Ер юзида тинчлик, осойишталик ва кишилар ўртасида ишонч ришталарини таъминловчи асосий омиллардан бири савдодир. Унинг тартиб-қоидаларига риоя қилган жамиятда фаровонлик ва барака ёғилади.
Савдо мол айирбошлаш бўлиши билан бирга кишилар ахлоқини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Савдода кишиларнинг тўғри сўзлиги, ваъдага вафодорлиги, омонатга содиқлиги каби кўплаб ахлоқий фазилатлар намоён бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини ҳам бошқа жонзотлариники каби азалдан белгилаб қўйган. Фақатгина инсон мавжудотлар ичида ақлли бўлгани учун касб-кор қилиб ризқини ҳалолдан топиб умр ўтказишга буюрилган. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида шундай буюрган: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро, розилик асосидаги тижорат бўлса у бундан мустасно”.
“Савдо” сўзи арабчада “байъ” дейилиб, луғатда “ўзаро бир нарсани алмаштириш” маъносини англатади.
Шариатда эса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилишга “байъ” деб аталади. Умуман олганда савдо сўзи “тижорат” сўзидан кўра бозор иқтисоди деган сўз маъносига яқинрокдир.
Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром килди. Чунки, тижоратда фойда кўриш ҳам, куйиб қолиш ҳам эҳтимоли бор. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Харажат килиб одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Тижорат ҳалол меҳнатдир.
Тожир меҳнат қилиб, молу-пулини ишга солиб ишлаб чиқарувчи ва харидор орасида восита бўлади. Бу вазифани бажариш учун орада анчагина хизматларни адо қилади. Энг муҳим омиллардан бири — тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Харидор рози бўлмаса, олиш ёки олмаслиги мумкин. Судхўрчи? У ҳеч нарса қилмай жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъий назар фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йуқ. Бу ва шунга бошқа бир қанча сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.
Манбаларда, пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом, Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлари, халифалардан эса, ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анху савдогарлик билан шуғулланганлари келтирилади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анху дедилар: «Эй камбағаллар жамоаси! Бошларингни кўтаринглар ва савдогарлик килинглар, албатта, йўл кушодадир ва одамларга муҳтож бўладиган фақир бўлманглар ». У зот яна бундай деганлар: «Динда фақиҳ бўлмаган, савдо қонун — қоидаларини билмаган киши бозорда савдо қилмасин ё ўзига ёки ўзгага зарар қилади».
Рифоа (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар : “Ростгуй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”. Уламоларимиз тижорат, зироат ва саноат ичидаги энг афзал касб – тижорат эканини айтишган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қачон сотса, қачон сотиб олса ва қачон ҳақини талаб қилганда карамли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар. Баъзи ҳукамолар: “Агар савдогарда уч иллат бўлса, икки дунёда муҳтож бўлади:
Тили ёлғон, бадхулқлик, хиёнат ва қасамдан пок бўлмаса;
Дили бадхулқлик, хиёнат ва ҳасаддан пок бўлмаса;
Барча ибодатларида ҳамда илм ўрганишда мақсади Аллоҳ таолонинг розилигини топиш бўлмаса” деган эканлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анху дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир».
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Савдогарлик қилинглар, зеро, инсон ризқлари 10 қисм бўлиб, 9 қисми савдогарликда, яъни олди — сотдидадир», деганлар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.а) тижоратни дин ва илмга хизмат қилдирар эдилар. Фойдасини муҳтожларга улашардилар. Хатиб Боғдодий айтишича, Имоми Аъзам (р.а) йиллик фойдаларини ҳисоблар ва атрофидаги илм аҳлига, талабаларга тарқатар эди. Уларга: “Буни эҳтиёжингиз учун ишлатинг ва фақат Аллоҳга ҳамд айтинг, бу мол ҳақиқатда менинг эмас, сизнинг насибангиздир, Аллоҳ фазли карамидан уни менинг қўлим билан сизга бермоқда» дер эдилар.
