Она сути — гўдак учун энг азиз ризқ

       Она сути — табиат томонидан она ва фарзандга берилган энг буюк неъматлардан биридир. Дунёга келган ҳар бир гўдак учун она сути нафақат озуқа, балки меҳр, ғамхўрлик ва ҳаётнинг илк манбаи ҳисобланади. Она бағридаги меҳр билан бирга берилган бир томчи сутда бутун бир олам меҳр ва оқибат мужассам. Шу боис халқимиз азалдан она сутининг қадрини юксак баҳолаб, уни муқаддас неъмат сифатида эъзозлаб келган. Янги туғилган чақалоқ учун она сути энг табиий ва мос озуқа ҳисобланади. Унинг таркибида боланинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган кўплаб озиқ моддалар мавжуд. Айниқса, ҳаётнинг дастлабки ойларида она сути гўдакнинг эҳтиёжларига мос равишда уни озиқлантиришга хизмат қилади. Шу сабабли она сути билан озиқлантириш фарзанд саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Она сутининг яна бир муҳим фазилати шундаки, у гўдакнинг ҳимоя тизими ривожланишига ёрдам беради. Она сути таркибида болани турли инфекциялардан ҳимоя қилишда иштирок этувчи моддалар мавжуд. Бу эса чақалоқ организмининг ташқи муҳитга мослашиши ва соғлом ўсиши учун муҳимдир. Айниқса, ҳаётининг илк кунларида боланинг нозик организми учун она сутининг ўрни беқиёс.

Она сути нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам она ва фарзанд ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлайди. Эмизиш жараёнида она боласини бағрига босади, унинг кўзларига меҳр билан қарайди, силаб-эркалайди. Бу ҳолат гўдакда хотиржамлик ва хавфсизлик ҳиссини уйғотади. Она учун эса фарзандини бағрига босиб, унинг эҳтиёжини қондириш она бўлиш бахтининг энг гўзал лаҳзаларидан биридир. Халқимизда «Она сути билан кирган — жон билан чиқади» деган мазмунли қарашлар бор. Бу ибора она сутининг фарзанд тарбиясидаги маънавий аҳамиятини ҳам ифодалайди. Она меҳри, унинг дуоси, эътибори ва ғамхўрлиги фарзанд камолотига катта таъсир кўрсатади. Шунинг учун она сути ҳақида гап кетганда, биз фақат озиқланишни эмас, балки оналик меҳри ва масъулиятини ҳам назарда тутамиз.

Болани эмизиш она саломатлиги учун ҳам муайян фойдаларга эга. Эмизиш туғруқдан кейин организмнинг тикланиш жараёнига ёрдам беради ва она билан фарзанд ўртасидаги табиий яқинликни янада кучайтиради. Шу билан бирга, она ўз вақтида овқатланиши, етарлича дам олиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши муҳим. Она сутининг қадрини англаш, айниқса, ёш оналар учун жуда муҳим. Баъзан турли сабаблар туфайли она боласини эмизишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Бундай пайтда уни айблаш ёки руҳан тушириш эмас, балки қўллаб-қувватлаш, тўғри маслаҳат бериш ва зарур бўлса, тиббиёт ходимига мурожаат қилиш керак. Чунки онага кўрсатиладиган меҳр ва эътибор ҳам боланинг саломатлигига бевосита таъсир қилади.

Она сути билан озиқлантириш маданиятини шакллантиришда оила аъзоларининг ҳам ўрни катта. Айниқса, эр, қайнона-қайнота ва яқинлар ёш онани руҳан қўллаб-қувватлаши, унинг яхши дам олиши ва тўғри овқатланиши учун шароит яратиши лозим. Она ўзини хотиржам ва қадрланган ҳис қилса, боласига ҳам меҳр ва эътиборини янада яхши бера олади. Соғлом авлод — ҳар бир ота-онанинг, қолаверса, бутун жамиятнинг эзгу мақсадидир. Соғлом фарзанд эса оила бахти, юрт келажаги ва миллатнинг эртанги кунидир. Шу нуқтаи назардан қараганда, чақалоқни она сути билан озиқлантириш масаласи нафақат оилавий, балки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифадир. Она сути гўдакка бериладиган энг биринчи ва энг азиз ризқдир. Унинг қадрини ҳеч қандай сунъий маҳсулот, ҳеч қандай моддий бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Чунки она сути билан бирга фарзандга она меҳри, қалб ҳарорати ва беғубор муҳаббати ҳам улашилади.

Шунинг учун ҳар бир она фарзандининг илк кунлариданоқ унинг саломатлигига катта эътибор бериши, болани эмизиш масаласида мутахассислар тавсияларига амал қилиши муҳим. Оила аъзолари эса онани қўллаб-қувватлаб, унга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишлари зарур.
Она сути — гўдак учун энг азиз ризқ, она меҳрининг энг гўзал ифодаси ва соғлом авлод камолининг муҳим омилларидан биридир. Бир томчи она сутида ҳаёт, меҳр, умид ва келажак мужассам. Зеро, она қўлида улғайган, она меҳридан баҳраманд бўлган фарзанднинг қалбида меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва эзгулик туйғулари ҳам камол топади.
Она сути — онадан фарзандга берилган бебаҳо неъмат. Уни қадрлаш, асраш ва келажак авлод саломатлиги йўлида ундан оқилона фойдаланиш ҳар бир оиланинг эзгу вазифасидир.
Она сути — гўдак учун энг азиз ризқ, она меҳрининг энг самимий туҳфасидир!

Ф.Отажонова

ЎМИ Хоразм вилояти бош имом-хатибининг   

хотин- қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *