Ижтимоий тақмоқлар ривожланаётган бир даврда турли тоифалар томонидан мазҳабларни инкор қилиш ҳолатлари учраб турибди. Улар мазҳабсизлик ғоясини илгари суриб, асосий мақсадлари асрлар давомида амал қилиниб келинаётган фиқҳий мазҳабларни инкор қилишдан иборат. Мазҳабсизлик ғояси деярли 12 асрдан ортиқ вақт мобайнида яшаган минглаб уламоларнинг бутун умрлари давомида олган илмлари ва қолдирган меросларини, ёзган асарларини бекорга чиқаради. Шу билан бирга асрлар давомида амал қилиниб келинаётган анъаналар нотўғри, уларга амал қилган мусулмонлар эса адашган экан деган хулосага олиб келади. Бундан ташқари мусулмонлар бирлигини хавф остида қолдиради. Зеро, Муҳаммад алайҳис-салом ҳадисларида: “Аллоҳ умматимни залолатда жамламайди”, “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир” (ҳадисларни Ҳоким Найсабурий ривоят қилган), дейилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан саҳобийларга ҳам ўз ўрнига қараб турлича масалаҳатлар берилган. Саҳобийлар эса, турли жойларга тарқалиб, борган жойларида ўзлари билган илм билан бошқаларни таништирганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Қуръон оятлари нозил бўлаётганини ўз кўзлари билан кўрган ва дин илмларини У зотдан тўғридан-тўғри олган саҳобалар ҳам фатво беришдан эҳтиёт бўлиб ва хато қилишдан қўрқиб жавоб беришни бир-бирларига ҳавола қилиб «фалончидан сўра» деганлар.
Юқоридагилардан шундай хулоса қилиш мумкинки, барча одамларга, ҳатто у диний китобларни ўқиб тушунса ҳам диний масалаларда фатво бериши мумкин эмас. Балки фатво бериш чуқур билимли, шу соҳада ўзини кўрсатган мутахассис кишиларга мумкин бўлади. Бу фикрни қўллаш қуйидаги ривоят қўллайди. Кишилар муҳаддис олим, ҳанбалий мазҳаби асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбалдан юз минг ҳадисни ёд билган одам фатво берса бўладими, деб сўраганларида, у киши, йўқ, деб жавоб берганлар. Сўровчилар ёдланиши лозим ҳадисларнинг сонини юз мингдан ошириб борганлар, имом Аҳмад йўқ, деб жавоб бераверганлар, беш юз мингга етганларида, умид қиламан, деганлар. Мазҳаблар мусулмонларнинг бирлигини сақлашга ва халқнинг диний ҳукмларга риоя этишларидаги қийинчиликлари олдини олишга хизмат қилган. Бироқ мазҳабларни инкор қилиш мусулмонлар қалбига турли шубҳаларни солиш баробарида соф ислом ақидасини бузиш ва жамиятда ихтилофли ҳолатларни келтириб чиқаришга қаратилган.
Тарихдан ислом динини бузиш, унга нуқсон етказиш ва шу йўллар орқали инсонларни исломдан нафратлантиришга ҳаракатлар бўлиб турган. Жумладан, мутаассибларча динга ёндошадиган, қайсидир амаллар туфайли кофирга чиқарадиганлар ҳам чиқди. Буларнинг зиддида эса шариат аҳкомларини енгил санаб, беъэтиборлик қиладиганлар, гуноҳ қилишни безарар иш деб биладиганлар ҳам чиқди. Аммо мўътадил мактаб – Аҳли Сунна вал-жамоа исломни авлоддан авлодга етказиб бераётган мактабдир. Бу ҳақ мактаб ва ҳақни гапирувчи мактабдир. Савол: Нега айнан шу мактаб ҳақ?
Қуръонда «Зикрни биз нозил қилдик. Уни ўзимиз муҳофаза қиламиз» деган оят бор. Хўш! Аллоҳ динни қайси йўл билан муҳофаза қилди? Ана энди Оли Имрон сураси 110-оятини эсланг: “Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар”.
Мусулмонларни ҳозирги кунда 90% дан ортиқроғи Аҳли Сунна вал жамоа бўлса, уларни адашган деган адашади!..Биз фиқҳда 4 та мазҳаб, ақидадаги 2 та йўл орқали динимизни ўргандик. Уламолар етишиб чиқди. Китоблар ёзилди. Аллоҳ динни мана шу йўллар билан муҳофаза қилди. Ҳадиси шарифларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматим залолатда жам бўлмайди» деганлар. Демак, сиз мендан нимадир ҳақида сўрасангиз, дин борасида ўз фикримни айтиб қўйишим тўғри эмас. Албатта менгача қарийб 15 асрдан буён Аллоҳнинг Каломини ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганган олимлар сўзлари орқали жавоб бераман. Чунки Аллоҳ бу умматни залолатда жамламайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ҳозирда кўп такрорланаётган “Динда мазҳабларга эргашиш йўқ!”, “Саҳобалар даврида мазҳаблар бўлмаган” каби пуч даъволар мутлақо илмий асосга эга эмас. Саҳобалар даврида ҳам мужтаҳид саҳобалар мазҳаби бор эди. Саҳобалар мазҳаби асосида ҳозирга қадар етиб келган тўртта фиқҳий мазҳаблар сақланиб қолди. Бемазҳаблар битта шахсга эргашиш мумкин эмас дейишиб, гўёки Аҳли сунна вал жамоа Абу Ҳанифани шахсига эргашувчи дейишади. Ваҳоланки, аҳли сунна шахсга эргашишдан қайтаради Абу Ҳанифа ҳанафийликка тегишли. Чунки ҳанафийлик Пайғамбар алайҳиссаломнинг тутган йўлларидир. Қалъажий айтади: «Мен Иброҳим Нахаъийдан 100 та масалани олдим. У катта тобеъинлардан. Ҳаммоднинг устози. Абу Ҳанифа ҳам ундан дарс олган. 100 масаласини Абу Ҳанифанинг масалаларига солиштирсам 84 таси бир хил экан». Демак, Абу Ҳанифанинг 100 дан 84 масаласи Иброҳим Нахаъийникига мос келяпти. Энди айтингчи Имом Аъзам мазҳабни йўқдан кашф қилганми ёки Пайғамбар ва саҳобаларнинг йўлини давом эттирганми?
Хулоса қилиб айтганда, мазҳабларга эргашиш – шариат кўрсатмасига эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳни бемазҳаб бўлгани маълум эмас.
Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча ҳукм чиқариш мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик, фитна ва ихтилоф қўзғаш каби динимизда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир”, деганлар. Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 153-оятида марҳамат қилиб: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”, деган. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ динини азиз қилиб, мусулмонларнинг бирдамлигини таъминласин. Барчаларимизни уммат ичида ихтилоф чиқарувчилардан бўлишдан паноҳида асрасин. Омин!
М.Бекметов
Гурлан тумани бош имом-хатиби