ОНА СУТИ — ТАБИИЙ ШИФО ВА ҲАЁТ МАНБАИ

Инсон ҳаётининг илк босқичи- чақалоқлик даври — энг нозик ва ҳал қилувчи давр ҳисобланади. Айнан шу даврда боланинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилади. Боланинг қандай озуқа билан боқилиши эса унинг бутун ҳаёти давомидаги саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан қараганда, она сути бола учун энг табиий, энг хавфсиз ва энг мукаммал озуқа ҳисобланади. Она сути фақатгина қорин тўйдирувчи овқат эмас, балки бола учун ҳаёт манбаи, иммун ҳимояси, меҳр ва руҳий хотиржамлик рамзидир. Уни ҳеч қандай сунъий озуқа тўлиқ алмаштира олмайди. Она сутининг яратилиш мўъжизаси. Она сути — табиатнинг буюк мўъжизаларидан бири ҳисобланади. Унинг энг муҳим жиҳати шундаки, она сути боланинг ёши, эҳтиёжи ва саломатлигига қараб ўзгариб туради. Илк кунларда ажраладиган оғиз сути (колострум) иммун моддаларга жуда бой бўлса, кейинги ойларда сут таркиби боланинг ўсишига мослашади. Она сути таркибида:юқори сифатли оқсиллар, энергия берувчи ёғлар, мия ривожи учун зарур бўлган ёғ кислоталари, витамин ва минераллар, инфекцияларга қарши антителолар, мувозанатли ҳолда мавжуд.

Она сути ва бола иммунитети. Чақалоқ дунёга келганда унинг иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шу пайтда она сути бола учун табиий “қалқон” вазифасини ўтайди. Она сути таркибидаги тирик ҳужайралар ва антителолар болани ташқи муҳитдаги зарарли микроорганизмлардан ҳимоя қилади. Она сути билан боқилган болалар: шамоллаш касалликларига, ичак инфекцияларига, аллергия ва астмага камроқ чалинади. Шунингдек, келажакда сурункали касалликлар хавфи ҳам сезиларли даражада пасаяди.

Она сутининг ҳазм тизимига таъсири. Она сути боланинг ҳали ривожланиб улгурмаган ошқозон-ичак тизими учун энг қулай озуқа ҳисобланади. У осон ҳазм бўлади ва болада ич қотиши, дам бўлиш, оғриқ каби ҳолатларни камайтиради. Сунъий озуқалар кўпинча ҳазм қилишда қийинчилик туғдирса, она сути боланинг ичак микрофлорасини соғлом шакллантиради. Бу эса боланинг умумий саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Она сути ва ақлий ривожланиш. Она сути таркибидаги махсус ёғ кислоталари бола мияси ва асаб тизими ривожи учун жуда муҳим. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан боқилган болаларнинг ақлий салоҳияти юқорироқ бўлади.Бундай болаларда: хотира кучли, диққатни жамлаш қобилияти яхши, нутқ ривожи тез шаклланади. Бу эса келажакда таълим жараёнида катта афзаллик беради.

Эмизиш ва руҳий тарбия. Эмизиш жараёни бола учун нафақат овқатланиш, балки руҳий тарбиянинг илк босқичидир. Она бағрида бўлган бола ўзини хавфсиз ҳис қилади, ташқи дунёга ишонч билан қарай бошлайди. Она сути билан боқилган болалар: хотиржам, кам йиғлайдиган, меҳр-оқибатли, бўлиб улғаяди. Бу эса келажакда унинг жамиятдаги муносабатларига ижобий таъсир кўрсатади. Она сути — она саломатлиги учун ҳам неъмат Эмизиш жараёни она саломатлигига ҳам катта фойда келтиради. У туғруқдан кейин бачадоннинг тезроқ тикланишига ёрдам беради, қон кетиш хавфини камайтиради. Бундан ташқари, она сути билан узоқ муддат эмизиш: кўкрак бези саратони, тухумдон касалликлари, остеопороз хавфини пасайтиради. Шунингдек, эмизиш онада руҳий барқарорликни таъминлайди. Жамият келажагида она сутининг ўрни. Соғлом бола — соғлом жамият демакдир. Она сути билан боқилган авлод жисмонан бақувват, ақлан етук ва маънан барқарор бўлади. Бу эса мамлакат тараққиёти учун муҳим омил ҳисобланади. Она сутига эътибор бериш:соғлиқни сақлаш харажатларини камайтиради, келажак авлод сифатини оширади, оилаларда соғлом муҳит яратади.

Она сути — бола учун Аллоҳ томонидан берилган энг улуғ неъматдир. У боланинг ҳаётини сақлаб қолиш, уни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳар бир она имконият борича боласини она сути билан боқиши, жамият эса она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиши лозим. Она сути — ҳаёт манбаи, саломатлик кафолати ва келажак авлоднинг мустаҳкам пойдеворидир.

Ф.Отабоева

Қўшкўпир туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *