ҲАДИС КИТОБЛАРИНИ РАСМИЙ РАВИШДА ЁЗИБ БОШЛАНИШИ

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида, тўрт халифалар даврида, то юзинчи ҳижрий санагача ҳадиси шарифларни ёзиб қўйиш расмий равишда йўлга қўйилмаган. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан Қуръондан бошқани ёзманглар», деганлар. Шунинг учун расмий равишда Қуръони каримни ёзишга алоҳида эътибор берилган. Аммо бу, ҳадис умуман ёзилган эмас, деган маънони ифода этмайди. Кишилар хусусий равишда ўзлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёзиб юришган.

Аммо ёзганлар ҳам, ёзмаганлар ҳам ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билар эдилар. Бирорта ҳадисни аниқлаш учун ҳар қанча оғир меҳнатдан, узоқ сафардан ҳам қочмас эдилар.

Саҳобалар нафақат ҳадисларни ўрганишни, балки ўргатишни ҳам ўз бурчлари, деб билар эдилар. Чунки Ислом таълимоти, Пайғамбар сол- лаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари шу эди.

Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг гапимни эшитиб, ёд олиб, сингдириб сўнгра эшитганидек қилиб адо этган одамни Аллоҳ неъматлантирсин», деганлар.

Имом Ибн Абдул Барр Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингиз! Сиздан ҳозир бўлганлар ғойибларга етказсин», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

«Ким илмни беркитса, оловдан бўлган юган билан юганланади», деганлар.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билган саҳобалар уларни бошқаларга етказишга астойдил ҳаракат этар эдилар. Шу билан бирга, улар ўта аниқлик билан ривоят қилаётганларига ишончлари комил бўлсагина бу ишга журъат этар эдилар. Акс ҳолда, ҳадис ривоят қилишдан ўзларини тияр эдилар.

Ҳазрати Усмон даврларида Қуръони карим мусҳафларга ёзиб, улардан расмий нусхалар кўчириш ҳам илмий асосда йўлга қўйилди. Энди ҳадисларни расмий равишда ёзиб, эҳтимом беришни давлат сиёсатига айлантириш давр талаби бўлиб қолган эди.

Мана шу ишни тобеъинлар амалга ошира бошладилар. Чунки тобеъинлар – саҳобаларни кўрган мусулмонлар авлоди бўлиб, ичида бу ишга лаёқатли кишилар кўп эди. Улар саҳобаи киромларнинг мухлис ва вафодор шогирдлари сифатида улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тўлалигича, соф ҳолида қабул қилиб олган эдилар. Тобеъинлар ичида Саъид ибн Мусаййиб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Қатода, Товус, Ҳасан Басрий, Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий каби кишилар улкан муҳаддислар сифатида машҳур бўлганлар.

Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Бу муборак ва масъулиятли вазифага алоҳида ҳимматли уламолар бел боғлаб, енг шимариб ишга тушдилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ишончли, адолатли ривоятлардан олишни, Суннати набавийя пок, соф эканлигини исбот этишни ўзларига вазифа қилиб қўйдилар. Шу билан бирга, улар сохта ҳадислар ва уларни тўқиганларни фош қилишни ҳам кўзлаб, иш олиб бордилар. Улар бу мақсадга эришиш йўлида инсоният тарихида мисли кўрилмаган улкан ва нозик, ишончли ва покиза илмий иш олиб бордилар.

Муҳаддис уламоларимизнинг бу илмий жасоратлари бир неча илмларга асос бўлди. Жумладан, бугунги кунда бутун дунёда умуминсоний илмлар деб аталаётган илмларга асос солинди. Ҳадиснинг ҳақиқийлигини, унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлганлигини исбот қилиш учун у бир қанча синовлардан ўтиши зарур экани шарт қилиб қўйилди.

Ислом дини кўплаб ўлкаларга етиб борганидан кейин, ҳадислар оммавий равишда ҳаётий эҳтиёжга айлана бошла­ди, жадаллик билан ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларига кира бошлади. Ҳадисларга таяниб иш тутиш одатга айланди. Бу давр ўз навбатида бир қатор муаммоларни ҳам юзага келтирди. Улардан энг асосийси ҳадисларнинг тўғри ёки ноқислиги, уларнинг ровийси-ю иснодига эътибор бермасдан ҳаётга татбиқ килиш кенг тус олди Мана шундай шароитда бир гуруҳ уламолар ҳадисларни бузмасдан, асл ҳолида ишлатиш борасида услублар ва тартиботларни излай бошладилар. Ёзув қуроллари кўпайди, китобат учун шарт-шароит яхшиланди, шу аснода араблар ва мусулмонлар бошқа элатлару миллатлар билан алоқа ўрнатиб, маърифий тажриба орттиргач, ҳадислар буйича махсус китоблар яратиш анча енгиллашди. Олдинги асрлардаги чалкашликлар Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларини саҳобалар қавл(сўз)лари ёки тобеъинлар чиқарган фатволар билан аралаштириб юбориш ҳолларига чек қуйилди. Фақат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларини ўз ичига олган алоҳида китоблар ёзишга киришилди.

 

М.Курбанбаев
Гурлан тумани “Шайх Жалолиддин Гургоний бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.