Маълумки инсонда эътиқоди нотўғри бўлса унинг қилаётган ишлари ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган нарсага айланади.
Айнан соғлом диний ақида эса Алллоҳ таъолонинг розилигини топишга сабаб бўлади.
Эътиқоди бузулган инсон ўзи учун ҳақ деб билган нарсани кўр кўрона бажараверади.Шу билан биргаликда бузуқ ақидаси сабаб бошқаларга катта зиён ва захмат етказади.
Бир иморатнинг мустаҳкам бўлиши учун унинг пойдевори мустаҳкам бўлиши керак,йўқса шунча ҳаракат ва маблағ ҳеч нарсага арзимайдиган нарсага айланади ёки пойдевори мустаҳкам бўлмаган уйнинг қулаши кўпгина одамларнинг халокатига сабаб бўлгани каби эътиқоди бузуқ киши ҳам ўзи бошқаларнинг халокатига сабаб бўлиши мумкин.
Сўфи Аллоҳёр бобомиз айтганларидек:
Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса елдир.
Биз сизга англатмоқчи ва эхтиёт бўлишингиз учун огоҳ қилмоқчи бўлган тойифа, эътиқодида ноқислик ва бузуқлик бўлган гуруҳ “Ҳизбут-тахрир” ҳақида эди. Ўзларининг гўёки “Аллоҳнинг ҳизби”дея даво қилаётган бу гуруҳ аъзолари ўзлари даво қилаётгандек соф ақидадами ёки соф исломий ақидадан четланганми?
Бу гуруҳ аъзолари ҳудди ҳамма нарсада бошқалардан устун кўраётган шахс Набаҳоний оддий мактаб ўқитувчиси бўлган.Унинг тузган ҳизби барча Ислом олимлари тарафидан танқидга учраган.
Бу гуруҳнинг аъзоларига Қабр азобига эътиқод қилиш ҳаром саналади.Афтидан мўтабар ақида китобларида эътиқод қилиб ишониладиган нарсаларни бу гуруҳ раҳнамолари яхши билмайдиган кўринади.Қуйида эътиборингизга Қабр азобининг ҳақ эканлиги ҳақида келган далиллар билан танишамиз.
Мусулмон киши қабр ҳаёти ва азоби борлигига ишониши лозимдир. Дунё ва охират ўртасида бошқа бир ҳаёт бўлиб, у барзах ҳаёти, яъни, қабр ҳаётидир.
Қабр ҳаёти ўзига хос бир ҳаётки, у ҳар хил сир-асрорларга, ғаройиб воқеа-ҳодисаларга бой бўлиб, ҳали тириклардан бирон-бир кимса уни ўзида синаб кўрган эмас. Мусулмон киши қабр ҳаёти ҳақидаги маълумотларни Аллоҳнинг китоби ва охир замон Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан олиши керак. Бу далилларга сидқидилдан ишониб, қалби билан тасдиқ этиши зарур. Зеро, мўминларнинг сифатларидан бўлган ғайбга имон келтириш шундай бўлади.
Қабрдаги имтиҳондан ўта олмаган кимсалар, хабарларда келгани каби, то қиёмат кунигача қабр азобига гирифтор бўладилар. Қуръонда Фиръавн аҳлининг эртаю кеч оловга кўндаланг қилиниб туришлари хабар берилган:
Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади ва Фиръавн зодагонларини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!» (дейилур).(Ғофир сураси 45-46 оятлар)
Ушбу ояти каримадаги оловни муфассирлар қабр олови ва азоби дейишган. Чунки қиёмат кунининг азоби ояти кариманинг давомида алоҳида баён этилган. Яъни, Фиръавн аҳли қиёматгача қабрда азобланади, қиёматда эса ундан ҳам баттар азобга дучор бўлишади. Ўша кунда фаришталарга: “Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!” – дейилади.
Кўпчилик олимлар кофир ва баъзи гуноҳкор мўминлар қабрда азобланиши, итоаткор бандаларга қабрда роҳат борлиги ва Мункар–Накир саволга тутиши ҳақлиги борасида бир қанча далиллар келтирганлар.
Қабр азоби машруъ бўлиб, ақлга тўғри келадиган ишдир. Бунга сабаб ухлаган кишидан руҳ чиқади, бунга далил:
“Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур…” (Зумар42 –ояти)дир. Ухлаган киши уйқусида азобланади, роҳат топади, таълим олади, гапиради, кулади, йиғлайди ва эшитади. Чунки руҳ кишига муттасил бўлса, у хоҳ суяк, хоҳ гўшт, хоҳ тупроқ бўлсин, азоб чекади. Чунки тиш этга ёпишганлиги, руҳ эт воситасида тишга ёпишганлигидан (тиш) оғриқни ҳис этади.
Шунингдек, ушбу ояти каримада Фиръавн оиласи қиёмат қоим бўлишидан олдин олов азобига дучор бўлишлари зикр қилинмоқда. Бу эса, қабр азоби демакдир. Чунки қиёмат кунининг азоби оятнинг давомида алоҳида баён этилган.
Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Албатта, золим (кофир) бўлган кимсалар учун бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир. Лекин уларнинг аксарияти (буни) билмаслар» (Тур сураси, 47-оят).
Ушбу ояти каримадаги «….бундан (қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир….» маъноси ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У қабр азобидир», – деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар:
«Бавлдан (сийдик) сақланинглар. Чунки қабр азобининг барчаси шундандир». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “…Қабр жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзахнинг бир чуқурлигидир”. Имом Термизий ривояти.
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қабр азоби уч қисм бўлади. Учдан бири ғийбат, яна учдан бири чақимчилик ва яна учдан бири бавл (сақламаслик)дандир» Имом Байҳақий ривояти.
Юқорида айтилган далиллар қандай ўрин ва ҳолатда бўлса ҳам, қабр азобининг ҳақ эканига далолат қилади.
Қабр азоби ва неъмати ҳақ эканига иймон келтириш лозимлиги Аҳли сунна вал-жамоа иттифоқ қилган масала ҳисобланади. Қабр азобини инкор қилган кимсанинг ҳукми ҳақида икки хил қавл ривоят қилинган:
а) бундай кимса (маънавий) мутавотир хабарларни инкор қилгани учун кофир бўлади;
б) аҳли сунна вал-жамоадан чиққан бидъатчи ҳисобланади. Ушбу иккинчи фикр, уламолар наздида, мўътабар саналади.
Ҳизббут-тахрир гуруҳи ҳам уламоларнинг табири билан айтганда қабр азобини ва Дажжолнинг чиқишини инкор қилганлиги сабабли бидъатчи фосиқ гуруҳ ҳисобланади.
Қ.Искандаров
Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби