Инсон ҳаётида тўғри йўлни топиш ва шу йўлдан оғишмай юриш жуда муҳим. Ислом дини айнан ана шу йўлни кўрсатади. Лекин вақт ўтиши билан баъзи инсонлар динга ўз қарашларини қўшиб, унга номаълум янгиликлар кирита бошладилар. Шу тариқа бидъат ва хурофотлар пайдо бўлди.
Бидъат нима ва у қаердан келиб чиқади? Бидъат — Исломда асли бўлмаган, кейинчалик дин номи билан амалга оширилган янгиликдир. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан кўрсатилмаган ибодат турларини янги шаклда бажариш, янги тартиблар жорий этиш, динга қўшимча ёзиқлар киритиш — буларнинг барчаси бидъат ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: “Кимки бизнинг динимизда унда бўлмаган бир нарсани жорий этса, у рад этилгандир.” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) Бу ҳадисдан билинадики, динга янги нарсани қўшиш — хатарли иш. Чунки Ислом дини Аллоҳ томонидан тўлиқ қилиб нозил қилинган: “Бугун сизлар учун динингизни мукаммал қилдим…” (Моида сураси, 3-оят)
Бидъат фақат янги ибодат эмас, балки одамларнинг эътиқодига таъсир қилувчи хато тушунчалар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, “фалон кунда маҳоратли дуо қилса, барча гуноҳ кечирилади” каби сўзлар ҳеч қандай далилга эга бўлмасдан, одамлар орасида тарқалади. Бу ҳам бидъатдир.
Хурофот — ақл ва динни олувчи хатар, Хурофот — бу ақлга тўғри келмайдиган, диний далилсиз эътиқод ёки амалдир. У инсонни Аллоҳга ишонишдан чиқариб, бошқа нарсаларга боғлаб қўяди. Одатда хурофотлар халқ оғзаки ижоди ёки қадимги урф-одатлар орқали тарқалади.
Хурофотларнинг айрим мисоллари: Қора мушук йўл кесса, бахтсизлик келади деб ишониш; Мазорларга бориб, “тилла ёғдир” ёки “фарзандим бўлсин” деб илтижо қилиш; Фолбинлар ёки кўз очувчиларга бориб қисмат ҳақида сўраш. Бу каби эътиқодлар шариатда йўқ ва улар одамни ширкка- яъни Аллоҳдан бошқадан ёрдам сўрашга олиб боради. Қуръонда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Агар фақат Унга (Аллоҳга) дуо қилсангиз, У дуоларингизни қабул қилади.” (Ғофир сураси, 60-оят)
Хурофот — бу ҳақиқатни яширадиган ғубор каби, инсоннинг қалбидаги тозаликни булғаб, уни илоҳий нурдан узоқлаштиради.
Нега бидъат ва хурофот хавфли?
- Исломнинг аслий шаклини ўзгартиради — Ислом сариқ ёки қўшимча динга айланиб қолади.
- Одамларни нотўғри эътиқодга бошлайди — Бу ширк ва куфргача олиб бориши мумкин.
- Жамиятни қолоқлаштиради — Илм эмас, уятли, ноилмий эътиқодлар тарқалади.
- Ҳақиқий ибодат ва дуонинг қадри йўқолади — Чунки одамлар дуони эмас, қандайдир “сирли усул”ни яхши деб ҳисоблай бошлайди.
Нима қилиш керак? Бидъат ва хурофотлардан қутулиш учун авваламбор илм керак. Қуръон ва ҳадисларни ўрганиш, тўғри уламолардан маслахат олиш, ибодатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилган бўлсалар, худди шундай тарзда бажариш зарур. Ҳар қандай амални қилишдан аввал сўранг: “Бу иш Қуръонда борми? Пайғамбаримиз қилганларми?” Агар жавоб йўқ бўлса — қилманг. Исломни соддалиги ва поклиги билан қабул қилинг. Унга ўзгартириш киритишдан эҳтиёт бўлинг.
Бидъат ва хурофотлар — бу Исломнинг юзига тушаётган ғубордир. Агар биз уларни танимасак, улар орқали диндан узоқлашамиз. Ҳақиқий иймон, тозалик ва саодат фақат Аллоҳ ва Унинг Расули кўрсатган йўлдадир. Келинг, динимизни асл холатида, шубҳали янгиликлардан холи ҳолда қабул қилайлик. Ана шундагина бу дунё ва охиратда саодат топамиз.
Ф.Отажонова
ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари