Инсонни комилликка етаклайдиган энг гўзал фазилат сабрдир . “Сабр сўзи” чидам, тоқатли бўлиш, тийилиш, бардош маъноларини англатади. Истилоҳда эса қийинчилик ва мусибатларга бардош бериш, қайғу ва тушкунликка тушмаслик, шошма-шошарлик қилмаслик “сабр” дейилади. Қуръони каримнинг юзга яқин ояти каримасида мўмин — мусулмонлар сабрга, чидамга чақирилади ва Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни севиши ва улар билан доимо биргалигининг хабари берилади: “Эй имон келтирганлар ! Сабр ва номоз билан (Мендан ) ёрдам сўранг! Аллоҳ албатта сабр қилувчилар билан биргадир” ( Бақара сураси, 153 — оят).
“Эй имон келтирганлар ! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора (охиратда) ножот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр — қаноатда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яқуб (алайҳиссалом), туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф (алайхиссалом), машаққат, дард — офатларга йўлиққан Айюб (алайҳиссалом), хўрлаш- қийноқларга бардошли Мусо (алайҳиссалом)нинг улкан сабрлари тарих саҳифаларига битилган. Аллоҳ таоло барча элчиларига ваҳийни етказиш ва инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларга сабр кўрсатишни буюрган.
Сабр — нафснинг юксак ҳулқларидан бири. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллолоху алайҳи вассалам сабрни уч турга бўлганлар: ибодатдаги, гуноҳдан сақланишдаги ва мусибат — машаққатлардаги сабр. Ҳадиси шарифда: “Сабр имоннинг ярмидир” (Имом Бухорий ривояти) дейилган. Солиҳ бандалар Аллоҳ таоло розилигини истаб сабр қиладилар, чунки сабрга катта ажр — мукофотлар ваъда қилинган:
“Илло, сабрли бўлган ва эзгу ишларни қилганларга, айнан ўшаларга мағфират ва катта мукофот бордир” (Ҳуд сураси, 11 — оят).
“Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар” (Инсон сураси, 12 -оят). Айниқса мусибат етганида мусулмон киши сабрли бўлиши ва Хақ таолонинг ўзи ўргатган истиржоъ (“Инна лиллоҳи ва инна илайҳи рожиъун” – “Албатта, ҳаммамиз Аллоҳникимиз ва албатта, ҳаммамиз Унга қайтгувчимиз”) дуосини айтиши, ҳамма нарса Аллоҳ таолоники ва бари Унга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак. Уламолар: “Мусибатга илк тўқнашгандаги сабр муҳим, чунки вақт ўтгач киши хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр қилади. Ақлли киши мусибатнинг бошида чидаган кишидир”, дейишган.
Сабр ҳар бир эркак — аёлга зарур бўлган сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин — мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо этолмайди.
Ҳадиси шарифда: “Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ҳадя берилмаган” (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти), дейилади.
Уломалар айтишларича, уч нарсани — садақа, оғриқ ва мусибатни яшириш яхшилик хазинасидир. Бир ҳадисда: “Сабр — зиёдир” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти), дейилган. Зеро, сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни намаён қилади. Имом Мусобиҳибий: “Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат — икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат — икром қилиш эса сабр билан бўлади”, деган. Сабр имоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби, сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.
О.Бекчанова
Янгиариқ туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалар бўйича ўринбосари