Бугунги суҳбатимиз экстремистик гуруҳлар, айниқса «Ихвонул-муслимин» жамоаси қўллайдиган ва тарғиб қиладиган нотўғри ёки бузиб талқин қилинган тушунчалардан бири ҳақида бўлади.
Биз ушбу тушунчани унинг тарихий келиб чиқиши нуқтаи назаридан ўрганамиз. Шунингдек, улар бу тушунчани тарғиб қилиш учун келтирадиган шубҳалар, далил сифатида қўллайдиган оятлар ҳақида тўхталамиз. Бундан ташқари, мазкур шубҳаларга қандай илмий асосда жавоб бериш ва уларнинг ҳақиқий мазмунини очиб бериш усулларини ҳам кўриб чиқамиз.
Ушбу шиор илк бор ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши қаратилган ҳолда кўтарилган. Улар: «Ҳукм фақат Аллоҳникидир» деган шиорни кўтардилар. Бу воқеа ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳакамлик (таҳким)ни қабул қилган пайтда содир бўлган.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу уларнинг бу шиорни ботил мақсадда ишлатганидан ғазабланиб: «Бу — ҳақ сўз, аммо у билан ботил мақсад кўзланган», деганлар.
Улар Аллоҳ таолонинг Китобидан бир оятни далил сифатида келтирган бўлсалар-да, мақсадлари ҳақ эмас эди. Асл мақсадлари давлат ҳокимиятини қўлга киритиш, бошқарувни эгаллаш ҳамда кейинчалик сиёсий ва иқтисодий манфаатларига эришиш эди. Буни улар даъво қилганидек диний мақсад деб бўлмайди.
Шунинг учун мазкур оятни бундай талқин қилиш — фасодли тафсир қилиш бўлиб, Қуръон матнини ўз ўрнидан бошқа мақсадда қўллаш ҳисобланади. Улар Қуръон оятларини шиорга айлантириб, уни исён ва такфир воситаси сифатида ишлатдилар.
Тарихий манбаларга кўра, бу шиор илк бор ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши кўтарилган. Уларнинг ғояси мавжуд тузумни ағдариб ташлаш ва ўз таъбирлари билан айтганда «хилофат давлати»ни барпо этишдир. Уларга кўра, ким Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилмаса ва Аллоҳнинг ҳукмини татбиқ этмаса, у кофир ҳисобланади, унга қарши курашиш, ҳатто уни ўлдириш жоиз, деб даъво қиладилар. Агар у давлат раҳбари бўлса, уни ҳокимиятдан ағдариш лозим, деб ҳисоблайдилар. Бундай раҳбарни улар «Тоғут» деб атайди. Уларнинг фикрича, Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилмаган ҳар қандай раҳбар «Тоғут» ҳисобланади.
Бироқ Қуръони каримга назар ташласак, Аллоҳ таоло баьзи ҳолатларда инсонларга ҳакамлик қилишга рухсат берганини кўрамиз.
Масалан, эр-хотин ўртасида келишмовчилик юзага келганда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«У(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва у(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинглар…»
Шунингдек, эҳромда бўлган холда ов қилган киши ҳақида ҳам Қуръонда:
«…бунга сизлардан икки адолатли киши ҳукм қилади…»деб баён қилинган.
Демак, инсонларнинг Аллоҳ шариати асосида ҳакамлик қилиши ва ҳукм чиқариши ҳаётни тартибга солиш ҳамда шариат ҳукмларини амалга татбиқ этиш воситаси ҳисобланади. Бу Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқиш ёки Унинг ҳукмини инкор этиш эмас.
Бугун қози ҳукм чиқариши ёки эр-хотин ўртасида яраштирувчи тайинланиши ҳам Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқиш эмас, балки дин белгилаган қадрият ва мақсадларни ҳаётга татбиқ қилишнинг бир кўриниши, халос.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу Хаворижларга нисбатан: «Сизларнинг бизда учта ҳаққингиз бор: масжидларда намоз ўқишингизга тўсқинлик қилмаймиз, ўлжадан маҳрум қилмаймиз ва сизлар урушни бошламагунингизча сизларга қарши жанг қилмаймиз», деганлар.
У зот бу такфир масаласини нотўғри тушунишдан амалий зўравонликка айланиб кетмаслигига ҳаракат қилган эдилар. Аммо хаворижлар бу нотўғри талқинни амалда қўллаб, Қуръон оятларини мусулмонлар бирлигини парчалаш, жамиятни такфир қилиш ва қон тўкишни оқлаш учун ишлатдилар.
Бу жараён одатда қуйидаги босқичларда кечади:
Қуръон матнини нотўғри талқин қилиш.
Раҳбарни «Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаяпти» деб айблаш.
Уни такфир қилиш.
Жамиятдан ажралиб чиқиш.
Алоҳида гуруҳ тузиш.
Кейин эса қуролли тўқнашув ва қон тўкишга ўтиш.
Улар ҳозирги даврда ҳам «ҳижрат» ёки «жиход» ғоясини тарғиб қилиб, агар давлат раҳбари кофир бўлса, мусулмон у ерда яшамаслиги, ишламаслиги, ҳатто ўша юрт аҳли билан оила қурмаслиги керак, деган даъволарни илгари сурадилар. Кейин эса бу ғояни қуролли кураш ва қон тўкишгача олиб борадилар. Бу ҳолат тарихда хаворижлардан бошланган бўлиб, кейинги айрим экстремистик оқимларда ҳам такрорланмоқда.
Бу борадаги методологик хатоларнинг асосий сабаблари қуйидагилардир:
Қуръон оятларини ўз контекстидан узиб талқин қилиш.
Муташобиҳ оятларга таяниб, муҳкам оятларни эътибордан четда қолдириш.
Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ва тарихий шароитини ҳисобга олмаслик.
Кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мусулмонларга татбиқ қилиш.
Такфир масаласида уламоларнинг эҳтиёткорлик йўлини тарк этиш.
Диний ихтилоф қилган ҳар бир кишини дин душмани сифатида кўриш.
Уларнинг «ҳакимлик» тушунчаси асосан сиёсий мазмунга эга бўлиб, уни хилофат давлатини қуриш, мавжуд тузумларни такфир қилиш, қонунларни рад этиш ва куч билан ҳокимиятни ўзгартириш ғоясига боғлайдилар.
Аслида эса Аллоҳ таоло — ягона қонун чиқарувчи Зотдир. Инсонлар эса шариат матнларини тушуниш, уларни ҳаётга татбиқ этиш ва жамият манфаатларини таъминлайдиган маъмурий ҳамда ҳуқуқий тартибларни ишлаб чиқишда ижтиҳод қиладилар. Бунда шариатнинг мақсадлари, адолат, енгиллик, бағрикенглик ва замон талабларини инобатга олиш муҳим аҳамият касб этади.
«Ҳакимлик» тушунчасини «тоғут», «имон ва куфр», «дорул ислом ва дорул куфр», «вало ва баро» каби тушунчалар билан боғлаб, бутун жамиятни икки қарама-қарши тоифага ажратиш эса экстремистик мафкурага хос ёндашув сифатида баён қилинади.
Уларнинг мақсадларидан яна бири — махфий гуруҳлар тузиш, давлат тўнтаришларини режалаштириш, давлат раҳбарларига суиқасдлар уюштиришдир.
Улар жамиятни такфир қилиш, мамлакатларни «дорул имон» ва «дорул куфр»га ажратиш, қотиллик, портлатиш ва террорчиликни оқлайдиган атамаларни тарқатиш орқали «ҳакимлик» ғоясини уюшган зўравонлик лойиҳасига айлантиришга ҳаракат қиладилар.
Улар асос қилиб оладиган оятлардан бири: «Ҳукм фақат Аллоҳникидир».
Бу оятни шундай бузиб талқин қиладиларки, гўё инсон томонидан чиқарилган ҳар қандай қонун ёки бошқарув Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқиш ҳисобланади. Уларга кўра, давлат томонидан қабул қилинган ҳар қандай қонун шариатга қарши бўлади ва фақат Қуръонда келган ҳукмлар билангина бошқариш шарт деб даьво қиладилар.
Бундан ташқари, улар динни асосан ҳудуд жазолари (ўғрилик, зино каби жазолар) билан чеклаб қўядилар. Улар назарда ҳоким инсон томонидан қонун чиқарса — «тоғут», бу қонунни қабул қилган жамият эса «жоҳилият жамияти» ҳисобланади.
Аслида эса мазкур оят Юсуф алайҳиссаломнинг одамларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирган даъвати ҳақида нозил бўлган. Оятнинг мазмуни Аллоҳ таолони ягона Маъбуд деб билиш, ҳалол-ҳаромни белгилаш ҳуқуқи Унга хос эканини эътироф этиш ва фақат Унга бўйсуниш ҳақидадир.
Бу оят уламоларнинг ижтиҳодини, судларнинг қарорларини, давлатнинг бошқарув ишларини ёки жамият манфаатини таъминлаш учун қабул қилинадиган маъмурий қонунларни инкор этмайди. Бундай ишлар жамият манфаатини таъминлаш ва зарарларни бартараф этиш учун қилинган ижтиҳод ҳисобланади.
Шунинг учун жамият ҳаётини тартибга солувчи қонунлар ва низомлар шариатга зид бўлмаса, улар инсонлар манфаатини таъминлаш воситаси сифатида қабул қилинади.
Экстремистик оқимлар эса «ҳакимлик»ни тавҳиднинг алоҳида қисми сифатида кўрсатишга уринганлар. Бироқ «ҳакимлик» атамаси замонавий истилоҳ бўлиб, аввалги уламолар уни тавҳиднинг мустақил бўлими сифатида тасниф этмаганлар. Бу тушунча кейинги даврда айрим сиёсий ҳаракатлар томонидан эътиқоднинг асосларидан бири сифатида илгари сурилган.
Бу ёндашув оқибатида улар дунё мусулмонларининг аксариятини ҳам кофир деб ҳисоблаш даражасигача бориб етганлар. Ҳатто ўз қариндошлари — ота-онаси, ака-укаси, турмуш ўртоғи ёки фарзанди бўлса ҳам, уларни душман деб билишга тайёр бўладилар. Бу эса Ислом мустаҳкамлаган оилавий ва ижтимоий алоқаларга мутлақо зиддир.
Улар яна Қуръондаги:«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар кофирлардир», «…золимлардир», «…фосиқлардир» оятларини ҳам умумий тарзда талқин қилиб, барчага татбиқ қилишга ҳаракат қиладилар.
Шунингдек, улар «жиҳод (қитол) ояти» раҳмат, кечирим ва яхшиликка чақирувчи барча оятларни бекор қилган, деган фикрни илгари сурадилар. Ҳолбуки, тафсир уламоларига кўра, жанг ҳақидаги оятлар муайян тарихий вазиятда нозил бўлган бўлиб, Исломнинг умумий асоси тинчлик, адолат ва раҳматдир.
Тафсир уламолари, жумладан Имом Табарий ва бошқалар, мазкур оятлар аҳли китобнинг ўз китобларига муносабати ҳақида нозил бўлганини баён қилганлар. Шунинг учун: «Кофирлар» — Аллоҳнинг ваҳийсини инкор қилганлар; «Золимлар» — ҳақ-ҳуқуқни бузганлар; «Фосиқлар» — Аллоҳнинг итоатидан чиққанлар ҳақида келган.
Бу таърифлар турли ҳолатларга тегишли бўлиб, уларни барча мусулмонларга бир хил татбиқ қилиш тўғри эмас.
Шариат уламолари таъкидлаганидек, бирор ишнинг шариатга хилоф экани билан уни қилган муайян шахсни кофир деб ҳукм қилиш ўртасида катта фарқ бор. Такфир қилиш эса жуда оғир масала бўлиб, унинг ўз шартлари ва қоидалари мавжуд.
Шариатда илоҳий қонунлар — ақида, ибодат, ҳалол-ҳаром ва асосий ҳукмларни белгилайди. Инсонларга эса муассасаларни бошқариш, йўл ҳаракати қоидалари, таълим, меҳнат, иқтисод, суд ишларини ташкил қилиш каби масалаларда ижтиҳод қилиш ҳуқуқи берилган.
Демак, жамият манфаатини таъминлайдиган ва шариатга зид келмайдиган ташкилий қонунлар Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиқиш эмас, балки давлатнинг қонуний ваколати ва инсон ижтиҳодининг бир кўринишидир. Биз айтганимиздек, Аллоҳ таоло тавбани ҳам, истиғфорни ҳам қонуний қилди ва Ўз раҳматини кенг қилди. Инсон гуноҳ ёки хатога йўл қўйганида, дарҳол у Исломдан чиқди ёки Аллоҳга ва динига кофир бўлди, деб ҳукм қилинмайди.
Агар бу ҳукмни алоҳида бир шахсга ҳам дарҳол татбиқ қилиш мумкин бўлмаса, унда қандай қилиб бутун бир жамият ёки давлатга татбиқ қилиш мумкин?
«Жоҳилият» атамасини оммалаштириш, такфирни ёйиш, зўравонлик ва давлат раҳбарига қарши чиқишга даъват қилиш — қоронғулик йўлидир. Чунки исён қон тўкилишига, фитна-фасодга ва давлатларнинг вайрон бўлишига олиб келади. Шариатнинг асосий мақсадларидан эса манфаатларни муҳофаза қилиш ва фасоднинг олдини олишдир.
Тарихга назар ташласак, экстремистик гуруҳлар таъсирига тушган давлатлар тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ҳолатидан вайронгарчилик ва беқарорлик ҳолатига ўтганини кўрамиз. Натижада одамларнинг кундалик ҳаёти издан чиққан, мол-мулк, озиқ-овқат, иш ўринлари ва турмуш шароитлари издан чиққан.
Давлат муассасаларида хизмат қилиш эса жамиятга хизмат қилиш, омонатни адо этиш, Ватан олдидаги бурчни бажариш ҳисобланади. Буни кофирлик иши деб тасвирлаш тўғри эмас.
Хулоса қилиб айтганда:
Аллоҳнинг ҳукмини улуғлаш — шариатнинг мустаҳкам асосларидан биридир. Аммо «ҳакимлик» тушунчасининг экстремистик талқини замонавий сиёсий атама бўлиб, уни айрим экстремистик ҳаракатлар, жумладан;«Ихвонул-муслимин» ғоявий йўналишидаги қарашлар оммалаштирган.
Улар «Моида» сурасидаги оятлар ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларни такфир қилишга далил бўлмайди.
Аллоҳнинг ҳукмини инкор қилиш (жаҳд) билан гуноҳ ёки камчилик туфайли унга амал қилмаслик ўртасида катта фарқ бор.
Такфир қилиш масаласи ўта нозик бўлиб, унинг ҳукми ваколатли диний ва суд идоралари доирасида кўриб чиқилади.
Қонуний раҳбарга итоат қилиш жамият бирлиги, давлат барқарорлиги, дин, инсон ҳаёти ва умумий манфаатларни муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Экстремистик мафкура диний шиорларни сиёсий ҳокимият ва зўравонлик воситасига айлантиришга интилади.
«Ҳакимлик» тушунчасини тўғри англаш эса Қуръон ва Суннатни саҳиҳ тушуниш, уламоларнинг илмий меросига эргашиш, такфир ва исёндан сақланиш билан амалга ошади.
Ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу хаворижлар ҳақида айтган машҳур сўз бу масаланинг моҳиятини ифодалайди:«Ҳақ сўз айтилган, аммо у билан ботил мақсад кўзланган».
Бу ҳолат экстремистик ғояларнинг кўпчилигида кузатилади.
Аллоҳ таолодан бизларга фойдали илм, тинчлик ва омонлик ато этишини, уламоларимизни асрашини, юртимизга ва раҳбарларимизга янада кўпроқ тавфиқ ва барака насиб қилишини сўраймиз.
Аллоҳнинг салавоти ва саломи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли байтлари ва барча саҳобаларига бўлсин.
Қ.Машарипов
Урганч шаҳар “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби