Диний – экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади – «халифалик» ёки «ислом амирлиги» тузиш шиори остида ҳокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтишмайди. Аввало, аҳолига ҳанафийлик мазҳабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий – сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли орасида қўрқув, парокандалик, давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакиллантириш ҳамда Республика раҳбарияти томонидан дин соҳасида олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларига бўйсиндирилган фаолият олиб боришга ҳаракат қилишади. Уларнинг асосий фаолият услублари экстремистик руҳдаги адабиётлар, видео ва аудио тасмаларни тарқатиш, яширин гуруҳлар тузиш, ўз аъзоларини давлат тизилмаларига киритишга интилиш, мавжуд ижтимоий – сиёсий воқеаликни кескин қоралаш, давлат ва диний идора вакилликларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга террористик ҳаракатларни ўтказишдан иборат.
Минг афсуслар бўлсинким, ақидапараст оқим ва гуруҳларнинг ёвуз фаолияти туфайли, дунёнинг турли нуқталарида минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қони тўкилмоқда.
Диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг пешволари биринчи навбатда ёшларимиз орасига кириб олишга, уларнинг энди шаклланаётган онги, тасаввурини ўзларининг ботил ва ёвуз йўлларига солишга интилишади. Бу мақсад йўлида ҳеч нарсадан тойишмайди. Турмушнинг кичик муаммоларини дастак қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш орқали ўз йўлига тортиш синалган усуллардан бири.
Ёки қадим қадриятлар, мустаҳкам ақидаларни бузиш, уларни бошқача талқинга солиш ҳам кўп қўлланиладиган усуллардан бири.
Ақидапараст оқимлар биринчи навбатда келажагимиз бўлмиш ёшларга кўз тикишлари бежиз эмас. Бугунги ёшлар эртанги кунимизни, тараққиётини белгилаб берувчи кучдир.
Динимизда тарбияга алоҳида ўрин берилиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас», — деб марҳамат қилганлар. Фарзандларимизнинг фаол, ватанпарвар ёшларга айланиши кўп жиҳатдан ота-онага боғлик. Халқимизнинг “Қуш уясида кўрганини қилади” мақоли бежиз айтилмаган.
Бу борада нафақат ота-она маҳалла-кўй, ўқув даргоҳлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида иш олиб боришлари даркор. Ёшларимизни нотаниш, мақсади ёвуз бўлган даъватчилардан асраш лозим. Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарлашга қаратилган ғоялардан қатъият билан ҳимоя қилсаккина, ҳар қандай ғаразгўй кучлар юртимиз мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди.
Ф.Матякубов
Хонқа тумани “Бобо Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби