Аллоҳ Таъолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақараҳ сураси 183-оят).
Аллоҳ таъало бизларга рўза тутмоқликни фарз қилган экан барча муслим ва муслималарга рўзага доир бўлган илмларни ўрганиш лозим ҳисобланади. Рўзага доир илмлардан базиларини баён қиламиз.
Рўзаниг таърифи:
Рўза – луғат жиҳатдан “бирор нарсадан тийилиб туриш”ни билдиради. Шаръий истилоҳда эса: “Саҳардан токи қуёш ботгунича бўлган вақт оралиғида емоқ, ичмоқ ва жимў (эр-хотинлик муомаласи)дан рўзани ният қилган ҳолда тийилиб туришдир.
Рўза шариатда олти хил навланади:
- Фарз (Рамазон рўзаси);
- Вожиб (Каффорат ва назр рўзалари);
- Суннат (Арафа кунининг рўзаси, Шаввол ойининг 6 кунлик рўзаси, душанба ва пайшанба куни рўзалари ва булардан бошқалар);
- Нафл рўза – юқорида зикр қилинганлар ва макруҳ вақтлардан бошқа кунлари тутиладиган рўзадир;
- Макруҳ рўза (Жума кунини ёки шанба кунини хослаб рўза тутиш);
- Харом рўза (Икки Ҳайит ва Ташриқ кунлари рўзаси).
Биз бу зиркр қилинган рўзалардан фарз бўлган Рамазон рўзасига доир масаларни қисқача баён қилсак!
Рамазон рўзаси ҳукми
Рамазон рўзаси фарзи ‘айндир ва Ислом арконларидан бири бўлиб ким уни фарзлигини инкор қилса кофир бўлиб, диндан чиқиб қолади.
Рамазон рўзасининг шартлари
а) Ҳар бир оқил ва болиғ кишига фарздир;
б) Кофир, мажнун ва болиғ бўлмаганларга фарз эмас;
- c) Мусофир ва бемор кишилар Рамазонда фидя бериб, бошқа ойда қазосини тутиб беради;
Дуруст бўлиш шартлари
- Ният (Рамазон рўзаси нияти вақти шом ҳуфтон намозидан кейинги кун пешинигача ҳисобланади);
- Аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлмоғи;
- Саҳардан шом пайтигача емоқ, ичмоқ ва жимў каби рўзани бузувчи амаллардан сақланиш.
Ҳикмат ва фазилатлари
“Саҳл ибн Саъд Сўидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаннатнинг бир эшиги бор. У Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради, бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳечким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди”. Бухорий, Муслим ва Насоий ривоят қилишган.
Бу ҳадисдан Қиёмат куни рўзадорлар қанчалик икром қилинишлари кўриниб турибди. Яна Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъалога яқинлашиш, руҳимизнинг покланиши, шаҳватимизнинг тийилиши, ҳожатманд фақирларнинг ҳолатини ҳис қилишимиз – Рамазон ойи фазилат ва ҳикматларидан ҳисобланади.
Х.Собиров
Қўшкўпир тумани “Абул Қосим бобо” масжиди имом-хатиби