Ислом – инсонпарварлик ватанпарварлик динидир. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва кишиларни шунга ўргатади. «Ватан» атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади. Ибн Халдун «Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир», деб таъриф берган. Инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана ўша ер унинг учун қадрли Ватанга айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун ислом уни имоннинг бир бўлаги деб қарайди. Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Ватан, миллат, дин тушунчалри инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: Озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб авайлаб келаётган муқаддас дини» деганлар. Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Қуръони каримда бани Исроил қавми мисолида қуйидагича баён этилган: “Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг Пайғамбарига: “Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, – дейишди. “Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз”, – деди (Пайғамбар). Улар: “Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?”, – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир” (Бақара, 246). Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд (разияллоҳу анҳу) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом); “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Ота-боболаримиз, улуғ аждодларимиз ва алломаларимиз ҳам ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор бериб, ўз юртларига муҳаббатни ифода этиш борасида ажойиб намуналар кўрсатишган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший, Мажзуб Намангоний каби буюк мутафаккирларимиз ўзларининг тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт билан боғлаганлари, уларнинг номини дунёга маълуму машҳур қилганликлари ҳам бир ибратдир.
Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан кубровия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаси, минглаб муридларга эга бўлган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганлигидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун билган шайх босқинчиларга қарши жангга киради ва байроқни кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолатда шаҳид бўлади. У зот байроқни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, қўлларини кесибгина уни олишга муваффақ бўлишади.Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ватанга хиёнат – энг оғир гуноҳ. Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!
М.Бекметов
Гурлан туман бош имом-хатиби