Динимиз инсонларни барча ёмонликлардан сақланиб, Аллоҳнинг амрларига итоат этишга, эзгу ва савобли ишларни бажаришга, виждонли, зийрак, иродаси мустаҳкам, ақлан ҳамда жисмонан соғлом бўлишга, ҳулқи чиройли, ўзини ва бошқаларни ҳам ислоҳ этувчи, жамиятга, наф келтирувчи, инсонларга яхшилик қилувчи, ер юзини обод қилувчи бўлишга даъват этувчи диндир.
Зеро ислом динининг асосий мақсади ҳам инсонни жони, ақли, насли, дини ва молини сақлашга қаратилган Ислом динида инсон ушбу беш нарсани асрашга амр қилинган бўлиб, улардан бирига зарар етказиш қатъиян тақиқланган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Улар саводсиз элчига-исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Мухаммад)га эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир”, (Аъроф сураси-157)
Ояти карима мазмунидан кўриниб турибдики, динимиз жамиятдаги ҳар-бир кишидан ўз соғлигига аҳамият беришини талаб этади.
Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, жумладан, Имом Саноний шундай деган: “Гиёҳвандлик нимадан тайёрланган бўлишидан қатъий назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими-у мутлоқ ҳаромдир”.
Ханафий мужтаҳид олимлардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл қилиб шундай дейди: “Банг – афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.
Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам учун на имон на оила на ота-она на аёлини на фарзандлари на ватан…. инсон учун нима авзиз ва муқаддас бўлса, гиёхванд учун буларнинг биронтасини қадри-қиммати, ҳурмати бўлмайди. Бундай инсонларниг дарду ғами гиёх керакли дўзани топишдан бошқа мақсади йўқ. Улар бу йўлда ҳеч нарсадан, ўғрилик, қотиллик, ҳиёнат каби жиноятлардан ҳам қайтишмайди. Улар оиласини, шунингдек жамиятни ҳам издан чиқариши мумкин.
Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатиб ўрганган олимларнинг айтишларича, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли 95% ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан кўз юмган. Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Буни бутун дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш билан баробардир. Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.
Бундан ташқари, ушбу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оиласига бепарво, ҳамиятсиз, жинсий ожиз қилиб қўяди, мия фаолиятини сусайтиради, кўзини хиралаштиради, тишлари тўкилиб кетади. Яна Ислом қонунларида Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади.
Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманларидир.
Барчаларимиз ўсиб келаётган ёшларимизни, жондан азиз фарзандларимизни гиёҳвандлик йўлига кириб кетмаслиги учун доимо уларни назорат қилиб боришимиз лозим бўлади.
М.Мадиримов
Ҳазорасп тумани «Ҳазрати Шайх Мухаммад Амин» масжиди имом-хатиби