Ислом тарихида йирик мутакаллимлар ичида Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ўзининг чуқур илмий изланишлари, мўтадил қарашлари ва ақл билан нақлни уйгунлаштира олган ёндашуви билан ажралиб туради. Унинг та’лимоти аҳли суннанинг ақидавий асосларидан бири бўлган мотуридийлик мактабига асос солган. У айниқса, Мовароуннаҳр илмий мактабининг пишиб етилиши, мустаҳкам ақидавий қарашларнинг шаклланиши ва мусулмон жамиятининг мафкуравий барқарорлиги учун муҳим замин яратган. Ушбу мақолада Имом Мотурудийнинг илмий мероси, унинг асосий каломий гоялари, тарихий ўрни ва бугунги кундаги долзарблиги ҳақида чуқур таҳлилий ёндашув билан сўз юритилади.
Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий IХ аср охири ва Х аср бошларида тахминан 870-944-йиллар оралигида яшаган. Унинг ҳаёти Мовароуннаҳрда, хусусан Самарқандда кечган. Бу давр ислом дунёсида фалсафа, калом, фиқҳ ва бошқа исломий илмлар жадал ривожланган бир давр эди. Мутазилийлар, хорижийлар, шиалар каби турли фирқалар фаол бўлиб, иймон, қадар, илоҳий сифатлар каби ақидавий масалалар атрофида жиддий баҳслар кечаётган эди. Имом Мотуридий айнан шу илмий муҳитда етишиб чиқди ва ўз мактабини шакллантиришга муваффақ бўлди. У ҳанафий фиқҳи мактаби асосида калом илмини ривожлантирди ва Имом Азам Абу Ҳанифа қарашларини назарий жиҳатдан изоҳлаб берди.
Имом Мотуридий калом илми масалаларида ўрталик йўлини тутди. Унга кўра, ақл инсон учун Аллоҳ борлигини билишда етарли восита бўла олади, аммо инсон ақлнинг ўзи билан, ваҳийсиз тўлиқ ҳидоятга эриша олмайди. Шу боисдан мотуридийлик та’лимотида асосан нақлга таянилсада, ақл ҳам бир қанча масалаларни англашда ёрдамчи восита ҳисобланади. Имом Мотуридий қуйидаги асосий тамойилларни илгари сурган:
— Иймон — қалб билан тасдиқдир; тил билан иқрор бўлиш унинг рукни эмас.
— Гуноҳи кабира қилган мусулмон диндан чиқмайди.
— Аллоҳнинг сифатлари азалий ва абадийдир.
— Қазо ва қадар масаласида инсон ихтиёрга эга, бироқ бу Аллоҳнинг илми ва иродасига зид келмайди.
Ушбу тамойиллар орқали Имом Мотуридий калом илмини мўтадил, далил ва маноқилларга таянган асосда олиб борди.
Имом Мотурудийнинг бизгача етиб келган асосий асарларидан бири бу “Китоб ат-Тавҳид” асаридир. Ушбу асарда у Аллоҳнинг ягоналиги, сифатлари, иймон, куфр, қадар, пайгамбарлик ва бошқа ақоид масалаларини чуқур мантиқий ва далилларга асосланган тарзда ёритади. Шунингдек, “Та’вилат Аҳл ас-Сунна” (ба’зида “Та’вилат ал-Қур’ан” деб номланади) номли тафсир асари ҳам мавжуд бўлиб, унда Қур’они Каримнинг ақидавий жиҳатдан ҳам изоҳи берилган.
Имом Мотуридий мусулмон оламида Абу Ҳасан ал-Аш’ари билан бир қаторда аҳли суннанинг асосчиларидан бири сифатида тан олинган. Мотуридийлик мактаби айниқса, Марказий Осиё, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа ҳанафий мазҳаби тарқалган ҳудудларда кенг ёйилган. Бугунги кунда ҳам уламолар томонидан унинг асарлари тадқиқ этилиб, таҳқиқ қилинмоқда.
Имом Мотуридий — нафақат ўз даврининг етук алломаси, балки мусулмон тарихида ўчмас из қолдирган мутакаллимдир. Унинг мотуридийлик мактаби мусулмон умматининг ақидавий барқарорлигини та’минлашда муҳим рол ўйнаган. Айниқса, исломда иймон, ақл, илоҳий сифатлар, қадар каби нозик масалаларга бўлган мўтадил, далилга асосланган ўзига хос ёндошуви орқали ўз даврида урчиган, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига зид қарашларга барҳам берди. Аллоҳ таоло Мовароуннаҳр юртига берган бу буюк мутакаллимнинг мероси ҳали-ҳануз ўрганишга, таргиб қилишга, ёш авлодга етказишга арзигулик бебаҳо хазина бўлиб қолмоқда. Шу боис ҳозирги кунда юртимиз уламолари томонидан Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси чуқур ўрганилмоқда. 2000-йили мамлакатимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг нишонланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Самарқандда аллома хотирасига ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. Аллома ҳаётининг турли қирраларини ёритувчи мақолалар, рисолалар ва тадқиқотлар чоп этилди.Тошкент ва Самарқандда Имом Мотуридий та’лимоти ва унинг ислом оламида тутган ўрнига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилди. 2020-йил 3-4 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳомийлигида Самарқанд шаҳрида “Имом Мотуридий ва мотуридия та’лимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференсия ташкил этилди. 2020-йил 11-август куни Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Ушбу марказда аллома мероси кенг қамровли тарзда ўрганилмоқда. Яна Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – багрикенглик, мўтадиллик ва ма’рифат та’лимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг мероси ўрганилишига бўлган юксак э’тиборнинг яққол намунасидир.
Х.Кенжаев
Урганч шаҳар бош имом-хатиби