Юксак мақом соҳиблари

    Аввало, давлатчилигимиз тарихида илк бора муқаддас ҳаж зиёратига бу йил ҳаж мавсумида энг кўп ўн беш мингдан зиёд фуқаролар боришганини қувонч билан қайд қилиш керак. Улардан 639 нафари Хоразмлик элдошларимиз бўлишди. Шу ўринда умра зиёрати мунтазам йўлга қўйилгани, фуқароларимизга бу борада кенг имкониятлар яратилганини айниқса зиёрату ибодатларимизни амалга ошириш давомида яратиб берилган қулайликлар ва катта эътибор учун хурматли Президентимизга  миннатдорчилик билдирамиз.

     Ҳожилик –юксак мақом. Агарда амалдаги йилда Хоразм вилоятидан ҳаж зиёратига борган фуқароларимиз ҳақида сўз кетса, уларнинг 150 нафардан ортиғини юртимиз ривожига ҳисса қўшаётган, ёшларимиз учун янги иш ўринлари яратаётган, айни пайтда саховатпешалик намуналарини кўрсатаётган тадбиркорлар эканини кўрамиз. Шунингдек, ҳожиларимизнинг 140 нафарини эл-юрт равнағи учун умрини бахшида қилган, элда таниқли нуронийлар, 79 нафарини эса зиёлилар ташкил қилади.

    Ушбу ҳожиларимизнинг ҳаётий тажрибаларидан унум билан фойдаланиш, уларнинг тажрибасини илм-маърифат сари йўналтириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси ташаббуси билан 531 маҳаллада “Шукуроналик тарғибот гуруҳи” шакллантирилди. Тарғибот гуруҳига 443 нафар ҳожи ота ва ҳожи оналар бириктирилди. Шунингдек, 168 нафар диний соҳа ходимлари, 624 нафар нуронийлар, 134 нафар маданият ходимлари, икки юз нафардан зиёд зиёлилар: ёзувчи-шоирлар, педагог-профессорлар, 117 нафар давлат ташкилотлари мутахассислари, 1244 нафар жамоатчилик вакиллари тарғибот гуруҳи асосини ташкил қилишди. Бу жуда катта маънавий куч, албатта.

    Белгиланган режа асосида тарғибот гуруҳи аъзолари вилоятдаги  маҳаллаларда “Шукроналик”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Илмсиз келажак йўқ!”, “Тинчлик –олий неъмат!” ва “Инсон қадри буюк” каби мавзуларда 288та учрашувлар ва 375та маърифий-тарғибот тадбирлари ўтказишди. Бундай учрашувлар, маърифий-тарғибот тадбирлари изчил давом қилмоқда.

    Тадбирларни ташкиллаштиришдан мақсад фақат учрашувлар ўтказиш эмас. Тадбирлар доирасида маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, профилактик ҳисобда турувчи, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оила, ажрим ёқасида турган фуқаролар, айни пайтда ёт ғояларга алданган ёшларни зиёли ҳожиларимизга бириктириш амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Қисқа тарзда рақамларга мурожаат қилсак, ҳожи ота ва ҳожи оналар томонидан 764 нафар эҳтиёжманд оила, 191 нафар ажрим ёқасига келиб қолган, носоғлом муҳитдаги оила, 74 нафар ишсиз бўлган фуқаролар, 156 нафар тарбияси оғир уюшмаган ёшлар, 92 нафар адашган, мутаассибликка мойил шахслар ва 55 нафар бошқа тоифадаги фуқароларни оталиққа олишди. Бу билан қисқа фурсатда ижобий самарадорликка эришилганини ҳам қайд қилиш керак.

      Ҳожиларимиз имом домлаларимиз билан биргаликда ўзларига бириктирилган  фуқаролар яшаётган (2714та) хонадонларга бориб, муаммони жойида ўрганишди, унинг ечими бўйича ижобий самараларга эришилди. Гуруҳларга қўшилган ҳожиларимиз томонидан эҳтиёжманд оилаларга  моддий ёрдамлар кўрсатилгани, бу жараён изчил давом қилаётгани қувонарли ҳолдир.

   Ҳожиларимиз ўз маҳаллаларидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар холидан хабар олишяпти. Чунки, бу оилалар вакиллари билан бир маҳаллада қўни қўшни бўлиб яшашади. Ўзаро яқинлик, эътибор самараси кенг кўламли бўлади.

Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдур”, деб марҳамат килганлар. Уламоларимиз, ҳажжи мабрурнинг аломати — ҳаж ибодатидан кейин ҳожилар ҳаётда барчага яхшиликда намуна бўлмоғи, хайру саховатда бўлмоғи ва хулқини сайқаллаб турли бузуқликлардан йироқ бўлмоғидадир, дейишган.

      Ўтган мавсумларда ҳаж зиёратини адо қилган кўп сонли ҳожиларимиз ҳам ушбу хайрли тадбирларга бефарқ бўлмасдан ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдиришмоқда.

      Барчамизнинг мақсадимиз юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз ҳаётда ўз ўринларини топиши, кам таъминланган оилалар сони қисқариб, барча фуқаролар ҳаётда ўзлари орзу қилган давонларга етишларига эришишдир. Ушбу савобли жараёнда кўп сонли ҳожиларимиз фаол, улар ҳамиша халқ орасидалар.

ЎМИ Хоразм вилоят вакили

Х.Абдуллаев

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *