Рамазонда аёлларга насиҳатлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламийн, вал-ъақибату лилмуттақийн, Вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва-ъала алиҳи ва асҳабихи ажмаъийн.

Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига саловату саломлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Азиз  онажонлар, муҳтарама опа сингиллар!

Аллох субҳанаху ва  таоълога ҳамду санолар бўлсинки, мана шу муборак ой сабабидан сизлар билан учрашиб турибмиз, Барчангиз учун ушбу Рамазон ойи муборак бўлсин.  Аллоху субҳанаҳу ва таъало бу ойни сизу бизга  манфаатли қилсин, ибодатида қоим айлаб қўйсин ва бу ойни ўзи рози бўладиган ҳолатда ўтказишимизни барча барчамизга насибу муяссар айласин.

Рамазон ойининг кириши муносабати билан ушбу қисқагина насиҳатларни муслима аёлларга бағишлаймиз.

Аллоҳ таъолодан бу насиҳатларни мўмина опа-сингилларимизга фойдали қилишини ва уларга Аллоҳга итоат қилишларида, ҳамда бу улуғ ойда Аллоҳнинг розилиги ва мағфиратига етишишларида ёрдамчи қилишини сўраймиз, Аллоҳ ҳар биримизга, оила аъзоларимизга, жамики уммати Муҳаммадга Рамазон ойини ҳайирли ва барокатли қилиб, яхшиликлар билан ўтказишни насиб қилсин.

Аллоҳнинг фазли карами билан биз мана шундай ойга етиб келганимизни албатта хурсандчилик билан қабул қилишимиз керак ва бу хурсандчиликни бошқаларга етиб боришида ҳам саъю ҳаракат қилишимиз керак. Рамазондан мақсадимиз, у бизни яхши ҳислатларга чорлаши керак, бизни тарбия қилиши керак. Нафсимизни тазкия қилиши керак ва Рамазондан чиройли холатда чиқиб ана шу чиққан ҳолатимиз давом этиб кетадиган даражада бўлишимиз керак.

Оллоҳ таоъло ўзининг каломида марҳамат қилганидек “Рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин шоядки тақводор бўлсаларингиз” деб айтилган. Рамазондан кўзланган энг катта мақсад бу тақволаримизни зиёда қилишимиздир.

Бунинг  учун биз нима қилишимиз керак,

Албатта ҳар бир шаъриатда айтилган сўзни мағзини чақишимиз керак, уни устида тафаккур қилиб кўришимиз керак, қилаётган амалларимиз фақат зоҳирий бўлиб қолмасдан балкий ботиний мақсадларни ҳам амалга оширишга ҳаракат қилишимиз керак экан.

Бу  тоатларга етирганига хурсанд бўлиб, ҳеч қачон малолланмасдан уни ҳурсандлик билан, енгиллик билан руҳий тамондан кўтаринки бўлиб туриб амалга ошириш керак.

Инсонни табиятида очлик ва чарчоқлик хислари бор ана шу ҳисларга енгилиб қолмаслик керак экан табийки очлик бизга етади, чарчоқ бизга етади ва бошқа бир  ҳолсизликлар етиши мумкин, ана шунақа пайтда бу нарсаларга енгилиб қолмасдан гарчи бундай ҳолатга тушаётган бўлсак ҳам, бу ҳаммаси ҳайирли ва оқибати ҳайирли бўлишини ўйлашимиз зарур, шунда биз тоат ибодатларга малолланиб қолмаймиз, нафақат зоҳиран балки ботинан тамонидан мукаммал қилишга иншаоллоҳ Оллоҳни изни билан куч топамиз,

Яна  бир эслатиб ўтмоқчи бўлган жиҳатимиз шуки, бу ой келганда фақатгина ейишни, ичишни маълум муддат тарк қилиб туриб, ундан кейин маълум бир аммалларни амалга оширсак, бу ой ўтиб кетади, кейин ўзимизни яна ҳаётимизни давом эттириб кетамиз деган бир тушунча ёки шунга таёргарлик бўлмаслиги керак, балки бу ой бошида Оллоҳдан сўраган ҳолатимизда, унга илтижо қилган ҳолатимизда, бизга ҳайирли тамондан таъсир ўтказишни сўраган ҳолатимизда дуо қилиш билан биргаликда Оллоҳ таоло билан аҳтлашишимиз керакки, албатта бу ойда ёмон одатларимизни тарк қилайлик ва яхши одатга ўрганиб бу ойдан чиқайликки ана шу одатларимиз ҳақийқатда одатга айлансин ва давомий бўлсин.

Рамазонда Рўза тутишнинг кўп ҳислатларидан бири инсоннинг ейиш-ичиш талабларини изга солишликка катта хизмат қилади. Инсон нафс балосидан қутилиб имон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло уни тақводорлардан қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади.  Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида кечалари (намозда) қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки қадр кечасида иймон ва ихлос ила, савоб умидида қоим турса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади”. (Бухорий ва Муслим).

Рамазонда Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда мўътабар манбаларимизда бундай дейилган: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўзига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насоий ривояти). Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар вақтинчалик беморга ўхшайдилар, ҳомилани туққанидан, болани кўкракдан ажратганидан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар, рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар боласи ёки ўзига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шарт. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли эмас. Айниқса, болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.

Бундан ташқари, опа-сингилларимиз ҳайз ва нифос кўриш сабабларидан рўза тутмай туришади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Бизга ўша ҳолат етганида рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик”.

Ушбу ҳадисга кўра ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутадилар, лекин намознинг қазосини ўқимайдилар.

Шунингдек, негаки, баъзи аёллар ўзлари рўза тутмаганлари боис, саҳарлик ва ифторлик дастурхонига, рўзадорлар ҳақларига бепарво бўладилар. Эрта туриб хизмат қилиш, кечки пайт овқатланиш вақтига риоя қилмаслик ила дангасалик қиладилар. Аксинча, рўза тута олмасларда, хизматларини аямасалар, ана шундай кунларда рўзадор бўлган оила аъзоларига ширин-ширин таомлар тайёрлаб берсалар, рўзғорга келтирилган масаллиқларни исроф қилмаган ҳолда чиройли тадбир қилсалар — турмуш ўртоқлари, қайнона ва қайноталари дуоларини олиб, катта ажрларга эга бўладилар, Рўза тутиб бериш бўйинларидан соқит бўлмасада, рўзадорларга ваъда қилинган савобларга эришадилар, иншааллоҳ!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор”.

Кириб келган саҳоват, мурувват ва гуноҳлар кечириладиган   ушбу муборак Рамазон ойида қилинадиган ҳайирли амалларингиз сизни беҳисоб ажру савоблар соҳиби айлаб, ушбу ойни яхшиликлар билан ўтказиш насиб бўлсин,

Азизлар бугунги  айтадиган насиҳатларимиз шундан иборат эди, келаси сафарда бу маънодаги суҳбатни яна давом эттирамиз, келгуси суҳбатимизгача сизларга Оллоҳга омонатсиз деймиз

Ва соллаллоҳу ъала ҳайро ҳолқиҳи Муҳаммад ва ъала ъалиҳи ва соҳбиҳи ажмаин.

Феруза Отажанова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *