Ўксик қалбларга хурсандчилик улашилмоқда

Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган эзгу ишлар кенг кўламда амалга оширилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шу кунларда Хоразм вилоятида ҳам хайрли ва савобли тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, оғир ҳамда ногиронликка олиб келувчи касалликларга чалинган болаларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхис қўйилган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш, шунингдек, жигар ва буйрак трансплантацияси билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ажратилган маблағлар “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан молиялаштирилиб, ўз эгаларига етказилмоқда.
Мазкур хайрли ишларни амалга оширишда вилоят бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Алижон домла Матяқубов, шаҳар ва туман имом-хатиблари ҳам иштирок этишмоқда.

Бу каби эзгу тадбирлар юртимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа эканини яна бир бор намоён этмоқда.

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *