Мустақиллик – Яратганнинг улкан неъматидир

Алҳамдулиллаҳ, Роббил оламин. Ва салоту вассалому ъала Хайру халқийҳи Муҳаммад, ва ъала олиҳи ва асҳобийҳи ажмаъин.

Ҳурматли ҳамдиёрлар, азиз мўъмин ва мўъминалар!

Аллоҳ таолога беадад шукроналаримиз бўлсинки, бизларни тинчлик-осойишталик, эркинлик ва мустақилликка ега юртда яшаётган банда қилиб яратди. Бу бебаҳо неъматнинг қадрига етиб, шукрини адо этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Мустақиллик нафақат сиёсий ёки иқтисодий эркинлик, балки маънавий ва диний ҳаётимизда ҳам беқиёс аҳамият касб этади.

Ўтмишда бобокалонларимизнинг қандай оғир синовлар, мустамлакачилик ва тақиқлар остида яшаганини эсласак, бугунги неъматнинг қийматини янада чуқурроқ англаймиз. Бир пайтлар динимизни ўрганиш, Қуръон ўқиш, масжидларга эркин бориш ҳам қийин бўлган. Бугун эса, шукрки, масжидлар обод, диний таълим муассасалари фаол, Ислом арконлари эркин амалга оширилмоқда.

Мустақиллик – фақат давлат рамзлари ёки байрам эмас, у Аллоҳ таоло томонидан бериладиган синов ҳамдир. У синов шундаки, эркинлик шароитида динимизга қанчалик содиқ қоламиз? Яхши амалларда мусобақалашамизми? Бу юртнинг тинчлиги ва ободлиги учун ҳисса қўшамизми? Ҳар бир онани, ҳар бир бош отинойининг вазифаси шундаки, бу неъматларни асраб-авайлаб, келажак авлодга соф ҳолда етказишда фаол иштирок этишдир. Болаларимизни Ислом ахлоқи асосида тарбиялаб, уларга ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ҳалолликни уқтиришимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Куллукум роъин, ва куллукум масъулун ъан роъиятиҳи» — Яъни: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қарамоғингиздаги одамлар учун масъулсиз», – деганлар. Ушбу ҳадисдан англашиладики, ҳар биримиз оилада, маҳаллада, жамиятда ўз ўрнимизда масъулмиз. Мустақилликни асраш – бу фақат ҳукуматнинг эмас, балки бутун халқимизнинг, хусусан, биз, аёллар ва диний соҳа вакилларининг ҳам умумий бурчи ҳисобланади.

Хулоса, Азиз аёллар, ҳурматли оналар! Келинг, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, Ватанимиз тинчлиги, Ислом динимизнинг равнақи ва фарзандларимизнинг соғлом, билимли, иймонли бўлиб ўсиши учун ҳаракат қилайлик. Мустақиллик — биз учун Аллоҳнинг улкан неъматидир. Унга шукр қилиш, уни қадрлаш ва асраб-авайлаш ҳар биримизнинг энг муқаддас вазифамиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, динимизни азиз, халқимизни фаровон қилсин! Омин.

Ф.Атабоева

Қўшкўпир тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *