СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ МАЗҲАБИМИЗГА ТЎҒРИ КЕЛМАЙДИГАН ЖИҲАТЛАРИ

Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлдан қайтиши жуда қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда Ислом мафкураси ва тарихига зид ғоялари билан қайта намоён бўлаётган “сохта салафийлик” оқими ўзларининг ақидавий ва ҳуқуқий масалаларини кўпинча суриялик Ибн Таймия (1263-1328) таълимоти билан асосламоқчи бўлишади. Ибн Таймия асарларида, исломга турли бидъатлар кириб қолгани айтилиб, мусулмонлар ва улар яшаётган жамиятларни, Қуръон ва суннат таълимотига асосланган йўлга солиш зарур, деган ғоялар илгари сурилади.

Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.

Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатаг ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.

 “Салаф” калимаси, аслида ҳадиси шариф эътиборига кўра, далолат жиҳатидан, исломий асрларнинг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқ бўлган даврга нисбатан ишлатилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳлидир, кейин уларга яқин бўлганларидир, сўнгра уларга яқин бўлганларидир[1]. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади (яъни, масалаларда ҳам ўта бепарво ва масъулиятсиз бўлиб, гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Мазкур хадиси шарифда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тартиб билан зикр қилиб, уларни “хайрли” деб номлаган уч аср (аҳли)дан мурод Пайғамбаримиз алайҳиссалом, саҳобалар, тобеъин ва табъа тобеъинлар яшаган даврдир. Ана шу даврда фаолият олиб борган улуғларни “салафи солиҳлар”, яъни солиҳ бўлган зотлардир, дейилади.

Энди сохта салафийларнинг динимиз ва мазҳабимизга тўғри келмайдиган жиҳатларини ўрганамиз. Улар ўзларини Пайғамбаримиз даврида яшаган мусулмонларга эргашамиз ва уларнинг издошларимиз деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлардир. Салафийлар икки гуруҳга бўлинади:

Биринчиси, давлатни шариат асосида бошқариш тарафдорлари.

Иккинчиси, гўёки давлат қонун-қоидаларига ўзларини бўйсинувчи қилиб кўрсатувчи.

Биринчи салафий гуруҳ жиҳод тушунчасини бузиб, унга жангарилик тусини беради. Барча зўравонлик усулларидан фойдаланиб, ўз мақсадлари йўлида одамларнинг мусулмон ёки мусулмон эмаслигига қараб ўтирмайди. Ислом дини беш аркондан иборат бўлсада, жиҳодни исломнинг олтинчи аркони деб билади.

Иккинчи салафий гуруҳ эса жангарилик фаолияти билан шуғулланмайди. Лекин мазкур гуруҳ мазҳабларни тан олмайди, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этади, диний бағрикенглик-ни ёқламайди, ҳар қандай янгиликларни бидъат деб билади, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқаради. Улар салафи солиҳларнинг ҳаёт тарзига қайтишини даъво қилади.

Шу ўринда Ҳаким Самарқандийнинг қуйидаги пурмаъно сўзларини келтириб ўтишни жоиз деб ҳисоблайман: «Қуръондаги ҳамма нарсани ҳам зоҳирига қараб шарҳлаш мумкин эмас, чунки Қуръонда кўп ўринларда оятларнинг зоҳири бошқа маънони, ботини бошқа маънони англатади. Аллоҳдан қўрқинг. Қуръонни фақат ўз раъйингиздан келиб чиқиб шарҳламанг».

Бунинг учун албатта, фарзандларимизни юксак билим ва маънавий фазилатлар билан қуроллантиришимиз лозим. Уларга муқаддас исломнинг инсоний моҳиятини, тинчлик, яхшилик, меҳр-шафқат, ҳамжиҳатлик дини эканини тўғри тушунтириб боришимиз керак.

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *