Поклик – имоннинг ярми

             Ислом дини поклик устига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди. Теварак-атрофни озода сақлаш пайида бўлади. Бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз: “Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама”, деб қайта-қайта тайинлар эдилар. Илгарилари ариқ ва булоқларнинг сувидан ҳеч ҳадиксиз қониб ичардик. Иссиқ нонларни оқар сувларда оқизоқ қилиб ердик. Ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса, мағзавасини оқизишади. Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор. Уйлардан узоқлашилмасдан исталган жойга ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриш мумкин. Улар уй ва ҳовлилардан чиқарилган. Ҳатто орасида нон бўлакларини кўриб, одам ачиниб кетади. Ойша (розийаллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) айтадилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур”.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради.

Яшаётган жойларимизнинг тоза бўлиши аввало ўзимизга боғлиқ. Фақат ҳовли ва уйларимиз эмас, қишлоқ, шаҳарларимиз ҳам ўзимизники. Унинг озодалигига тозалик идоралари ходимларидан ташқари ҳар биримиз жавобгармиз, масъулмиз. Ким уйи ифлос бўлишини, чиқиндилар сочилиб ётишини истайди? Ҳеч ким! Аммо буни кўчамизга раво кўрамиз. Гоҳида ҳатто машинадан тушишга хам эриниб, баъзи кишилар уйидан халтачаларга солиб берилган чиқиндиларни пана-пастқамларга улоқтириб кетишади. Шу боис ҳам йўлларимиз бўйида қоғоздан тортиб ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётади, чекка жойларда уюлиб, бадбўй ҳидлар тарқатади. Бир қанча касалликлар ахлат уюмларидан тарқайди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз.

Муоз ибн Жабал (розияллоҳуанҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ (САВ): “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”,деганлар (Абу Довуд). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди,аксинча,бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш яхши иш эмаслигини тушунтиради. Ҳозирги кунда барча ерларда ахлат ташлаш учун алоҳида жойлар қурилган. Шундай экан, ҳар хил ахлат ва чиқиндиларни махсус жойларга ташлаш лозим, аксинча дуч келган жойга ташлаш мусулмончиликка ҳам, одамгарчиликка ҳам тўғри келмайди.

Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришга муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишига ҳаракат қилайлик.

Х.Худойназаров

Янгиариқ тумани «Шайх Жалолиддин Румий» масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *