Бу кун мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланган, инсон қадри, эркинлиги ва ҳуқуқлари энг юксак қадрият сифатида эътироф этилган кундир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган ушбу тарихий сана ҳар йили кенг нишонланиб, юртимизда қонун устуворлиги, барқарорлик ва фаровонлик тимсоли сифатида қадрланади.
Конституция – дунёвий тараққиёт асоси. Конституция – давлатимиз ривожининг стратегик йўлини белгилаб берувчи, жамият ҳаётини адолатли ва барқарор асосда ташкил этишга хизмат қилувчи бош қонунимиздир. Унда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, демократия, қонун устуворлиги, миллатлар ва конфессиялар тотувлиги каби асосий принциплар мустаҳкам ўрин олган. Бош қонунимиз: фуқароларнинг тенг ҳуқуқли бўлишини, шахс дахлсизлигини, меҳнат ва таълим ҳуқуқини, оила, меҳр-шафқат, бағрикенглик каби умумбашарий қадриятларни қонун даражасида кафолатлайди. Бу эса юртимизда ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам замин яратади.
Диний нуқтаи назардан Конституция қадри. Диний таълимотларга кўра, адолат, тинчлик ва тартиб – жамиятнинг энг улуғ неъматларидир. Исломда “адолат” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири сифатида улуғланади ва инсонларга ҳам шу фазилат билан иш юритиш буюрилган.
Бош қонунимиздаги: адолат, тинчлик, миллатлар ва динлар тотувлиги, инсон қадрига ҳурмат каби тамойиллар ҳам айнан шу илоҳий меъёрларга уйғундир. Ўзбекистонда турли дин ва миллат вакилларининг тинч-осойишта, бир оиладай яшаб келаётгани – Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқий кафолатлар самарасидир. Бу эса юртимизнинг маънавий етуклиги ва бағрикенглигидан далолат беради. Конституция – халқнинг юрагидаги эътиқод ва ишонч. Бугунги кунда Конституция нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки халқимиз қалбидаги ишонч рамзига айланган. У бизга: тинчликни асраш, адолатни таъминлаш, баркамол авлод тарбиялаш, миллатлар ва динлар ўртасида хурматни юксалтириш каби улуғ вазифаларни юклайди. Қонун устуворлиги таъминланган юртда меҳнатга эҳтиром, адолатга ишонч ва келажакка умид янада мустаҳкам бўлади.
8 декабрь – бу шунчаки байрам эмас; бу халқимиз иқтисодий, сиёсий ва маънавий тараққиёт йўлида бирлашиш кунидир. Конституция куни барчамизни бир мақсад йўлида – юртимиз равнақи, тинчлиги ва келажак авлодларимиз бахту-саодати йўлида бунёдкор бўлишга чорлайди.
Конституция куни муборак бўлсин!
Юртимиз тинч, элимиз омон, қонун устувор бўлган юртда бахту-саодат ва барака доим ҳамроҳ бўлсин!
М.Абдуллаева
Хива туман бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари