Қурони карим ва ҳадиси шарифларда борлиқ учун зарур барча илмлар мужассам бўлиб, инсонни ён атрофини ўраб олган табиат билан уйғунликда яшашга даъват қилади, табиатнинг борики неъматларини авайлаб-асраш ва беҳуда исроф қилмасликка чақиради. Жумладан, муқаддас китобимизда неъматлар ичида энг муҳими бўлмиш сув ва унинг фойдалари тўғрисида олтмишдан ортиқ ўринда зикр қилинган. “Муъминун” сурасининг 17-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтмиш: “Биз осмондан ҳисоби билан ёмғир сувларини ёғдириб, Ерга ўрнаштирдик. Биз бу сувларни кетказиб, сизларни ундан маҳрум қилиб қўйишга ҳам қодирмиз” сўзларга эътибор беринг! Бундан англашиладики, барча неъматлар қатори сувнинг ҳам ҳисоб-китоби бор ва ўлчов билан яратилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтириладики, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъад розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганларида “Эй, Саъад бу исроф нимаси?”- дедилар. Саъад розияллоҳу анҳу:”Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”-деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсангиз ҳам”, дедилар.
Кўпи билан бир ярим-икки литрча миқдорда сув сарфланадиган таҳорат жараёнида исрофгарчилик қилмаслик ҳақида гап борар экан, ана энди кундалик ҳаётимизда бу табий неъматни билиб-билмасдан ва ҳатто бепарволарча исроф қилаётганимизни бир кўз олдингизга келтиринг!
Ҳукуматимиз инсонлар саломатлигини кўзлаб, барча маҳаллаларда хонадонларга тоза ичимлик суви қувурларини тортган ва бу жараён узлуксиз давом қилмоқда. Катта харажатлар эвазига тортилган қувурли ичимлик суви нарҳлари ҳам қиммат эмас. Хонадонларига сув ҳисоблагич ўрнатилгани учун барча буни яхши билади. Ўртача беш киши яшайдиган хонадон бир ойда ичимлик суви учун кўпи билан 60-70 минг атрофида ҳақ тўлайди. Ва шу хонадон беминнат қувур сувини нафақат ўзлари ичиш, ювиниш, кир ювиш ва овқатга ишлатишдан ташқари чорвасига ҳам беради. Бир литр ҳажмдаги минерал сув нарҳи эса икки минг сўм. Ана энди таққослаб кўраверинг!
Афсусланарлиси, айрим хонадонлар қувурдан келаётган сувнинг нарҳи арзонлигидан фойдаланиб, ундан томорқасидаги экинларни суғоришда ҳам фойдаланишади.
Ваҳоланки, ҳозирда дунёда бир ярим миллиард киши тоза ичимлик сувга муҳтож. Айрим давлатларда сувнинг ифлослангани юқимли касалликларни келтириб чиқариб, болалар бевақт нобуд бўлишларига сабаб бўлмоқда.
Қарияларимиз дастурхон устида дуога қўл очарканлар, юртимизга тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини тилаш асносида дарёларимиз мўл сув, деҳқончиликларимизга барокат тилашади. Дарёларимиз серсув бўлиши деҳқончиликларимиз барокатини таъминлайди.
Гарчи юртимиздаги энг йирик ва серсув Амударё ўзанида жойлашган бўлсакда айрим йиллари сув танқислиги рўй бериши натижасида томорқа ва бошқа ер майдонларидан режадаги хирмонни кўтара олмай қолган вақтларимиз кўп бўлган. Шундай даврда сувни тежаш борасида кўп гапирилади. Ҳукуматимиз айнан сувни тежаш мақсадида ҳозирда фермер хўжаликларида томчилаб суғориш тизимини жорий қилаётгани бежизга эмас. Бу оқилона сиёсат негизида ҳар томчи сув қанчалик қадрли ва қимматбаҳо неъмат эканлиги моҳияти мужассам.
С.Рўзметов
Хива шаҳар “Саид Ниёз Шоликор” масжиди имом ноиби