Ёшлар ва интернет

Бугунги кунда ёшларимизнинг барчалари интернетдан фойдаланадилар. Уларнинг орасида интернет чатида соатлаб вақтларини ўтказадиганлари ҳам бор. Чат орқали қизларга гап отишади, қизлар эса уларни алдашади ва бир- бирларига бемаъни ваъдаларни бериб қимматли вақтларини гап сотиш билан зое кетказишади.

Яна ёшларимиз орасида электрон ўйинларга шўнғиб кетадиганлари ҳам бор. Куну тунларини компьютер ва телефондаги ўйинлар билан ўтказадилар. Ўйиндаги  автомобилни жуда катта тезликда бошқариш, отишмалар, курашлар, урушлар ва қўрқинчли-даҳшатли ҳаракатлар ёшларимизга салбий таъсир қилади. Бундай ўйинлар уларнинг  ғазаб, нафрат ва адоватини қўзғатиб асабий қилиб қўяди. Бу ҳам етмагандай кун бўйи ўйин ўйнаб, чарчаб, китоб ўқишга ҳеч қандай имконият қолмайди.

Бугунги кунда ёшлар интернетга уланиб вақтини беҳуда сарфлаш, ҳеч бир фойдасиз суҳбатлар қуриш, “йигит ва қиз танишуви” билан овора бўлиб умрини, қимматли вақтини ҳавога совуришмоқда. Вақтни исроф қилиш эса гуноҳдир. Аъроф сурасининг 31-оятида: “У исроф қилувчиларни севмайди”, деб огоҳлантирилган.

Тўғри, эндиликда ҳаётимизни компьютер техникаларисиз, уяли телефон алоқаларисиз ва албатта, интернетсиз тасаввур этиш қийин.  Аслида, тўғри фойдаланилса компьютер ҳам, интернет ҳам ваҳимали, хавфли нарса эмас. Фақат улардан тўғри, боланинг ҳар томонлама камол топиши йўлида ва яхши мақсадларда фойдаланилиши керак.

Дархақиқат интернет орқали дунёнинг исталган нуқтаси билан тезкор алоқа ўрнатиш, зудлик билан зарур ахборот ва маълумотларни олиш, билим ва маърифатни оширишда унинг беқиёс ўрни ва аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Шунга қарамай, ён-атрофи-мизда, узоқ-яқин минтақаларда содир бўлаётган нохуш воқеалар бизни чуқур мулоҳаза юритишга ундайди. Ҳали онги, ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитишга қаратилган, интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган ғаразли кучлар ҳам бор эканлиги бизни огоҳликка чақиради.

Қайси бир ота-она фарзанди яхши инсон бўлиб улғайишини, ҳаётда ўз ўрнини топиб, уларга раҳмат олиб беришини истамайди, дейсиз. Дунёда фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини ўйламайдиган, орзу қилмайдиган ота-она бўлмаса керак. Кўпинча биз ана шу орзу-истакларимизни амалга оширамиз деб хатога йўл қўямиз. Фарзандларимизни тўғри тарбиялаш ўрнига уни худбин, лоқайд, ишёқмас қилиб қўямиз. Унга ҳеч кимдан кам бўлмасин деб  қимматбаҳо уяли телефонлар олиб берамиз. Бўш вақтини нималарга сарфлаётгани билан эса қизиқмаймиз. Эзгуликка, покликка ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблар олиб беришни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Китоб мутоала қилишда ўзимиз ибрат бўлмаймиз.

Эй ўзбегим ёшлари, ватанимиз келажаги сизнинг қўлингизда. Шундай экан интернет кафе чангалига тушишдан эҳтиёт бўлинг. Дўстларингизни ҳам бундан огоҳ этинг. Зеро унинг чангали ҳалокатга олиб борувчидир. Дақиқаларингизни ва соатларингизни манфаъатсиз нарсалар билан  исроф қилманг.  Фахш ботқоғига ғарқ бўлишдан, шахсий сирларга жосуслик қилишдан, бахтиёр оилангизни пароканда бўлишига сабаб бўладиган ишлардан сақланинг. Унутманг, сиз халқимизнинг ишончи ва таянчи бўлган ёшларсиз.

Ш.Отажонов

Хива тумани “Шайх Мавлон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *