Инсон ҳаётида энг катта бахт — тинч ва осойишта ҳаёт кечиришдир. Тинчлик бўлган жойда тараққиёт, илм, маърифат ва фаровонлик бўлади. Ана шу тинчликни асраб-авайлаш, уни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қилиш эса Ватан ҳимоячиларининг зиммасидаги улуғ ва масъулиятли вазифадир. Юртимизда ҳар йили 14 январь куни нишонланадиган Ватан ҳимоячилари куни айнан шу фидокор инсонларга бўлган юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Ватан — бу шунчаки географик ҳудуд эмас. У инсон тақдири, хотираси, орзу-умидлари билан чамбарчас боғлиқ муқаддас тушунчадир. Инсон қаерда яшамасин, қалбида Ватанга бўлган меҳр ва соғинч яшайди. Шу боис Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг нафақат ҳуқуқи, балки муқаддас бурчи ҳисобланади.
Тарих шундан далолат берадики, ўз Ватанини ҳимоя қила олмаган халқлар ўзлигини йўқотган. Аксинча, Ватан тинчлиги ва мустақиллиги учун курашган миллатлар ҳар қандай синовдан шараф билан ўтган. Юртимиз ўтмиши ҳам бунга яққол мисолдир. Аждодларимиз Ватан озодлиги учун жон фидо қилган, шу орқали бугунги тинч ҳаётимизга замин яратган. Замонавий дунёда давлат хавфсизлиги энг устувор масалалардан бири ҳисобланади. Чунки хавфсизлик бўлмаган жойда иқтисодий тараққиёт ҳам, ижтимоий барқарорлик ҳам бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, Ватан ҳимоячилари давлат мустақиллигининг асосий кафолатчисидир. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам етук тизимга айланмоқда. Ҳарбий хизматчилар замонавий билимларга эга, юксак касбий маҳорат билан бирга, қонунга ҳурмат, халққа садоқат руҳида хизмат қилмоқдалар. Улар ҳар қандай вазиятда ҳам Ватан манфаатини биринчи ўринга қўядиган инсонлардир.
Ҳарбий хизмат инсонни жисмонан чиниқтиради, иродасини мустаҳкамлайди, уни ҳаётда мустақил қарор қабул қила оладиган шахс сифатида тарбиялайди. Шу боис армия мактаби кўплаб ёшлар учун ҳаёт мактаби вазифасини бажаради. Ватан ҳимоячиси деганда фақат ҳарбий формадаги инсонни тасаввур қилиш нотўғри. Ватан ҳимоячиси — бу юрт тинчлиги учун ўз масъулиятини ҳис қилган ҳар бир фуқародир. Аммо қуролли хизматда турган ҳарбийлар бу масъулиятни энг оғир ва шарафли шаклда бажараётган инсонлардир. Улар байрам ва дам олиш кунларини унутиб, ҳар қандай шароитда ҳам хизматда бўладилар. Сарҳадларда, ҳарбий қисмларда, машқ майдонларидаги машаққатли хизмат ортида халқ тинчлиги ётади. Шу сабабли жамият ҳар доим Ватан ҳимоячиларига ҳурмат ва эътибор билан қараши лозим. Ислом дини тинчлик, адолат ва инсон ҳаётини энг олий қадрият сифатида улуғлайди. Қуръони каримда ноҳақ қон тўкиш қаттиқ қораланади, тинчликни сақлаш эса улуғ амал сифатида таъкидланади. Ватан тинчлиги эса айнан шу улуғ қадриятларни таъминлаш воситасидир.
Ислом уламолари Ватанни ҳимоя қилишни инсоннинг табиий ва шаръий бурчи деб баҳолаганлар. Чунки Ватан бўлмаса, динни эркин адо этиш, оила тинчлигини сақлаш, фарзанд тарбияси билан шуғулланиш имконияти ҳам бўлмайди. Шу маънода, Ватан ҳимояси дин ва дунё манфаатларини уйғунлаштирувчи улуғ вазифадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватан ва жамият тинчлигига катта аҳамият берганлар. Ҳадислардан маълумки, инсон ўз юртини, оиласини ва жамиятини ҳимоя қилиш йўлида қилган ҳаракатлари учун катта савобга эга бўлади. Айрим ҳадисларда Ватан сарҳадларини қўриқлаш Аллоҳ йўлидаги улуғ амаллардан экани баён қилинган. Ислом фиқҳида ҳам юрт хавфсизлигини таъминлаш жамоавий бурч ҳисобланади. Агар бу бурчни бажарувчилар бўлмаса, бутун жамият гуноҳкор бўлади, деб таълим берилади. Демак, Ватан ҳимоячилари бутун жамият номидан улуғ масъулиятни зиммасига олган инсонлардир. Иймонли инсон ўзинигина эмас, атрофидагиларни ҳам ўйлайди. У жамият тинчлигига, халқ фаровонлигига бефарқ бўлмайди. Шу боис ҳақиқий иймон Ватанга муҳаббат билан уйғун ҳолда намоён бўлади. Ватанни севиш — уни асраш, қонунларига риоя қилиш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш демакдир. Ватан ҳимоячиларида ана шу иймон ва масъулият ҳисси алоҳида кучли бўлади. Улар ҳар бир қадамини юрт манфаати билан ўлчайди. Шу жиҳатдан қараганда, уларнинг хизмати фақат касб эмас, балки маънавий рисоладир.
Ёш авлод қалбига Ватанга муҳаббат, тинчликка эҳтиром туйғуларини сингдириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бу йўлда Ватан ҳимоячиларининг ҳаёти ва фаолияти энг таъсирчан намуна бўлиб хизмат қилади. Турли маънавий-маърифий тадбирлар, очиқ мулоқотлар, ҳарбий қисмларга уюштирилган ташрифлар ёшларнинг онгида Ватан ҳимояси тушунчасини мустаҳкамлайди. Бу эса келажакда юртимиз хавфсизлигини таъминлай оладиган билимли, ватанпарвар авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Ватан ҳимояси — дунёвий жиҳатдан давлат барқарорлигининг асоси, диний жиҳатдан эса иймон ва адолатнинг ифодасидир. Ватан ҳимоячилари тинч ҳаётимиз, осойишта кунларимиз учун ўз жонини аямай хизмат қилаётган фидойи инсонлардир.
Ватан ҳимоячилари куни бизга тинчликнинг қадрини яна бир бор англатади, ҳар бир фуқарода юрт тақдирига нисбатан масъулият ҳиссини кучайтиради. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
М.Атажонова
Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари