Инсон ҳаётида шундай неъматлар борки, уларнинг қийматини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Она меҳри, она дуоси ва она сути ана шундай бебаҳо неъматлардандир. Дунёга келган гўдак учун она сути нафақат озуқа, балки меҳр, эътибор ва ғамхўрликнинг энг табиий кўринишидир. Оналик — Яратган томонидан аёл зотига берилган улуғ масъулият. Фарзандни дунёга келтириш билан бирга, уни соғлом, одобли ва маънавияти юксак инсон қилиб тарбиялаш ҳам онанинг муқаддас бурчларидан биридир. Бу жараён эса боланинг илк кунларидан бошланади. Чақалоқнинг соғлом ўсиши ва ривожланишида она сути алоҳида аҳамият касб этади. Она сути табиат томонидан гўдак эҳтиёжларига мос равишда яратилган энг мақбул озуқа ҳисобланади. Унинг таркибида боланинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган кўплаб фойдали моддалар мавжуд. Энг муҳими, она сути гўдакнинг нозик организмини айрим касалликлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шу сабабли халқимиз азалдан она сутига алоҳида эҳтиром билан қараб келган.
Динимизда ҳам оналик ва фарзанд тарбиясига катта эътибор берилган. Қуръони каримда фарзандни эмизиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. «Бақара» сурасининг 233-оятида оналар болаларини икки тўлиқ йил эмизишлари ҳақида баён қилинган. Бу эса она сутининг фарзанд ҳаётидаги муҳим ўрнини яна бир бор кўрсатади. Отиноий сифатида аёллар билан суҳбатларимизда оналик масъулияти, фарзанд тарбияси, оиладаги меҳр-оқибат ва соғлом муҳит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳим, деб ҳисоблайман. Зеро, соғлом фарзанд — соғлом оиланинг, соғлом оила эса соғлом жамиятнинг асосидир.
Она ва фарзанд ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг илк кўринишларидан бири эмизиш жараёнидир. Она фарзандини бағрига босиб, уни меҳр билан эмизар экан, гўдак нафақат озуқа, балки хотиржамлик ва меҳр ҳам олади. Чақалоқ учун онасининг бағри, овози ва меҳри жуда муҳим. Эмизиш вақтида она ва бола ўртасидаги яқинлик янада мустаҳкамланади. Бу эса фарзанднинг руҳий хотиржамлиги ва она-бола муносабатларининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам она сути ҳақида гап кетганда, уни фақат озуқа сифатида тушуниш тўғри эмас. Она сути — она меҳрининг ҳам рамзидир.
Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бахтли ва комил инсон бўлиб улғайишини истайди. Бу эзгу ният амалий ҳаракатлар билан уйғун бўлсагина самара беради. Фарзанд саломатлигига эътибор уни дунёга келганидан кейин эмас, балки она ҳомиладор бўлган даврдан бошланиши керак. Она ўз саломатлигига эътиборли бўлиши, тўғри овқатланиши, шифокор тавсияларига амал қилиши ва руҳий хотиржамликни асраши муҳим. Туғруқдан кейин эса болани эмизиш масаласига жиддий муносабатда бўлиш зарур. Албатта, ҳар бир онанинг саломатлиги ва шароити турлича бўлади. Шу сабабли эмизиш билан боғлиқ масалаларда тиббиёт ходимлари тавсиясига амал қилиш энг тўғри йўлдир. Она сутининг аҳамиятини тушунтиришда оиладаги катта авлод ва яқинларнинг ҳам ўрни катта. Қайнона, она, опа-сингил ва бошқа яқинлар ёш онани қўллаб-қувватласа, унга руҳий далда берса, бу она ва бола учун яхши шароит яратилади. Фарзанд тарбияси фақат унинг қорнини тўйдириш ёки кийим-кечагини таъминлашдан иборат эмас. Боланинг қалбига меҳр, одоб, ҳалоллик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззат каби фазилатларни сингдириш ҳам муҳим вазифадир. Бола, энг аввало, ота-онасидан ўрнак олади. Она ўз муомаласи, сабри, меҳрибонлиги ва одоби билан фарзандига катта тарбиявий таъсир кўрсатади. Шунинг учун онанинг маънавий дунёси ҳам фарзанд тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Биз, отинойилар, аёллар билан суҳбатларимизда оналикни қадрлаш, оилада меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиш каби масалаларга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур. Зеро, бир оиладаги соғлом ва маънавий муҳит бутун жамият келажагига таъсир қилади. «Сармоя» деганда кўпинча моддий бойлик кўз олдимизга келади. Аслида эса фарзанд саломатлиги ва тарбиясига сарфланган меҳнат энг катта сармоядир. Чунки бу сармоянинг меваси бир кун келиб бутун жамиятда намоён бўлади. Соғлом бола — соғлом оиланинг асоси. Соғлом оила эса жамиятнинг мустаҳкам таянчидир. Демак, она сути билан бошланган ғамхўрлик аслида келажак авлод саломатлигига қўйилган дастлабки қадамдир. Фарзанднинг илк кунларида унга берилган эътибор, меҳр ва ғамхўрлик унинг кейинги ҳаётида ҳам ўз аксини топади. Шу боис ҳар бир она ўзининг оналик масъулиятини чуқур ҳис қилиши, фарзанди саломатлигига эътиборли бўлиши лозим.
Халқимизда «Она рози — Худо рози» деган пурмаъно ҳикмат бор. Она меҳри ва дуоси оила учун улкан маънавий кучдир. Она ўз фарзандини меҳр билан парвариш қилар экан, унинг ҳар бир ҳаракатида келажакка бўлган ишонч мужассам бўлади. Фарзандни эмизиш, уни бағрига босиш, аллалаш, яхши сўзлар билан эркалаш — буларнинг барчаси оналик меҳрининг турли ифодаларидир. Болаликда олинган ана шу меҳр ва эътибор инсоннинг бутун ҳаёти давомида унинг қалбида эзгу туйғуларни шакллантириши мумкин. Шунинг учун оилаларимизда онани қадрлаш, ёш оналарни қўллаб-қувватлаш, уларга фарзанд тарбиясида ёрдам бериш ва оилада соғлом маънавий муҳит яратишга интилишимиз керак. Бугун биз соғлом авлод ҳақида кўп гапирамиз. Соғлом авлодни тарбиялаш катта мақсадлардангина эмас, балки оддий ва муҳим қадамлардан бошланади. Ана шу қадамларнинг бири — гўдакни она сути билан озиқлантиришга масъулият билан ёндашишдир. Она сути — табиатнинг онага берган бебаҳо неъмати. Унда озуқа билан бирга она меҳри, эътибори ва ғамхўрлиги ҳам мужассам. Шу боис она сутига эътибор — фарзанд саломатлигига, фарзанд саломатлиги эса келажак авлодга бўлган эътибордир. Ҳар бир она фарзандини соғлом ва бахтли кўришни истайди. Бу эзгу орзу йўлида оила аъзолари, тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари ва отинойилар биргаликда ҳаракат қилса, албатта, самараси юқори бўлади. Зеро, она сути — нафақат гўдак учун озуқа, балки соғлом авлод сари қўйилган муҳим қадамдир. Соғлом она — соғлом фарзанднинг, соғлом фарзанд эса юртнинг буюк келажагидир.
М.Атажонова
Боғот туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари