Оила — муқаддас даргоҳ

Оила — инсон ҳаётидаги энг азиз ва энг муқаддас маскан ҳисобланади. Инсон дунёга келиб, илк бор меҳр, муҳаббат, тарбия ва одобни айнан оила бағрида олади. Шу боисдан ҳам халқимиз азалдан “Оила — жамиятнинг таянчи”, “Қуш уясида кўрганини қилади” каби нақллар орқали оиланинг қадрини улуғлаб келган. Оила нафақат инсонни тарбиялайди, балки унинг келажагини белгилайдиган муҳим маскан ҳамдир.
Мустақил Ўзбекистонимизда оила институтига алоҳида эътибор қаратилиб, уни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Чунки бахтли ва аҳил оила — тинч ва фаровон жамият пойдеворидир.

Инсон ҳаётга келгач, унинг биринчи устози — онаси, биринчи маслаҳатчиси эса отаси бўлади. Боланинг қалбида меҳр-оқибат, ҳурмат, инсонийлик каби фазилатлар аввало оилада шаклланади. Агар оилада ўзаро ҳурмат, меҳр ва аҳиллик ҳукм сурса, у ерда  тарбия  топган фарзанд ҳам комил инсон бўлиб вояга етади.
Ота-она фарзанд учун энг яқин инсонлардир. Уларнинг дуоси, насиҳати ва меҳнати фарзанд келажаги учун катта аҳамиятга эга. Айниқса, онанинг меҳри ва отанинг масъулияти оиланинг мустаҳкам бўлишида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам халқимиз “Жаннат оналар оёғи остида” деб бежиз айтмаган. Оила инсонга нафақат тарбия, балки маънавий куч ҳам беради. Инсон қийинчиликка дуч келганда оиласидан мадад олади, қувончли кунларини эса яқинлари билан баҳам кўради. Шу жиҳатдан қараганда, оила инсоннинг энг ишончли суянчиғи ҳисобланади.

Ўзбек халқи азалдан оилапарвар халқ сифатида танилган. Катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззат кўрсатиш, қариндош-уруғлар билан аҳил яшаш каби қадриятлар халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, меҳмондўстлик, оқибат ва ҳамжиҳатлик оила муҳитини янада гўзал қилади.
Бобо ва бувиларнинг насиҳатлари, ота-онанинг тарбияси фарзанд маънавиятининг шаклланишида катта аҳамиятга эга. Миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ҳам айнан оила орқали авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.  Ҳозирги глобаллашув даврида миллий қадриятларимизни асраш ва ёш авлод онгига сингдириш ҳар бир оиланинг муҳим вазифасидир. Чунки маънавияти юксак, ватанпарвар ва билимли ёшлар — юрт келажагининг эгаларидир.

Фарзанд — оиланинг давоми, келажак умиди. Уни тўғри тарбиялаш эса ота-онанинг энг катта бурчидир. Боланинг келажакда қандай инсон бўлиб етишиши кўп жиҳатдан оиладаги муҳитга боғлиқ. Фарзанд тарбиясида меҳр билан бир қаторда талабчанлик ҳам муҳим. Ота-она фарзандига яхши ва ёмонни ажрата олишни, катталарни ҳурмат қилишни, меҳнатсевар бўлишни ўргатиши лозим. Шунингдек, китобхонликка қизиқтириш, илм олишга ундаш ҳам фарзанд камолоти учун муҳим омилдир.
Бугунги кунда интернет ва ахборот оқими кучайган бир пайтда фарзанд тарбиясига янада жиддий ёндашиш талаб этилмоқда. Ёшларни турли зарарли ғоялардан асраш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш оиланинг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда.

Аҳил ва мустаҳкам оила — жамият тинчлигининг асосидир. Агар ҳар бир оилада меҳр-оқибат ва ўзаро тушуниш бўлса, жамиятда ҳам осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Шунинг учун оиладаги муҳит нафақат бир хонадон, балки бутун жамият келажагига таъсир кўрсатади.
Оила аъзолари бир-бирини ҳурмат қилиши, қийинчиликларни биргаликда енгиши лозим. Сабр, кечиримлилик ва ўзаро ишонч оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидир. Айниқса, эр-хотин ўртасидаги ҳурмат ва ҳамжиҳатлик фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Оила — инсон учун энг муқаддас даргоҳдир. Инсоннинг бахти, камолоти ва келажаги кўп жиҳатдан оилага боғлиқ. Меҳр-оқибатли, аҳил ва маънавий бой оилалар жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз оиласини қадрлаши, ота-онасини ҳурмат қилиши ва фарзандларига яхши тарбия бериши керак. Чунки оила муқаддас бўлса, жамият ҳам мустаҳкам ва фаровон бўлади.

Ф.Отажанова

Хоразм вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *