Муборак Рамазон ойи арафасида Урганч туманида яна бир хайрли ва қувончли воқеа юз берди. Туманда янгидан қурилиб, замонавий талабларга мос ҳолда барпо этилган “Қамбар бобо” масжиди фойдаланишга топширилди.
Ушбу хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев иштирок этиб, масжид жамоатларини ва туман аҳолисини ушбу улуғ неъмат — Аллоҳнинг уйлари фойдаланишга топширилгани билан самимий табриклади. Домла ўз нутқида масжидларни обод қилиш ва уларни жамоат билан тўлдириш Исломда улуғ ибодат эканини таъкидлади.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
«Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закот берган ва Аллоҳдан ўзгадан қўрқмаган кишиларгина обод қиладилар» (Тавба сураси, 18-оят).
Шунингдек, Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар: «Ким Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда унга ўхшаш уй бино қилади»
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Тадбир давомида масжид жамоати, нуроний отахонлар, фаол ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ушбу бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган барча инсонлар ҳаққига дуолар қилинди.
Айтиш жоизки, “Қамбар бобо” масжидининг очилиши Урганч тумани аҳли учун Рамазон ойига чинакам маънавий туҳфа бўлиб, юртимизда олиб борилаётган эзгу ишлар ва ободончиликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 800 нафар намозхонларга мўлжалланган.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни доимо обод, жамоатини эса иймон-эътиқодли ва аҳил қилсин!
ЎМИ Хоразм вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати