ, бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари, 16 та диний конфеция, 2200 дан ортиқ диний ташкилотларнинг диний бағрикенглик асосларига риоя қилган ҳолда ўзаро тинч-тотувликда умргузаронлик қилаётгани сўзларимизнинг яққол далилидир.

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ўзи назар солиб турган бу жаннатмакон диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ неъматнинг қадрига етиш, ватаннинг корига яраш, шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир, азизлар. Зеро, биз ўз фарзандларимизга ҳамма нарсанинг энг афзалини, яхшисини илинамиз. Унутмайликки, барча ютуқлар ва яхшиликлар тинчлик, осудалик бўлсагина қўлга киритилади. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Шунинг учун барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик.

Янгиариқ тумани Шайх Жалолиддин Румий

 масжиди имом хатиби

Х.Худойназаров

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *