Ислом эзгулик динидир

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган ислом динида инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим.

Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир. Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ. Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш ва ҳоказо.

Ҳар бир яхшилик бесамар қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдоридаги амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Мўмин киши ҳалол меҳнат қилиб, ўзига, оиласига нафақа қилиши, ортганидан муҳтожларга улашиши, мазлумга ёрдам бериши, ожизларнинг ҳолидан хабар олиши, кишиларни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши ва гуноҳлардан тийилиши айни савобдир. Аммо санаб ўтилганлардан баъзисига қурби етмайдиган ожиз киши яхши ният қилса, яхшилик йўлида имкони борича ҳаракат қилса, ҳеч бўлмаганда, ёмонликни тарк этса ҳам охиратда даражаси юксалади.

Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, “эзгу ишлар” деганда Аллоҳ ва бандаларининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат барча яхшиликлар, жумладан, Аллоҳга ибодат қилиш ва одамларга манфаат етказиш тушунилади. Одамларга манфаат етказувчи инсоннинг мартабаси шу даражада юксалтирилдики, у Аллоҳга энг суюкли ва маҳбуб бўлган бандалар қаторидан жой олди. Набий алайҳиссаломга “Қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда, У Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир”, деб марҳамат қилдилар (Табароний ривояти). Оламдаги барча маҳлуқотларнинг ашрафи бўлган инсон илоҳий каромат, иззат ва қадриятларнинг соҳибидир. Инсонга барча афзалликлар эса Аллоҳ таолога итоат этганлиги учун берилган. Аллоҳга итоат қилиши натижасида инсон фарзанди руҳий комилликка эришади, барча тубанлик ва нопокликлардан покланади. Парвардигор раҳмати оғушидаги пок ва абадий ҳаёт деб аталмиш ҳақиқий саодатга эришади.

Ислом дини бутун инсониятга ҳар томонлама мустаҳкам ҳуқуқларни жорий қилган. Ҳар қандай шахс Исломнинг хоҳ ичида бўлсин, хоҳ унинг ташқарисида; хоҳ у тинчлик даврини, хоҳ уруш лаҳзаларини ўз бошидан кечираётган бўлсин, уларга риоя қилинади ва барча шароитда эътибор берилади. Қуръони Каримда очиқ-ойдин келтирилган: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни (уларга нисбатан) адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор Зотдир» (Моида сураси, 8-оят). Инсон жони ҳар қандай шароитда муқаддас ҳисобланади ва унга ноҳақдан тажовуз қилинмайди. Агар ким шу муқаддас инсониятнинг жонига ноҳақ қасд қилса, Қуръони Каримда бу кимса бутун инсониятни ўлдириш билан тенглаштирилади:

Аёллар, болалар, қариялар, касал ва дардманларни таҳқирлаш таъқиқланган. Хотин-қизларнинг номуси ва иффати ҳар қандай шароитда ҳурмат қилиниши шарт. Қорни оч қолган кишилар тўйдирилиши зарур, яланғоч қолганлар кийинтирилади ва жабр кўрган, дардга чалинган одамлар учун тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳаттоки Ислом динига алоқаси бўлмаган инсонлар ҳам бундан мустасно эмаслар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг видолашув хутбаларида қуйидагиларни марҳамат қилганлар: «Бу кунингиз қандай муқаддас бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас бўлса, бу шаҳрингиз қандай муқаддас бўлса, билингки, жонларингиз, молларингиз ҳам то Аллоҳнинг ҳузурига чиққунга қадар бир-бирларингизга бу муқаддас кун, бу муқаддас ой, бу муборак шаҳар каби муқаддасдир. Буларга қилинган ҳар қандай тажовуз ҳаромдир».

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Ислом динимиз инсонларни аҳил бўлишга, турли хил фирқаларга бўлинмасликка, инсонларни яхшикка буюриб, ёмонликдан қайтаришга буюрди. Чин мўминлик аҳилликдир. Чунки инсонлар орасидаги аҳиллик жамиятдаги аҳилликдир ва жамият аҳил бўлса, демак, давлат фаровон, халқ эса тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Ҳозирги кунда бизнинг диёримиз дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида юқори ўринда турибди. Бу улуғ неъматдир. Аллоҳ таоло бизларга тавфиқ ато этсин ва юртимизни ўз паноҳида асраб, барчамизни аҳил мўминлардан бўлишимизни насиб айласин.

Ҳ.Юсупов

Урганч туман «Жон Харош бобо» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *