Ҳожилик –юксак мақом. Агарда амалдаги йилда ҳаж зиёратига борган фуқароларимиз ҳақида сўз кетса, уларнинг юртимиз ривожига ҳисса қўшаётган, ёшларимиз учун янги иш ўринлари яратаётган, айни пайтда саховатпешалик намуналарини кўрсатаётган тадбиркорлар эканини кўрамиз. Шунингдек, ҳожиларимизнинг эл-юрт равнағи учун умрини бахшида қилган, элда таниқли нуронийлар, зиёлилар ташкил қилади.
Белгиланган режа асосида тарғибот гуруҳи аъзолари вилоятдаги маҳаллаларда “Шукроналик”, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Илмсиз келажак йўқ!”, “Тинчлик –олий неъмат!” ва “Инсон қадри буюк” каби мавзуларда маърифий-тарғибот тадбирлари ўтказишди. Бундай учрашувлар, маърифий-тарғибот тадбирлари изчил давом қилмоқда.
Тадбирларни ташкиллаштиришдан мақсад фақат учрашувлар ўтказиш эмас. Тадбирлар доирасида маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, профилактик ҳисобда турувчи, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оила, ажрим ёқасида турган фуқаролар, айни пайтда ёт ғояларга алданган ёшларни ҳожиларимизга бириктириш амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Қисқа тарзда рақамларга мурожаат қилсак, ҳожи ота ва ҳожи оналар томонидан эҳтиёжманд оила, ажрим ёқасига келиб қолган, носоғлом муҳитдаги оила, ишсиз бўлган фуқаролар, тарбияси оғир ёшлар ва бошқа тоифадаги фуқароларни оталиққа олишди. Бу билан қисқа фурсатда ижобий самарадорликка эришилганини ҳам қайд қилиш керак.
Ҳожиларимиз имом домлаларимиз билан биргаликда ўзларига бириктирилган фуқаролар яшаётган хонадонларга бориб, муаммони жойида ўрганишди, унинг ечими бўйича маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларини хабардор қилишди. Гуруҳларга қўшилган ҳожиларимиз томонидан эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилгани, бу жараён изчил давом қилаётгани қувонарли ҳолдир.
Тоифаларга ажратилган ҳожиларимиз ўз маҳаллаларидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга бириктирилганки, улар керак бўлса ҳар куни шу оилалар ҳолидан хабар олишади. Чунки, бу оилалар ва шахслар билан бир маҳаллада яшашади. Ўзаро яқинлик, эътибор самараси кенг кўламли бўлади.
Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Ҳажжи мабрурнинг мукофоти фақат жаннатдур”, деб марҳамат килганлар. Уламоларимиз, ҳажжи мабрурнинг аломати — ҳаж ибодатидан кейин ҳожилар ҳаётда барчага яхшиликда намуна бўлмоғи, хайру саховатда бўлмоғи ва хулқини сайқаллаб турли бузуқликлардан йироқ бўлмоғидадир, дейишган.
Ўтган мавсумларда ҳаж зиёратини адо қилган кўп сонли ҳожиларимиз ҳам ушбу хайрли тадбирларга бефарқ бўлмасдан ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдиришмоқда.
Урганч шаҳар бош имом-хатиби
Х.Кенжаев