ЁШЛАРНИ ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА ҲУНАРГА ЎРГАТАЙЛИК

Маълумки илм олиш динимизниг талаби.У орқали дунёмиз обод бўлади,у орқали охиратимиз обод бўлади.Жамият ва давлат у сабабли ҳар тарафлама гуллаб яшнайди.Илм дунёда азизлик охиратда шарафдир.

Жахолат эса илмнинг акси бўлиб,инсон шу ҳолатига рози бўлса,қолоқлик ва хорликка маҳкум бўлади.Энг ачинарлиси жохил инсон ўзи ҳақ нарсани билмаса ҳам олимликни даво қилса,жамиятга ва динга катта зарар келтиради.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Маълумки, жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси – китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб –ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир” деганлар.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.

Шафиқ Ал-Балхий айтадилар: Биз одатда масжиддан чиқиб, бир ерга тўпланиб, гаплашиб утирар эдик. Аммо, Абдуллоҳ Ибн Муборак биз билан масжиддан чиқсада, суҳбатимизга қўшилмай кетар эди. Биз ундан: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Бизҳайрон бўлдик, улар вафот этиб кетишган бўлса, қандай қилиб улар билан утиради? ҳайрон бўлиб “Саҳобалар қаерда экан?”, – деб, яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар”.

Ҳасан Ал-Луълуий айтадилар: “Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.

Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.

Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгига китоб солиш учун кенг қилиб тиктирар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга  китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.

Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай ёзади: “Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.

Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.

Хулоса қилиб йтадиган бўлсак, аждодларимиз нима ютуқ ва улуғликка эришган бўлсалар илм-маърифат билан эришганлар. Шундай экан, ўзимиз ва фарзандларимизни ҳам китоб ўқишга ўргатайлик, бўш вақтларимизни китоб ўқиш, илм-маърифат ҳосил қилиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби фойдали ишлар билан утказайлик. Унутмайликки, келажак авлодларнинг фаровон ҳаёт кечириши бугун олинаётган илм ва ҳунарга боғлиқдир

Э.Отажонов

Боғот тумани “Толли бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *