ОЛИЙ МИНБАРДАГИ МАРДОНАВОР НУТҚ

Буюк йўлбошчимизнинг қисқа фурсатда катта ишларни амалга оширгани, ички ва ташқи сиёсатда салмоқли ишларни йўлга қўйгани айни ҳақиқатдир. Олий минбардан туриб маъруза қилиш, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган муаммоларга тўхталиши, дунё ҳамжамиятини бирлашишга, тинчликни сақлашга чорлаши барчамизни тўлқинлантирди, бошимизда мустаҳкам иродали, мард ва жасур юртбошимиз турганига яна бир бор амин бўлдик. БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий минбардан туриб бутун дунёга қилган мурожаатини дилда қувонч билан тингладик.
Президентимиз дунё бўйлаб жамият манфаатлари ортга сурилиб, кўпроқ шахсий мақсадлар сари ҳаракат қилиш авжига чиққан паллада «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» дея, бугунги куннинг кўплаб муаммолари ечими қайси тарафда эканига ишора қилиб ўтди.
Исломофобия кучайиб, мусулмонларга нисбатан салбий муносабат ортиб бораётган вазиятда, экстремизмга қарши фақат қурол билан курашиш етарли натижа бермаслиги, оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш лозимлиги, бу борада Ўзбекистонда изчил ишлар олиб борилаётгани айтилганда балки баъзилар бунинг моҳиятини аниқ англаб етмагандир. Лекин экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бу иллатнинг қайта урчимаслиги учун асосий омил бўлишини юртимиз мисолида дунё оммаси ўзига дастуруламал қилиб олади, деган умиддамиз.
Кейинги йилларда жаҳондаги террорчилик хуружининг кучайиши терроризм билан курашишда асосан куч ишлатиш усулларини қўлланиши ўзини оқламаётганлигидан далолат беради. Шу сабабли инсонларнинг, аввало ёшларнинг ақл-идроки учун курашиш энг муҳим вазифа ҳисобланиши таъкидланди. Шу ўринда глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Президентининг ташаббуси айтиб ўтилди.
Тадбир иштирокчиларига Ислом асл гуманитар моҳиятининг муҳим аҳамиятини кенг жаҳон ҳамжамиятига етказишга Ўзбекистон томони алоҳида эътибор қаратиши тўғрисида маълумот берилди. Исломнинг бой меросини сақлаш ва ўрганиш, муқаддас Ислом тўғрисидаги таълимотни тарқатиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилаётгани ва ушбу марказнинг Тошкент шаҳрида яратилаётган Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кўмак бериши маълум қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбарининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги Бош Ассамблея махсус қарорини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси айтиб ўтилди.
Президентимиз нутқида алоҳида эътибор берилган масалалардан яна бири – Ислом маърифати масаласи бўлди. Юртбошимиз нуфузли минбардан туриб Ислом дини борасида пухта илмга эга бўлмасдан, бу дин ҳақида хулоса чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтар эканлар, инсонларни Ислом дини билан таништиришнинг оқилона йўлларини, таъсирчан усулларини топиш зарурлигига алоҳида урғу бердилар:
“Бугунги сессия иштирокчиларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилмоқчиман. Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат”.
Ислом дини тинчлик дини экани, унга хунрезликларнинг асоси, экстремизмнинг омили сифатида қарашни тўхтатишга чақирар экан, давлатимиз раҳбари: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея динимизга нисбатан салбий муносабат юритиш мантиқсизлик эканини таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан дунё ҳамжамияти шуни англадики, Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги босқичига чиққан. Ёшларнинг онги, маърифатини, салоҳиятини ўстириш ишларини муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари асосида олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу юртнинг ривожланишидаги асосий тутган йўли ва ўз навбатида ўта натижа берадиган танловдир.
Токи, инсонлар қалбидан маърифат, ўзаро ишонч, дўстлик туйғулари жой олмас экан, моддиятнинг қай даражадаги ривожланиш босқичига етилмасин, инсоният бир куни таназзулга учраши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақида олис-яқин ўтмиш ҳамиша бизни огоҳлантириб келади. Ушбу ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон Президенти олий минбардан туриб БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди. Кун сайин ортиб бораётган саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда ушбу ва шунга ўхшаш битимлар, келишувларга дунё аҳли муҳтож экани англатиб қўйилди.
Муҳтарам Президентимизнинг ушбу оламшумул нутқ ва мурожаатларидан хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий, қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймайди. Бу борада аввало, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.

Х. Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *