Хушёрлик тинчлик демакдир

Халқаро террористик ташкилотларнинг манфур мақсадларидан бири – ўз сафига турли йўллар билан қўшилган ёшларни жанговор тайёргарликдан ўтказиб, Ватан, оила туйғуларини сўндириб, ўз юртига, ўз ватандошларига қайриб қўпорувчилик ишлари олиб боришга йўналтиришдир.

Экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид солади. Афсуски, ёшлар муайян қисми экстремистик оқимларни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар ҳудудларда одам ўлдириш, аҳоли корига ярайдиган маиший биноларни вайрон қилиш ва кўнгли тусаган бошқа жиноятларни содир этишни гўёки “жиҳод”, бу разил ишларни амалга ошираётган шахсларни эса “мужоҳид” санайдилар, уларнинг сафига қўшилишни эса мусулмонлар учун фарз ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар.

Ислом таълимотига кўра, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар (р.а) ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”. Имом Таҳовий таъкидлаганлар: “Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз”.Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки мактабнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муқаддас бурчидир.

Яна таъкидлаш жоизки, тинчликни улуғ неъмат деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Шу нуқтаи-назардан,фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимизнинг мутасадди идоралари томонидан амалга оширилаётган сайъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ва қўлидан келганча уларга ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларни олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, диндорларимиз хотиржамликда ибодатларини кўнгилдагидек адо этмоқдалар. Шу сабабдан юртимизга ғаламислик қилишга ҳаракат қилувчи, гўёки диндорларга тайзиқ қилинмоқда деган туҳмат тарқатаётган кимсаларнинг тегирмонига сув қўйиб қўймаслигимиз ҳам лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”.

У.Бекязов

Ҳазорасп тумани “Абдукарим Шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *