Она сути — табиатнинг энг буюк мўъжизаси бўлиб, у гўдакнинг нафақат жисмоний, балки руҳий камолоти учун ҳам беқиёс озуқа ҳисобланади. Она сутининг гўдак ҳаётида ўзига хос хусусиятлари ва файдолари бўлиб боланинг соғлом ўсишида муҳим рол ўйнайди. Она сутининг таркиби боланинг ёши ва эҳтиёжига қараб ўзгариб туради. Ҳеч қандай сунъий аралашма (смесь) унинг ўрнини боса олмайди. Момларимиз она сутининг дастлабки кунлардаги оғиз сутини бола учун биринчи ваксина дейишарди. Чунки у жуда бой таркибга эга бўлиб бола яхши ривожланиши учун зарур барча витаминларга бойдир. Она сути болани ривожланишида турли касалликларга қарши табиий қалқон ҳосил қилади: Она организми ўзи дуч келган инфекцияларга қарши ишлаб чиқарган антикорларни сут орқали болага ўтказади. Бу болани диарея, пневмония, қулоқ инфекциялари ва аллергиядан ҳимоя қилади. Болани табиий кўкрак сути билан озиқлантирганда она сути билан озиқланган болаларнинг ақлий салоҳияти юқорироқ бўлади. Сут таркибидаги махсус витаминлар боланинг соғлом ривожланишида мухим роль ўйнайди .Болани турли касалликлардан ҳимоя қилади .Бола организмида осон ва тез ҳазм бўлади. Она сути гўдакнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган ошқозон-ичак тизими учун мослашган. У сунъий озуқаларга қараганда анча тез ва осон ҳазм бўлади, натижада болада қорин дам бўлиши (колика) ва қабзият камроқ кузатилади. Эмизиш жараёни — бу нафақат овқатлантириш, балки она ва бола ўртасидаги меҳр ришталарининг боғланишидир. Бола онасининг юрак уришини эшитиб, ҳидини туйиб, ўзини хавфсиз ҳис қилади. Бу боланинг келажакда вазмин, ўзига ишонган ва руҳий тетик инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилади. Ислом динида она сутининг қадри улуғ бўлган.Муқаддас динимизда ҳам она сути ва эмизиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Қуръони Каримда оналарга фарзандларини тўлиқ икки йил эмизиш тавсия этилади: «Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу муддат) эмизишни камолга етказмоқчи бўлганлар учундир…» (Бақара сураси, 233-оят).Бу оят боланинг жисмоний ва руҳий шаклланиши учун 2 йил энг мақбул муддат эканини 14 аср аввал кўрсатиб берган. Эмизиш нафақат болага, балки она соғлиғи учун ҳам фойдалидир. Она сути — Оллоҳ таоло томонидан берилган беминнат неъматдир. Иложи борича болани камида 6 ой фақат она сути билан, кейинчалик қўшимча овқатлар билан бирга 2 ёшгача эмизиш фарзанднинг келажакдаги соғлом ҳаёти учун қўйилган энг мустаҳкам пойдевордир.
М.Абдуллаева
Хива туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари