ИСЛОМДА ЛИБОС КИЙИШ ОДОБИ

Ислом дини Аллоҳ таолонинг бизга мукаммал, барча замон ва маконларда мавжуд  камчиликларни бартараф этиб, салоҳият сари олиб борувчи дин ўлароқ, инсон ҳаётидаги барча соҳаларини ўз ичига қамраб олган ягона ва мислсиз диндир. Динимизда тоат-ибодат инсонни на қадар улуғ даража ва мақомларга кўтариб ички дунёсини гўзаллаштирса, устимизга кийган либос эса, инсоннинг ташқи кўринишини шунчалик гўзаллаштириб бежирим қилади. Инсон либос кияр экан, кийган кийими унинг дунёсининг бир парчаси сифатида кўзга ташланади. Кийилган кийим кибр ва ғурурга сабаб бўлмаслиги, инсонлар кўрганда ундан ҳазар қилмаслиги лозимдир. У шунчаки тоза, озода, оддий бўлиши мақсадга мувофиқдир. Байрамларда, жума кунлари, марака-маросимларда кибр ва ғурурга берилмаслик шарти ила  чиройли либос кийиш мубоҳ амалдир. Имом Муслимнинг Саҳиҳи Муслим китобларида “Аллоҳ таоло бандаларининг устида ўз неъматларини кўришни яхши кўради” деб айтилган.

       Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида остида кийиниш маданиятининг турфа шакллари юртимизга кириб келмоқда. Албатта либос деганда инсонни кўзи олдига чиройли нафис кийим-кечаклар келади. Аммо баъзида либос деб аталувчи матони маълум бир моҳияти ва мақсади мавжуддир. Масалан, ҳар бир соҳа вакилларининг ўзининг касбига кўра тикиб кийган кийими, унинг қайси соха мутахассиси эканлигини кўрсатади. Жамиятимиз ичида шундай ҳолатларни кўрасизки, таажуб ва ҳайратдан ёқа ушлайсиз холос. Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир. Шу ўринда ғарб ва бошқа ўлкаларни кийимларга тахлид этиш бу борада ўз миллийлигимизга хос ва мос бўлмаган кийимлар кийиш юзу қўлларини тўлиқ беркитган холда қоп қора кийим кийишлар хам одобимиз тамойилларига мутлақо зиддир балоғатга етган муслима аёлга авратини тўсадиган номаҳрам эркакларга нисбатан аврати – юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданини яшириб кийим кийиш айни хақиқатддир.. Аёлларнинг эркакларга нисбатан авратига келсак, ҳанафий мазҳабида юзи ва кафтидан бошқа ерлари аврат ҳисобланади.

Авратни тўсиш деганида шариат талабига биноан тўсиш назарда тутилади. Бунда авратни тўсадиган нарсага қуйидаги шартлар қўйилган:

  1. Кийим баданнинг рангини билинтирмайдиган даражада қалин бўлиши лозим.
    2. Кийим баданнинг ҳамма тарафини тўсиши лозим. Бирор тарафи очилиб қолса ҳам бўлмайди.

        Буюк бобокалонларимиз, аждодларимиз дунёга донг таратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Амир Темур, Алишер Навоийдек халқимизни етти иқлимга машҳур қилган зотларнинг фарзандлари эмасмизми? Модомики шундай экан, биз одоби ва маданияти билан дунёларни лол қолдирган ҳалқ сифатида жамиятимиз, миллатимиз шаънига ярашадиган шарқона ҳаётимизни ғарб маданиятига нега осон алмаштирмоқдамиз? Оқибатини албатта уйлаб кўришимиз ва келажагимиз ёшларини тўғри хулосалар чиқаришларига кўмакдош бўлишимиз шартдир.

     Чунки, ҳозирги кунда фахр билан ёшларимиз кийган ғарб маданияти кийимлари динимизда ҳам, доно халқимиз урф-одати ва маданиятида ҳам, йўқлигининг шоҳиди бўламиз. Оиламизнинг бахту иқболи гўзал фарзандларимизга илм-маърифат, одоб-ахлоқ билан биргаликда кийим кийиш ва муомала маданияти сабоқларини бериб боришимиз лозим бўлади. Албатта доно халқимизнинг бир мақолига назар соладиган бўлсак унда “Қуш уясида кўрганини қилади” деб бежиз айтишмаган. Шундай экан биз катталар ҳамма вақт ўзимизнинг юриш-туришимиздаги кам-у кўстларни бартараф этиб намунали ота-она, намунали устоз, намунали мўмин-мусулмон сиймосида ҳаёт гузаронлик қилишимиз лозимдир.

Аврат сўзи луғатда «камчилик», «айб», «ҳимоясиз жой» каби маъноларни ўз ичига олади.Инсон танасининг номаҳрамлардан яширилиши ва намозда ёпиқ туриши фарз қилинган, кўрсатиш ва қараш қатъий таъқиқланган қисмига аврат дейилади.

Аллоҳ таоло эркаклар ва аёллар баданларидан муайян жойларини очишларини кариҳ кўргани учун ўша жойлар аврат деб номланди.

Биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз. Аллома Фаридиддин Аттор айтганларидек, навниҳол ўғил-қизларимиз хатолардан ўзларини узоқроқ тутсалар, оилалари обрўси учун ҳам, мамлакатимиз шаъни учун ҳам фойдадан холи бўлмайди. Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб удумлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди. Энг аввало ота она ўз фарзандини кийинишига эътибор бериши, доимий назорат қилиши зарур. Шундагина юқорида келтирилган муаммолар ва салбий фикрлар юзага келмайди. Истардимки қизларимиз ибо ҳаёда барчага намуна бўлиб, йигитларимиз ҳақиқий ўзбек ўғлони сифатида қолишса ва кийиниш маданияти хам миллийлигимизни ўзида мужассам этган энг муҳим омил эканлигини ёдда сақлашса нур устига аъло нур бўлади.

Х.Матякубов 

Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *