Инсон ҳаёти турли синов ва имтиҳонлардан иборат. Қувончли кунлар ҳам, қийин дамлар ҳам ҳаётнинг ажралмас қисмидир. Ана шу ҳолатларда инсонни тўғри йўлда ушлаб турадиган, уни маънавий жиҳатдан кучли қиладиган энг муҳим фазилатлардан бири — сабрдир. Сабр инсонни шошқалоқликдан, ноумидликдан ва адашишдан асрайдиган буюк ахлоқий фазилат ҳисобланади. Сабр — бу қийинчиликларга, муаммоларга, ҳаётда учрайдиган турли тўсиқларга бардош бериш, ўзини тийиш, оқилона қарор қабул қилиш қобилиятидир. Сабрли инсон ҳар қандай вазиятда ҳис-туйғуларини назорат қила олади, шошма-шошарликка берилмайди ва оқибатини ўйлаб иш кўради. Сабр фақат кутимли бўлиш эмас, балки ички куч, ирода ва мустаҳкам эътиқод белгисидир.
Ҳаётга назар ташласак, катта ютуқларга эришган инсонларнинг барчасини сабр бирлаштириб туради. Илм йўлида, меҳнатда, орзу ва мақсадларга етишишда сабрсиз натижа бўлмайди. Ҳар қандай катта муваффақият ортида узоқ йиллик меҳнат, қийинчиликлар ва сабр-тоқат ётади. Агар инсон биринчи қийинчиликда таслим бўлса, у ҳеч қачон мақсадига етолмайди. Сабр инсонни интизомли қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди ва ишончини оширади. Шу сабабли сабрли инсонлар ҳаётда барқарор, муваффақиятли ва ҳурматли бўлишади.
Сабр инсон маънавиятининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Сабр орқали инсон ўз нафсини тарбиялайди, ғазаб, ҳасад, адоват каби салбий ҳис-туйғуларни назорат қилишни ўрганади. Сабр инсонни камтар, босиқ ва оқил қилади. Иймон ва маънавиятда сабрнинг ўрни жуда катта. Сабр қилган инсон ҳар қандай ҳолатда шукр қилишни, яхшиликка умид билан қарашни ўрганади. Бу эса қалб хотиржамлигига олиб келади. Оила — сабр энг кўп синовдан ўтадиган макондир. Ота-она, эр-хотин, фарзандлар ўртасида сабр бўлмаса, келишмовчиликлар кўпаяди. Бир-бирини тушуниш, кечириш, муросага келиш — буларнинг барчаси сабр орқали амалга ошади. Сабрли ота-она фарзанд тарбиясида катта натижага эришади. Сабрсизлик эса оилада совуқлик ва ихтилофларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам сабр — оила тинчлиги ва бахтининг асосидир.
Жамият тараққиёти ҳам сабрли инсонларга боғлиқ. Сабрли фуқаро қонун-қоидаларга риоя қилади, ўз бурчини сидқидилдан бажаради. Сабрсизлик эса жамиятда низо, адоват ва беқарорликка олиб келади.
Ёшларни сабрлиликка ўргатиш — келажак жамиятни мустаҳкамлаш демакдир. Сабрли ёшлар илмга интилувчан, меҳнатсевар ва масъулиятли бўлиб вояга етади. Сабрнинг меваси — тинчлик, барака ва муваффақиятдир. Сабр қилган инсон охир-оқибат яхшиликка эришади. Ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик борлиги ҳаёт қонунидир. Сабр қилган инсон эса ана шу енгилликка етиб боради. Сабр — инсон ҳаётини мазмунли ва барқарор қиладиган буюк фазилатдир. Сабр инсонни руҳан кучли қилади, уни ҳаёт синовларига тайёрлайди. Сабр билан қилинган ҳар бир иш барокатли бўлади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз ҳаётида сабрни шиор қилиб олиши, уни ўз хулқ-атворига сингдириши лозим.
З.Машарипова
Урганч шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари