ЗЕҲННИ КУЧАЙТИРИШ

Илм толибига энг зарури фаҳм-фаросат ва ўткир зеҳндир. Аллоҳ таоло инсон фаҳму фаросати ва зеҳнини кучайтиришни бир қанча сабабларга боғлаб қўйган. Илм толиби энг олдин қалбини тоза тутиши ва ўз устида мунтазам ишлашни канда қилмаслиги керак. Таомни бир оз камайтириш, кечалари ибодатда бўлиш, Қуръони каримни китобга қараб ўқиш зеҳнни кучайтиради.
Уламолар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларидан келиб чиқиб, инсон зеҳни ва фаҳму фаросатини орттирадиган асосий омил Қуръони каримга қараб ўқиш деб башорат беришган. Чунки Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Умматимнинг энг устун амали Қуръони каримни унга қараб тиловат қилишларидир”, деганлар. Китобга қараб ўқиган одам шошилмайди, ояти карималар маъноларини яхшироқ тафаккур қилишга имкон бўлади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га кўп саловот айтиш ҳам зеҳн кучайишига сабаб бўлади. Чунки Ҳақ таоло ул зотни оламларга раҳмат қилиб юборган.
-Тишларни тозалаб юриш, оғизни сасишдан сақлаш ҳам зеҳнни чархлайди. Асал еб туриш, ёнғоқни шакар билан аралаштириб ейиш ҳамда ҳар куни бир сиқимча қора майиз еб туриш зеҳннинг ўткир бўлишига ёрдам беради.
-Оғиздаги нам ва балғамни нима камайтириб йўқотса, у зеҳнни ўткир қилади. Балғам унутиш касалини кучайтиради.
-Гуноҳ ишлар, бепарволик ҳам зеҳнни пасайтиради.
Талаба доим кичик дафтарча ва қалам олиб юриши керак. Шунда эшитган ҳар бир зарур маълумотни дарҳол ёзиб олиш имконияти бўлади. Доноларнинг:
“Кимнинг чўнтагида дафтар юрмас.
Қалбига ҳикмат кирмас”,
дейишгани бежиз эмас.
Вақтингизни кетказманг, ҳар ғанимат нафасингизги илм билан бойитинг. Зеро, илм Аллоҳнинг фарзи ва камолот калитидир.

Ҳасанбой Худойназаров
Шайх Жалолиддин Румий масжиди имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *