Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Нолиш, инкор қилиш ила қўлидаги неъмат ҳам йўқ бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига мислсиз неъматларни ином этди. Фақатгина бир талаб, ана шу неъматларга шукр қилишни талаб этди.
Аллоҳ таоло бандаларни синов ила имтихон қилиб туради. Агар киши бу пайтда шукр ва сабр қилса бу синов ҳам банда учун ҳайрли бўлиши мумкин. Инсон ҳаёти доим бир текис, ҳурсандчилик ва шод-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло бандаларини турли хил имтихонлар билан синаб туришлигини унутмаслик керак.
Бугун кўп дўстларимизни ёру-биродарларимизни ношукрлик қилиб нолиётганликларига гувоҳ бўламиз. Етти мучали соғ одам бугун ҳамёнида маблағи йўқ бўлса, шунга нолиши керакми энди? Бориб, шифохоналарда қўл — оёғи йўқ, ёки хасталаниб, ажалини кутиб ётган беморларни кўрсинларда қандай буюк неъмат соҳиби эканликларини ҳис қилсинлар. Уй-жойлари эскириб қолганига нолиётганлар эса, уй-жойсиз, ижарами-ижара ёки олисда Ватангадо бўлиб юрганларни кўрсинлар.
Неъматлар ниҳоятда кўп, энг буюк неъмат – иймон, илм неъматларидир.
Эй биродарлар! иймоннинг нури зиёда бўлиши, илм-маърифатнинг зиёда бўлиши учун яна бир неъмат бор. Биласизми бу нима? Ҳаловат неъмати… Банда ибодат қилаётганда ҳаловатни ҳис қилар экан иймонининг нури зиёда бўлиб бораверади. Илм ўқиётган ҳаловат, лаззат ва муҳаббат билан ўқир экан, билингки, энди унинг ана шу илмга бўлган рағбати ошиб бораверади.
Аллоҳни севувчи бандалар Унинг сон саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида “Иймон икки қисмдир: ярми сабрда, ярми эса шукрда” деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб, икки оёқлари шишиб, йиғидан кийим ва жойнамозлари ҳўл бўлиб кетарди. У зотга: “Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират этилган бўлса ҳам шунча такаллуф қиласизми?” деб сўраганларга: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” дер эдилар (Термизий ривояти). Шукрнинг ниҳояси йўқдир.
Агар бирор табиб ҳоҳлаганича пул олиб, бир кишининг бирор азосидаги касалликни даволашга сабабчи бўлса, у киши табибдан умрбод рози бўлиб ўтади. Аммо ўзини ҳам ўша табибни ҳам яратган, барча азони берган, бандасига ризқ берган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш эсига келмайди. Ваҳолангки, инсон бўлиб яралганимизга, кўзимизнинг кўриб турганига, нафас олиб яшаётганимиз учун шукрини адо қилишимиз керак, ҳид сезишимизни ўзи мўжизадир, қулоқларимиз эшитияпди, қўлларимиз ўзимизга бўйсуняти, тоғдек-тоғдек гуноҳларимиз билан ҳоҳлаган жойимизга оёғимиз кўтариб олиб боряпди, асосийси миямиз ақл билан идрок қилишини насиб этганига, кимларгадир бермаган ақл-идрокни бериб телбалардан қилмаганига, ризқ берган, неъматларининг борига шукр қилмоғимиз лозим.
Аллоҳни берган неъматларига шукр қилмаслик эса куфрони неъматдир.
Аллоҳ юртимиз ахлини тинч-омонликда ва ризқимизни барокатда барқарор қилсин ва барчамизни яхшиликлари ила қувонтирсин. Аллоҳ шукр қилувчиларни севади. Шукроналик – олий неъмат, шукр қилувчилардан бўлишимизни насиб этсин.
Ф.Отажанова
ЎМИ Хоразм вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси