Аллоҳ таоло Ўзининг илми ва ҳикмати билан инсонни барча махлуқотлари орасида азиз ва мукаррам қилиб яратган, ақл ва нутқ билан бошқа жонзотлардан устун қилган. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. Энди, бир тафаккур қилиб кўрайлик: бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зот инсон наслини Ўзи яратган бошқа барча махлуқотларидан афзал, азиз ва мукаррам қилиб қўйибди. Унга ҳаёт неъматини, турли ноз-неъматларни, ҳатто минишга уловлару денгиздаги кемаларгача муҳайё этиб қўйибди. Бундан ташқари, яхши ҳаёт кечириши, соғлом ва бақувват бўлиши учун фойдали, керакли ризқ-рўзни ҳам ато этиб қўйибди. Бунинг эвазига эса, фақат Ўзига итоат ва ибодат этишни, Пайғамбари орқали юборган амри-фармонларига амал қилишни, ҳаром ишлардан ва ҳаром озуқалардан узоқда бўлишни буюрган.
- Гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани сабабли инсоннинг имони ва динига путур етказади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб шундай марҳамат қилади: “У (Пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва уларга пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қилди. (Аъроф сураси, 157-оят)
- Гиёҳвандлик инсоннинг жонига зарардир, ҳолбуки ҳар бир одам ўз вужудини, ҳаётини, соғлигини барча зарарли нарсалардансақлашга буюрилгандир. Маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддалар нақадар зарарли эканлиги ҳеч кимга сир эмас, булар инсонни ҳалокатга олиб борувчи заҳардир.
- Гиёҳвандлик инсоннинг мол-дунёсига ҳам зарардир, Аллоҳ берган мол-дунёсини ноўирн ерларга ишлатишдан ва беҳуда зое бўлишидан сақлаш ҳар бирмизнинг вазифамиздир. Қуръони Каримда: “Пок нарсани нопок нарсага алмаштирмангиз” (Нисо сураси 2-оят). Одам ўзи меҳнат қилиб пешона тери билан топилган ҳалол пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олишга сарфласа, ушбу оятдаги буйруққаҳилоф иш тутган бўлади. Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кишилар, ўша заҳарни топиш учун ҳеч нарсани аямайди, бор мол-дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади.
- Гиёҳвандлик инсоннинг ақлига зарар етказади. Аллоҳ таоло томонидан инсонга ато этилган энг улуғ неъматлардан бири ақлдир. У билан одамзод бошқа мавжудотлардан улуғ бўлади. Агарда ақли бўлмаса, ҳайвонотдан фарқи қолмайди, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барча ҳукмларни ақлга ҳавола қилади. Инсон тўғри йўлда юриши учун у ўз ақлини муҳофаза қилишга мажбурдир, шу сабабдан ислом дини ақлнинг фаолиятига салбий таъсир этувчи ва уни тўсувчи ҳар қандай нарсани маън қилган. Ҳазрати Умар Розияллоҳу анху ҳалифалик даврида Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб: “Ақлни тўсувчи нарса ҳамрдир” деб унинг ҳудудини белгилаб қўйганлар.
Азизлар, маст қилувчи ичимликлар ақлни тўсгани учун ҳаром қилинган бўлса, гиёҳвандликнинг ҳаромлиги ундан оғирроқдир, яъни: “Уларда қалблар бор, (лекин) улар буни англамайдилар, уларда кўзлар бор (лекин) улар билан кўрма йдилар, уларда қулоқлар бор (лекин) улар билан эшитмайдилар, улар ҳайвон кабилардир, балки улар улар (янада) адашгандирлар, ана ўшалар ғофилдирлар.” (Аъроф сураси 179-оят)
- Гиёҳвандлик ва шунга ўхшаш нарсалар инсоннинг наслига катта зарар етказади. Инсон ўз наслининг давомчилари бўлган авлодларига яхши сифатларни мерос қилиб қолдиришлари лозим. Гиёҳвандлар эса, ўз зурриётларини майиб-мажруҳ, ногирон, ақлан заиф, аҳлоқи бузуқ ҳолда дунёга келтиришларига сабабчи бўладилар.
Муҳтарам азизлар, фарзандларимизни бу каби разил инсонларнинг тузоғига илинмасликлари учун ота-оналар, маҳалла улуғлари, кенг жамоатчилик ёшларнинг юриш-туриши, ким билан дўстлашаётгани, бўш вақтини қаерда ва қандай ўтказаётгани, кўча-кўйларда бемаҳал, сабабсиз тентираб юришлари каби ҳолатларга ҳамиша ҳушёр бўлишимиз, буларни асло назоратдан четда қолдирмасликлари лозим. Шундагина азиз ва ардоқли фарзандларимизни ёшлар бахтига чанг солиб турган гиёҳвандлик балосидан ўз вақтида қутқариб қолган бўламиз.
Х.Нуриев
Қўшкўпир тумани “Ислом бобо” масжиди имом-хатиби