Ислом динида давлат раҳбарининг ўрни катта аҳамиятга эга. Раҳбарнинг фаолиятига нисбатан унинг қўл остидаги фуқаро ва ушбу мамлакат худудида истиқомат қилувчи аҳоли инсонга берилган ақл ҳамда танлов ҳуқуқига асосан танқидийми, мақтовлими ёки мўътадил қарашларга эга бўлади. Жамиятда ҳар хил нуқтаи назарлар билан бирга раҳбарга нисбатан ҳар ҳил қарашлар бўлиши табиий.
Раҳбарга қарши чиқиш ихтилофини хорижийлар бошлаб берган бўлиб, бу уларнинг зарур ақидавий қарашларидан бири саналади. Хорижийларнинг фикрига кўра, раҳбар киши уларнинг кўрсатмаларига (ўзлари ишлаб чиққан) асосан инсонлар орасидаги ноҳақликка адолат билан кураш олиб борган шахс хисобланади. Улар бундай имомга қарши чиққанларга нисбатан кураш олиб борганлар. Агар ушбу раҳбар танланган йўлга хилоф қилиб, адолатдан чекинса, уни амалидан ағдариш ёки ўлдириш хорижийларнинг эътикодларидан бўлган.
Табиийки, хорижийлар хукуматдаги сиёсий мақсадларига етишиш учун ўзлари талаб қилаётган воситаларда ҳам бўлиниб кетганлар. Ғоявий бўлиниш улар ўртасидаги кучли ихтилофга сабаб бўлган. Бу ғоявий — сиёсий ихтилоф бўлишига қарамай, у диндаги ақидавий келишмовчилик ҳам хисобланади. Натижада улар сиёсат билан динни қориштириб, ҳукум ва эътиқодни аралаштириб ташладилар.
Раҳбарларга қарши чиқиш мавзусида Абу Жаъфар Таҳовий ҳам ўз фикрларини билдирган: “Имомларимиз ва ишбоши (раҳбар) ларимизга, гарчи зулм қилсалар ҳам, хуруж қилиш (қарши чиқиш, итоат қилмаслик) ни ёқламаймиз. Уларнинг ҳаққига дуоибат (ёмон дуо) қилмаймиз. Уларга итоат қилишдан бош тортмаймиз. Модомики, маъсиятга буюрмасалар, уларга итоат қилишни Аллоҳ таоло буюрганлиги жиҳатидан фарз деб биламиз. Уларнинг ҳақларига салоҳият ва афв сўраб дуо қиламиз”, дейди.
Садриддин Адулизз Ҳанафий Таҳовийнинг раҳбарларга қарши чиқиб бўлмаслик ҳақидаги жумласини шарҳлар экан, Қуръони каримдан: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз” (Нисо сураси, 59) оятини далил келтириб, жамиятда давлат бошига нечоғли муҳим ўрин ажратилганини кўрсатишга ҳаракат қилади. Олим бу оятни Пайғамбар (с.а.в) нинг: “Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат қилса, менга итоат қилибди. Ким амирга осийлик қилса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий) ҳадиси билан қувватлайди.
Шубҳасиз, раҳбарга салохият сураб дуо қилиш уммат учун дуо қилиш демакдир. Чунки раҳбар яхши бўлса, халқ ҳам яхши бўлади.
Демак, ҳозирги кунда умумжаҳон глобализация даврида, дунёнинг турли бурчакларида давлат раҳбарларига қарши чиқиш оқибатида ноҳақ қон тўкилиши, шаҳарларнинг вайрон этилиши, гуллаб – яшнаш, иқтисод ва ривожланишнинг тўхтаб, ўн йилларга ортга сурилиб кетаётган бир даврда тинчликни сақлаб қолиб уни қадрлаш қахрамонликка тенг бўлиб қолмоқда. Албатта, тинчликнинг қадрига етишда, мусулмонлар раҳбарларига қандай муносабатда бўлишни Таҳовий рисоласида келган жумлалардан ўрганиб, ҳаётга татбиқ қилиш катта меҳнат талаб қилмайди.
Р.Отажонов
Янгиариқ тумани бош имом-хатиби