Жамиятда савдо билан шуғулланмайдиган киши деярли йўқ. Ҳар бир инсон нимадир сотиб олади ёки сотади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анху савдо қонун-қоидаларини билмайдиганларни ўзига ё ўзгага зарар қилмасин деб бозорга киритмас эканлар. Ҳақиқатдан, савдо қоидаларини билмаслик оқибати хатарлидир. Шунинг учун савдога оид баъзи қоидаларни ёдга олишни (ҳақида тўхталишни) лозим кўрдик.
Фақат қийматли молнигина сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Ҳамма ёки баъзи инсонлар кўнгли тусайдиган ва керакли вақтгача сақлаб қўйиш имкони бўлган, шаръан фойдаланиш жоиз нарса мол ҳисобланади.
Сотувчи билан сотиб олувчи ўртасидаги олди-сотдида молни сотиш ёки олишга бўлган розилигини билдирувчи сўз ё амал савдо рукнининг асосидир. Савдо бўлиши, тугаллиги, тўғрилиги ва амалга ошишининг ўзига яраша шартлари бор.
Биринчидан, сотувчи ҳам, олувчи ҳам ақлли бўлиши керак. Мажнун ёки фойда-зарарни фарқига бормайдиган ёш бола савдоси тўғри бўлмайди.
Иккинчидан, сотувчи билан олувчининг ўзаро савдога бўлган розиликлари бир-бирига мувофиқ, ўтган замонда ва бир жойда айтилиши керак. Масалан, она-бола қўйларни сотувчи: «Буларни юз минг сўмга сотдим» дегач, сотиб олувчи: «Фақат она қўйни олтмиш минг сўмга сотиб олдим» ё «сотиб оламан» деса, ёки бозорни айланиб келиб сўнг: «юз минг сўмга олдим» деб айтса, савдо бўлмайди. Чунки биринчидан, сотиб олувчининг сўзи сотувчининг сўзига мувофиқ келмади. иккинчидан, келаси замон шаклида бўлди, учинчидан, сотувчи «сотдим» деган жойида «олдим» демади, балки айланиб келиб, сўнг айтди. Бунда савдога розиликни билдирувчи сўзлар бир жойда бўлган ҳисобланмайди.
Учинчидан, сотилаётган нарса мавжуд ва олувчига уни топшириш имкони бўлиши керак. Йўқ нарсани, йўқ бўлиш хавфи бор нарсани (масалан, етилмаган мева, овланмаган қуш ё балиқни) сотиб бўлмайди.
Тўртинчидан, сотилаётган нарса сотувчининг мулки бўлиши ёки сотувчининг уни сотишга ваколати бўлиши керак. Бу талаб савдонинг мукаммал ва тўғри бўлиши шартидир. Бировнинг мулкини унинг рухсатисиз сотиш мумкин эмас.
Бешинчидан, сотилаётган нарса ва унга тўланадиган пул миқдори аниқ бўлиши, савдони бузувчи шартлар қўйилмаслиги, савдога икки тараф рози бўлиши, мол насияга сотилганида пулни тўлаш куни аниқ белгиланиши, кўчмас мулкдан бошка молларни харидор қабул қилиб олиши лозим. Юқорида санаб ўтилган шартлардан бири бўлмаса, савдо тўғри ва дуруст бўлмайди.
Улуғлардан биридан сўрадилар: “Обид устунроқми? Ё омонатдор савдогар устунроқми? Улуғ зот жавоб бердилар: «Омонатдор савдогар устун, чунки, тарозида бериш ва олишда шайтон уни оздиришга қасд қилади, омонатдор савдогар эса унинг аксини қилиб, шайтондан устун келади”.
Энг муҳими ҳалол савдо ибодатга айланади. У оркали бу дунёда топилган ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда эса шунга яраша ажру-савоб, мақому мартабага эришилади. Иншааллоҳ!
Х.Собиров
Боғот тумани “Қарри Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби