СОҒЛОМ ОНА — СОҒЛОМ АВЛОД

Ҳар қандай жамиятнинг келажаги унинг ёш авлодига боғлиқ. Соғлом, ақлли, баркамол фарзандлар тарбиялаш эса аввало онага боғлиқдир. Шу боис “Соғлом она — соғлом авлод” деган нақл бежиз айтилмаган. Она нафақат фарзандни дунёга келтиради, балки унинг жисмоний, руҳий ва маънавий ривожланишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Она саломатлиги мустаҳкам бўлса, дунёга келадиган фарзанд ҳам соғлом бўлади. Шунинг учун она саломатлигига эътибор қаратиш — миллат келажагига эътибор қаратиш демакдир. Аёл киши фарзанд кўриш давригача ўз соғлиғига жиддий эътибор бериши зарур. Тўғри овқатланиш, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш, жисмоний фаоллик билан шуғулланиш ва зарарли одатлардан воз кечиш — соғлом она бўлишнинг асосий омилларидир.

Ҳомиладорлик даврида она организми катта ўзгаришларга учрайди. Бу даврда витамин ва минералларга бой овқатлар истеъмол қилиш, тоза ҳавода сайр қилиш, руҳий хотиржамликни сақлаш жуда муҳим. Чунки она организмидаги ҳар қандай камчилик ёки касаллик бола саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳомиладорлик даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган оналарнинг фарзандлари жисмонан бақувват ва ақлан фаол бўлиб улғаяди. Демак, бола саломатлиги она қорнидан бошланади. Соғлом она фарзандини табиий озиқлантириш имконига эга бўлади. Она сути — чақалоқ учун энг мукаммал ва табиий озуқа ҳисобланади. Унда бола организми учун зарур бўлган барча витамин, минерал, оқсил ва иммун ҳимоя воситалари мавжуд. Айниқса, туғилгандан кейинги илк кунларда ажралиб чиқадиган сариқ рангли қуюқ сут — колострум — бола учун ниҳоятда фойдали. У боланинг иммунитетини мустаҳкамлайди ва турли инфекцияларга қарши курашиш қобилиятини оширади. 6 ойгача фақат она сути билан озиқланган болалар кам касал бўлади, ҳазм тизими яхши ишлайди ва руҳий жиҳатдан ҳам барқарор ривожланади. Шунингдек, эмизиш жараёни она ва бола ўртасида меҳр-муҳаббат риштасини янада мустаҳкамлайди.

Соғлом авлод тарбиясида нафақат жисмоний, балки руҳий саломатлик ҳам катта аҳамиятга эга. Она ўзини хотиржам, бахтли ва қўллаб-қувватланган ҳис этса, бу ҳолат болага ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Оиладаги соғлом муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр боланинг руҳий барқарорлигига хизмат қилади. Аксинча, доимий стресс, жанжал ва тушкунлик ҳолатлари бола ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, жамиятда оналарни қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай шароит яратиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ота ва бошқа оила аъзоларининг ёрдами она саломатлигини сақлашда муҳим ўрин тутади. Соғлом она бўлиш учун тўғри ва мувозанатли овқатланиш зарур. Рационда сабзавот ва мевалар, сут маҳсулотлари, гўшт, балиқ ва дон маҳсулотлари етарли миқдорда бўлиши керак. Темир, кальций, фолий кислотаси каби моддалар айниқса муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, енгил жисмоний машқлар, сайр қилиш, гимнастика машғулотлари она организмини чиниқтиради. Жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилайди, кайфиятни кўтаради ва ҳомиладорликни енгил кечишида ёрдам беради.

Шунингдек, шахсий гигиенага риоя қилиш, кун тартибини тўғри ташкил этиш, етарли дам олиш ҳам саломатликни мустаҳкамлайди. Соғлом турмуш тарзи нафақат бир инсон, балки бутун жамият фаровонлигига хизмат қилади. Соғлом она — соғлом авлоднинг асосидир. Она саломатлигига ғамхўрлик қилиш, уни қўллаб-қувватлаш ва тўғри ҳаёт тарзига йўналтириш — ҳар бир оиланинг ва жамиятнинг бурчидир. Соғлом онадан туғилган фарзанд жисмонан бақувват, руҳан барқарор ва маънан етук бўлиб вояга етади. Шундай экан, ҳар биримиз она саломатлигига беэътибор бўлмаслигимиз, улар учун қулай шароит яратишимиз зарур. Чунки бугунги соғлом она — эртанги соғлом ва кучли миллат демакдир.

Р.Камолова

Хонқа тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *