Дин ва маърифат равнақи йўлида фидойи инсон

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ҳаёт йўллари ва фаолиятлари ҳақидаги мақолани ўқир эканман, дин ва маърифат йўлида амалга оширилган улкан ишларга яна бир бор гувоҳ бўлдим. Муфтий ҳазратларининг фаолиятлари халқимиз маънавияти юксалиши, диний соҳада тартиб-интизом ва изчиллик қарор топиши ҳамда исломий қадриятлар янада равнақ топишида муҳим ўрин тутади.
Муфтий ҳазратлари илм-маърифат йўлида собитқадамлик ва фидойилик билан меҳнат қилиб келмоқдалар. Илк даврларданоқ Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтини муваффақиятли тамомлаб, кейинчалик юртимиздаги турли олийгоҳларда ҳам таҳсил олганлари ҳазратнинг илмга бўлган юксак интилишини намоён этади. У киши фаолиятлари давомида шариат аҳкомларини кенг тарғиб этиб, маънавият ва маърифат нурини халқ қалбига етказиб келмоқдалар.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар раҳнамолигида қатор муҳим ташаббуслар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида Фатво маркази ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур марказда турли соҳаларда етук уламолар фаолият олиб бориб, ҳар куни минглаб саволларга асосли жавоб тақдим этмоқда. Бу эса халқимизнинг диний-эътиқодий эҳтиёжларини қондиришда улкан имконият яратди.
Юртимизда масжидлар қурилиши ва таъмири мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Ҳозирга қадар юзлаб янги масжидлар обод қилиниб, минглаб намозхонлар учун муносиб шарт-шароитлар яратилди. Бу ишлар Аллоҳнинг розилиги йўлида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлардир.
Шу билан бирга, имом-хатиблар малакасини ошириш, отинойилар фаолиятини йўлга қўйиш, ёшлар ва аёл-қизлар тарбиясида самарали ишлар олиб бориш каби саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Қуръон ва тажвид курслари ташкил этилди, юз минглаб инсонлар ушбу илмдан баҳраманд бўлдилар. Ўзбек қорилари халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этмоқда.
Муфтий ҳазратлари интернет ва медиамаконда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Ижтимоий тармоқларда у кишининг маънавий-маърифий чиқишларини миллионлаб обуначилар қизиқиш билан кузатмоқда. Айниқса, хориждаги ватандошларимиз ҳам Муфтий ҳазратларининг маърузалари орқали қалбларига нур олиб, Ватан билан маънавий боғланиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг халқаро майдондаги фаолиятлари ҳам юксак эътирофга сазовор. У зот бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар аъзоси сифатида тинчлик, бағрикенглик ва мусулмон умматининг бирдамлиги йўлида ташаббуслар кўрсатмоқдалар.
Ҳаж ва умра сафарларини ташкил этишда ҳам янги босқичга қадам қўйилди. Зиёратчилар сони сезиларли даражада ошди, улар учун замонавий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Ҳар бир зиёратчининг ибодатларини баркамол адо этиши учун барча шароитлар муҳайё қилинди.
Муфтий ҳазратлари раҳнамолигида хайр-саҳоват ва меҳр-мурувват ишлари кенг кўламда амалга оширилиб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, нуронийлар ва ногиронлиги бор шахсларнинг эҳтиёжларини қондиришга сарфланмоқда.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг хизматлари давлатимиз раҳбари ва халқаро жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Хусусан, Муҳтарам Президентимиз фармонига мувофиқ у зотнинг «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан тақдирланиши — илм ва маърифат йўлидаги фидокорона меҳнатлари ва дин равнақи йўлидаги хизматларининг чинакам эътирофидир.
Хулоса қилиб айтганда, Муфтий ҳазратларининг фаолиятлари Янги Ўзбекистонда ислом маърифатининг тараққиёти, халқимиз маънавиятининг юксалиши ва уммат саодати йўлида беқиёс ҳисса қўшмоқда. Аллоҳ таоло у зотга сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва хайрли хизматларда бардавомлик ато этсин.

 

Х.Абдуллаев

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Хоразм вилоятидаги вакили 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *