Маълумки, замон ва маконнинг шарофати билан солиҳ амаллар ҳам бир-биридан тафовут қилувчи ўзгача шараф ва афзаллик касб этади. Аллоҳ таоло маълум кунларда Ўзига ибодат қилишни, Ўзини зикр этиб улуғлашни бошқа кунлардагидан кўра афзалроқ ва ажрини улуғроқ қилиб қўйган. Бундай кунларда бажариладиган солиҳ амалга бошқа кунлардагидан кўра чандон-чандон орттириб ажр берилгусидир. Муқаддас ойлардан бўлган зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни ҳамда ташриқ кунлари ҳам ана шундай муфаззал қилинган кунлар жумласидандир.
Ислом умматининг барча вакиллари бу кунларни рўзаю ибодат, зикру тасбеҳ, такбиру таҳлиллар ва хайру садақалар билан обод қилган ҳолда ўтказадилар. Бу кунларда умр фарзи бўлмиш ҳаж ибодатининг асосий маросимлари бўлиб ўтади.
Шундай қилиб, зулҳижжанинг ўнинчи кунида бу ойнинг ҳилоли чиқиши билан олам аро бошланган ибодат сайли ўзининг авж палласига кўтарилади. Саноқли кунлардаги ибодатларнинг мукофоти – Қурбон ҳайити кўзларимизни қувонтириб оламга меҳмон бўлади. Моли нисобга етган мўмин-мусулмонлар бундай дориломон кунларга офият ила етказгани ва бошқа барча зоҳирий ва ботиний неъматлари учун Яратганга шукрона сифатида қурбонликлар сўядилар. У кунда Аллоҳ таоло учун қон чиқазишдан ҳам кўра маҳбуброқ бўлган бирон-бир амал бўлмас. Шу жиҳатлардан ҳам Ийдул-Азҳо байрами алоҳида эътиборга моликдир.
Қурбон ҳайити араб тилида Ийду-л-Азҳо деб аталади. «Ийд» байрам демакдир. Биздаги ҳайит сўзи ҳам аслида ушбу «Ийд» сўзининг ўзбекчалашган кўриниши. Ийд сўзининг илк ҳарфи ҳалқум ҳарфларидан бўлмиш ъайн ҳарфи бўлганлиги боис уни ўзбекчада ўзидек талаффуз қилиш бироз қийин. Шу боис бизнинг тилда бу сўз «ҳайит» ўлароқ оммалашган. Энди, «ийд»сўзининг келиб чиқишига келсак, бу сўз арабча «қайтмоқ, қайтармоқ, фойда ёки зарарни олиб келмоқ» маʼноларига далолат қилувчи “عاد“ (ъаада)феълига бориб тақалади. “Ал-баҳрур-роиқ шарҳу канзид-дақоиқ“ китобининг муаллифи машҳур ҳанафий фақиҳ Зайниддин ибн Нужайм шундай дейдилар: “Ийд сўзи билан унинг ўзаги бўлган “қайтиб келиш“ сўзи орасида муносабат борлиги сир эмас. У шунинг учун ҳам шундай номландики, у кунда Аллоҳ таолодан бандаларга лутфу-иноят, инъому-эҳсонлар қайтади; Ёки бундай номланишига сабаб, у кун такрор-такрор келади, қайта-қайта нишонланиб, байрам қилинади; Ёхуд у одамларга шодлик олиб келгани учун шундай номланган; Ё эса, худди карвонни яхши ният билан “қофила“ яъни “қайтиб келувчи“ деб номлаганлари сингари, бу кунга ҳам қайта етишиш насиб бўлишига умид боғлаб, некбинлик юзасидан «ийд» номи берилган“.
Озод, соғлом, оқил ва болиғ бўлган эркак мусулмон кишига ийд намозига ҳозир бўлиш вожибдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини мунтазам равишда қоим қилганлар, ҳеч қачон тарк қилмаганлар.
Ийдул-Азҳо кунида риоя қилиш мустаҳаб саналган ва беҳад ажру савобли бўлган маълум ишлар ва одоблар бор. Қуйида уларнинг айримларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
- Ҳайит намозига чиқишдан олдин ғусл қилиш, бисотидаги либосларнинг энг яхшисини кийиш ва ҳушбўйланиш.
- Ийдул-Азҳо куни Ийдул-Фитр кунидан фарқли ўлароқ, ҳайит намозига ҳеч қандай егуликдан тотинмаган ҳолда чиқиб кетиб, намоздан қайтгач, сўйган ёки ўзига ҳадя этилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир.
- Ҳайит намози ўқиладиган жойга мумкин қадар эртароқ бориш, юзида хурсандчилик аломатлари зоҳир бўлиб туриши, мумкин қадар кўпроқ садақа ва хайру эҳсонлар қилмоқ.
- Ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳамда намозгоҳга бир йўлдан борган бўлса, қайтишда у йўлни ўзгартириб, бошқа йўлдан пиёда қайтиш ҳам мустаҳабдир.
- Арафа куни бомдод намози ўқилгандан бошлаб, то ташриқ кунларининг охирги куни қуёш ботгунга қадар ҳар фарз намоз кетидан такбири ташриқ айтилади. Бу суннат. Унинг кўриниши мана бундай: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллааҳил-ҳамд».
Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади.
- Ийдул-Азҳо куни ёр-биродарлар, хешу ақраболар билан кўришганда уларни байрам билан қутлаб, «ҳайитингиз муборак бўлсин!» каби табрик сўзлари алмашиниш ҳамда улар билан қучоқлашиб кўришиш ҳайитнинг одобларига киради.
- Ҳайит кунидан бир кун олдин бозорга тушиб, оила аъзолари учун ҳайит совғалари харид қилиш ва уларни ҳайит намози ўқилгандан сўнг оиланинг катталаридан бошлаб тақдим қилиш, ўша куни ҳайит намози ўқиб келингач, барча оила аъзолари билан аввалдан тузатилган тўкин дастурхон атрофида жам бўлиш, бир-бирига ниҳоятда чиройли муомалада бўлиш, аҳли аёл билан бола-чақаларни боғмиди, хиёбонмиди ёки бирорта ошхона каби дилдан суҳбатлашиб, кўнгил ёзиш мумкин бўлган жойларга олиб бориш ва ҳоказолар нақадар ҳам мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳайит кунида қариндош-уруғ ва ёру биродарларни зиёрат қилиш ҳам у куннинг одобларидан ҳисобланади.
- Ҳайит бу байрамдир. Шундай экан, фотиҳагарчилик, таъзияхонлик каби мотамдан дарак берувчи ишларни айнан шундай ўйнаб-кулиш керак бўлган кунларда ўтказиш байрамнинг руҳиятига ҳам, моҳиятига ҳам тўғри келмайди. Табиий равишда бўлса бошқа гап. Яъни, масалан, айнан ҳайит айёмларида кимдир вафот этса, унинг уйига бориб, таъзия билдириш, кўнгил сўраш, Қуръони каримдан бирор оятларни тиловат қилиб, савобини марҳумга бағишлашнинг зарари йўқ, балки, бу савобли амалдир. Аммо, аллақачон вафот этган инсонларга ҳам айнан йил чиқмагунча ҳар ҳайитда эшикнинг олдига ўриндиқлар қўйиб, қийиқча боғлаб, одамларни мажбурий жалб қиладиган тарзда фотиҳагарчилик уюштириш, сунъий равишда таъзия ташкил қилиш бу бидъатдир. Вафот этган мусулмон киши ўз вақтида ювилиб, кафанланиб, жанозаси ўқилган бўлса, ва ўша кезларда ҳол-аҳвол сўрайдиганлар келиб-кетиб бўлган бўлса, марҳумнинг яқинлари, хусусан фарзандлари намозлардан кейин ва бошқа пайтларда Қуръон ўқиб, савобини бағишлаб турсалар шунинг ўзи кифоя. Яна алоҳида аза очиб, одамларни уйга жалб қилиш шарт эмас.
Фурсатдан фойдаланиб бутун Ўзбекистон мусулмонларини халқимизнинг улуғ байрами бўлмиш қурбон ҳайити билан чин юракдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло жонажон юртимизнинг тинчлик-хотиржамлигини бардавом айласин, обод ва озод ватанимизни ёмон кўзлардан, ғаразгўй кучларнинг нопок мақсадларидан Ўз паноҳида асрасин! Бундай шодиёна кунларга эсон-омонлик ва бағри бутунликда такрор-такрор етишиб юриш бахти барчамизга насиб этсин! Кириб келаётган байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!
Р. Отажонов
Янгиариқ туман бош имом-хатиби