ИСЛОМ ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ

 

Инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар: асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва зеҳн ўткирлигини сустлаштирувчи, аъзоларда қаттиқ оғриқ пайдо қилувчи, таомга иштаҳани сустлаштирувчи, инсонни оздириб юборувчи, жинсий заифликка сабаб бўлувчи, қон томир ва тана аъзоларини уюшиб қолиши, рақ касали, иродасизлик, дангасаликни келириб чиқарувчи ва яна бошқа санаб бўлмас турли касалликларга сабаб бўладиган, шариатимизда гуноҳи кабиралардан саналган иллат, аср вабоси – гиёҳвандалик ва маст қилувчи нарсалардир.
Ҳа, бугун гиёҳвандалик ва маст қилувчи нарсаларнинг зарарлари ҳаммамизга ойдек равшан.
Муқаддас Ислом динимиз ҳалол билан ҳаром ўртасини ажратишни фарз қилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в): “Ҳалолликни талаб қилиш фарз, ибодатлардан кейинги фарз”, дедилар. Яъни, иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби Ислом арконларидан кейинги фарз ҳалолдан талаб қилишдир.
Қуръони каримда эса:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا
Яъни, “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар”. дейилган. Ушбу оят Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида тиловат қилинганда, Саъд ибн Абу Ваққос (р.а) ўринларидан туриб: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга мени дуоси ижобат бўлувчи (бандалардан) қилишини дуо қилинг”, деди. Пайғамбар (с.а.в) унга: Эй Саъд, луқмангни покла, дуоси ижобат бўлувчилардан бўласан, менинг жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта банда қорнига ҳаром луқма ташласа, унинг қирқ кунлик амали қабул қилинмайди ва қайси банданинг гўшти (яъни танаси) ҳаром ва рибодан ўсса, унга дўзах ҳақлидир, дедилар.
Ибодатимиз ва дуоларимизнинг қабул бўлиши, ишимизда барака бўлиши, истеъмол қилаётган таомимизга боғлиқдир. Ҳаром истеъмол қилувчи ароқхўр ва гиёҳвандларнинг қирқ кунлик ибодат ва дуолари қабул бўлмай турар экан, бу нақадар катта мусибат. Аслида мўминнинг бир кунлик, бир лаҳзалик ибодатини Аллоҳ таоло ўз даргоҳида қабул қилмаслигининг ўзи катта мусибатдир.
Чунки Аллоҳ таоло пок нарса истеъмол қилишни амал қилишга буюришдан олдин келтирган: “Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар”.
Ушбу оятда солиҳ амал қилишдан олдин, ейдиган луқмамизнинг пок бўлишига буюриляпмиз.
Ер юзида ейиладиган нарсаларнинг бир нави наботат яъни, ўсимлик ҳисобланади. Булардан инсоннинг соғлиги ва ақлига зарар берадигани ҳалол саналмайди.
Наркотик, наша, хамр ва гиёҳвандликка ўхшаш ақлни кетказадиганлар ва заҳар каби ҳаётни кетказадиганлари динимизда ҳаром саналади.
Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган: “…Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”.
Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабаб бўляпти. Шунга қарамай бу нарсалар кўпайса кўпайяпти, лекин камаймаяпти. Бунинг сабаби Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратда сўроқ-савол қилинишдан қўрқмасликдандир. Бу “аср вабоси” муаммосини барча давлатлар бирлашиб ҳам ҳал қилишга эриша олмаяпти….
Бу иллат жамиятга ниҳоятда катта зарар келтиряпти. Жумладан:
Иқтисодий зарарлар. Ҳисобсиз мол-мулки ва ақлу заковатини кайфу сафога сарфлаяпти. Бу исроф ҳисобланади. Оилани ҳароб қилади. Фақирликни келтириб чиқаради. Улар жамиятга манфаат келтириш ўрнига, ишламасдан зарар келтиради. Ривожланишдан ортда қолади. Турли сон-саноқсиз…… касалликларга дучор бўлади. Ўзларидан ногирон зурриётларни дунёга келтириб, жамиятга ташвиш ва оғир юк бўлади. Ёшликдан ногирон бўлиб қолади ёки ҳаётдан кўз юмади. Энг даҳшатлиси, бу азоблардан шу дунёнинг ўзида қутилмай, балки Аллоҳнинг ҳузурига кабира гуноҳ билан рўбарў бўлади. Мазкур зарарларни ҳисобга олиб, шариатимиз бу “оқ захар” деб номланган нарсани ижмоъ билан ҳаром деган ва гуноҳи кабиралардан санаган. Бу билан тижорат қиладиганлар инсоннинг жони билан тижорат қилувчилар ҳисобланади.
Демак, улар қилаётган тижорат бошқа инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиб, гўёки ана шу сабабдан ҳаётдан кўз юмганларга нисбатан улар қотил ҳисобланади. Биз одам савдоси ҳақида жуда кўп гапирамиз. Одам савдоси билан шуғулланувчилар, одамларнинг жасадини тирклайин сотишса, гиёҳванд моддалар билан тижорат қилувчилар, одамларнинг жонини сотишяпти, бу иккиси ҳам ўта катта гуноҳ саналади.
Аллоҳ таоло бундай ақлни олувчи иллатларни шайтоннинг амалидан деб мўъмин бандаларини ундан қайтарган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!”
Мазкур оятда хамр (ароқ) бут билан ёнма-ён келди. Бут шариатда ширк ҳисобланади.
Оятда хамрни “рижс” яъни, ифлослик, қабоҳат деб келтирди.
Бу билан кифояланмасдан, шайтоннинг ишидир дейилди. Шайтоннинг иши фаҳш ва мункар иш эканини яхши биламиз. Аллоҳ таоло: “Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради”, деди. Давомида эса, Бас, ундан четда бўлинг, бошқа тарафда туринг, дейилди. Яъни, ҳаром бўлди, деб қўя қолмади. Сўнгра, булардан сақланиш нажот эканлигини айтиб, “Шоядки, нажот топсангиз”, деди.
Баъзилар дорилик учун ичамиз деб ўзларини алдаб, хотиржам бўлишади. Воил ибн Ҳужр (р.а)дан ривоят қилинади: Ториқ ибн Сувайд ал-Жуъфий Набий с.а.в.дан хамр ҳақида сўради. (Пайғамбар с.а.в.) уни ундан (яъни, хамрдан) қайтарди. Шунда у: “Мен уни даво учун қиламан”, деди. (Пайғамбар с.а.в.): “У даво эмас, лекин у дарддир, дедилар”.
Баъзи ҳолатларда шифокорлар  “бу соғлигинга зарардир” деса, қайтилади-ю, шариат қайтарган дейилса эътибор қилинмайди. Тиббиёт бу нарсаларнинг ҳамма зарарларини ҳали тўлиқ билмайди. Шариат буюрдими, қилайлик. Шариат қайтардими қайтайлик. Ҳикматини билмасак Аллоҳ таолога ҳавола қилиб қўяйлик. Чунки бугун бунинг зарарлари исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлиб турибди. Турли бедаво касалликларга чалиниш, ишсизлик, ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг сарсон-саргардон бўлиши, нафсга қул бўлиш, иродасизлик, ўлим, турли ўғрилик ва одам ўлдириш каби жиноятлар, автоҳалокатга учрашлар содир бўляпти. Ўзларининг бу нотўғри мақсадлари йўлида, гиёҳвандлик моддасини юртига олиб кириб, юртга хиёнат қиляпти. Юртнинг келажаги бўлган ёшларнинг онгини заҳарлаб, бошқа давлатларга қарам бўлишга ёрдам беришяпти.
Мақсадимиз ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб, юксак тафаккур ва маънавиятли, ижтимоий фаол намунали жамият барпо этишдир.
Тарихдан маълумки, бир давлат бошқа давлатни ўзига қарам қилиш учун аввало, ўша юртнинг ёшларини онгу-идроки ва ақли-заковатини сусайтириш пайига тушади. Буларнинг энг кучлиси гиёҳвандлик ва ароқхўрликдир. Шундай экан, динимизга, Ватанимизга, халқимизга, мусулмонларга, Аллоҳга ва Расулига қилинган бундай ноҳақлик ва хиёнатлар кечирилмайди, уларга ғазаб қилинади.
Бундай мункар ишлар содир бўлаётганидан хабардор бўлганлар, бунинг олдини олишлари, керакли органларга зудлик билан хабар беришлари лозим. Абу Саид ал Худрий (р.а) айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)ни: “сизлардан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан ўзгартиришга қодир бўлса қилсин, агар қодир бўлмаса, тили билан (ўзгартирсин), агар қодир бўлмаса, қалби билан (шу ишни ёмон кўрсин) ва бу иймоннинг заифидир”, деб айтаётганини эшитдим”, деди.
Демак уммат, жамият учун зарар бўладиган бундай ишларни олдини олишда, унга қарши курашишда ҳамма, катта-ю, кичик, эркагу-аёл, ёшу-қари, амалдору-оддий ишчи, ўқитувчию-ўқувчи, хуллас ҳаммамиз биринчи сафда бўлишимиз керак.

Х. Абдуллаев
УМИ Хоразм вилояти вакили

 

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.