МОТУРИДИЙЛИК–НАЖОТ МАНБАИ

Тарихий манбаларда Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлгани қайд этилади. Чунки, аллома яшаган даврда, яъни IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида ислом динида турли гуруҳ ва фирқалар сони кўпайиб кетган. Натижада имон-эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофлар келиб чиққан. Ана шундай вазиятда Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган.  Бу мактаб томонидан илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди.

Юқоридагилардан ташқари Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий етишиб чиқиб, ўзининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккури билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзининг бор салоҳияти ва куч — қувватини аямади.

Имом Абу Мансур Мотуридий яшаган давр аббосийлар давлати ҳукмронлигининг иккинчи босқичи, яъни IX асрнинг охири X асрнинг бошлари, аббосийлар давлатининг парчаланаёган вақтига тўғри келди.
Ислом олами катта фитналардан бири бўлган қарматийлар фитнаси билан юзлашган бир пайт эди. Энг ачинарлиси қарматийлар 318/930 йил ҳаж мавсумида Маккага ҳужум уюштириб, уни талон- тарож этганлар. Зиёратга борганларни ўлдиришган, бир қисмини қул қилишган, у ердаги “қора тош”ни парчалаб, ўлжа қилиб олиб кетиш даражасида қабиҳликларга боришган. Бундан кўриниб турибдики, бизнинг уламоларимиз қарматийлар оқимининг тарқатаётган ғоялари нафақат ўз даври, балки, келажак авлод учун ҳам катта талафотларга олиб келишини англаб, ўз вақтида керакли муолажаларни олиб борганлар.

Юқоридагилардан ташқари Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий етишиб чиқиб, ўзининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккури билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзининг бор салоҳияти ва куч — қувватини аямади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у зот Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликга олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.
Имом Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифатли бўлдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонининг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги ҳанафий уламоларига шогирд тушдилар.

Имоми Мотуридий даври билан бугунни боғлайдиган нарса нима, улар ўртасидаги ўхшашлик қандай намоён бўлади?! Ислом тарихидан маълумки, 3-4 ҳижрий асрлардан турли эътиқоди бузуқ тоифалар ривожланиб, мусулмон умматини тафриқага сола бошлади. “Сен кофирсан”, “сен мунофиқсан” каби даъволар кўпайгандан кўпайди. Шу даврда Имом Мотуридий бизнинг диёрда етишиб чиқиб Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини аслини баён қилиб, халққа тушунтирдилар, керакли ўринларда раддиялар бердилар, адашганларни тўғри йўлга қайтарди. У зотнинг ислом умматига қилган энг катта хизмати, ислом умматини яна қайтадан жамлаш, аҳли сунна вал жамоа эътиқоди атрофида бирлаштириш бўлди. Шу сабабдан хам Ханафий эьтиқоди олимлар ва бутун халқни эьтирофида Мотуридия таьлимоти дея юритила бошлади. Бугунги кунимизда ҳам ўтмишдаги каби ислом умматида бўлиниш, фирқаланиш ўзгани куфр ва нифоқда айблаш борган сари кўпайиб бормоқда. Ўтмишда улуғ боболаримиз қилгани каби ҳар биримиз умматни бирлаштириш, иттифоқ қилиш ҳаракатида бўлайлик. Бунинг учун Имом Мотуридий бобомиз тутган йўлга бирлашиб, бир-биримизга бағрикенглик қилиб, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ», деган кишиларни тек қўяйлик, уларни куфр, нифоқ ва ширк билан айбламайлик. Ахир улуғ бобокалонимиз ўз даврларида бу нарсаларга қарши қандай кураш олиб борган бўлсалар барчаси кучли далил ва ҳужжатларга асосланган ҳолда олиб борилганлигини барча тан олдику?.

У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

       У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига илмий ва ақлий  раддия берганлар.

      У кишининг  таълимоти мўътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаганлар. Мотуридий бобомиз шунга чек қўяди ва бу ўлкада ягона ақида тизимини ҳанафия мазҳаби ва эьтиқоди асосида ўрнатади. У барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб беради. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ал-мотуридия таълимоти “аҳли сунна вал жамоа” нинг ҳанафия мазҳаби асосида шаклланган калом йўналишларидан биридир. Унинг таълимоти турли ботил оқимларга қарши ақлий, нақлий ва фалсафий далилларни келтириш асосида вужудга келган.

Ислом дини ақидасини соф ҳолда сақлаш барча даврларда долзарб масалалардан бўлиб келган. Миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланаётган айни пайтда диний эътиқод тамойилларини илмий асослаб бериш ва уни кенг оммага етказиш ислом динига эътиқод қилувчи кишиларнинг турли номаълум йўналишларга эргашмай, ўз ақидаларини мустаҳкам тутишлари учун гаровдир. Бундай ишларни амалга оширишда Имом Абу Мансур ал-Мотуридий каби буюк аллома аждодларимиз илмий меросларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Қ.Машарипов

Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *